Юзма-юз 759 14.05.2019 13:30:47

Муртад аёл онасининг фарёди

Муртад аёл онасининг фарёди

Кўча кўйда, хиёбон ва паркларда, хилват манзилларда ёхуд сокин табиат қўйнида сайр қилиб юрган, атрофидаги инсонларга бефарқ бўлмай, уларни зимдан кузатаётган, йўловчиларни мулозамат ила тўхтатиб, суҳбатга солиб, қулларидаги аллақандай қоғозларни тарғиб қилаётган, бепул тарқатаётган кекса ёшли онахонлару, ўрта ёшли опалар бир қарашда беозор кўринади. Тўғрида, улар бировни улдирмаётган, жароҳат етказмаётган, жамиятга бирор бир жиддий хавф солмаётган бўлса… Улар сиз билан, ҳаётингиз билан қизиқади, сизни бахтга элтувчи манзил сари чорлайди. Бу йўлда ўзининг беминнат ёрдамини таклиф этади. Бироқ улар кўрсатган «бахтга элтувчи» йўл манзилида қаҳрамонимиз бахт топмади. Аксинча, узоқ кутган, тилаб олган бахтини йўқотди.

«Тангрининг хоҳиши экан, фарзандли бўлиш насиб этмади. Бепушт аёл билан яшашни эса умр йўлдошим истамади», - дея суҳбатни бошлади қаҳрамоним. «Ўзим она бўла олмасамда, қалбимда оналик меҳри уммон эди. Шу сабабми ёки эртага қариганда суянчим, таянчим бўлади дебми болалар уйидан фарзанд асраб олдим. Ёлғиз аёл бошим билан тарбиялаб, бутун меҳру, эътиборимни унга бердим. Зиёли бўлганим, илмнинг қадрини билганим сабаб қизимнинг зеҳнини ўстиришга, дунёқарашини кенгайтиришга тиришдим. Қизим эртага олима бўлади, илмий журналларнинг муқовасини безайди, деган хаёллар билан ҳаракат қилавердим, қилавердим. Меҳнатим нишона бера бошлади: қизим ўрта мактабни, институтнинг бакалавриат босқичини аъло баҳолар билан тугатди. Завққа тўлдим. У олима бўлиши керак деган уйда магистратура босқичининг тўлов-контракт пулини пенсионер ҳолимда ҳам тўлайман дедим астойдил. 27 ёшида инглиз, рус тилларини мукаммал ўрганган, илми сабаб дунё кезган, илмий раҳбарининг ишонган шогирдларидан бири бўлган, ислом динидан бохабар: беш вақт намоз-у, рўзаларни канда қилмайдиган кўпчилик «идеал қиз» деб биладиганнинг онаси эдим. Бироқ…

Қизимнинг туғилган куни. Ўртоқлари, дўстлари чақирилган… уйга келсам, на дастурхон ёзилган ва на байрам килиняпти. Дўстларидан бири менга: «Буларда туғилган кун нишонланмас экан», - деди. Булар? Ким улар?»
Улар туғилган кун, умуман байрамларни нишонламайдиган, қўни-қўшни билан дўст тутиниш таъқиқланган, спорт билан шуғулланиш, давлат рамзларига ҳурмат кўрсатиш маън этилган, мотам либосини кийиш, жанозада қатнашиш гуноҳ саналган ва яна қатор кулгили «мумкин эмас»ларга амал қилувчи ИЕГОВА ШОҲИДЛАРИдир.

Қанақасига бундай бўлди, наҳот ҳеч нарсани сезмадингиз, олдини олиш учун ҳаракат қилмадингизми суҳбатдошни саволларга кўмаман: «Синглим инсульт бўлиб, ётиб қолди. Турмуш уртоғи қарамади. Беморга қараб туриш учун энага ёлладик. Биз ишонган энага эса иегова шоҳидларидан экан. Хонадонимизга энага қиёфасида кирган иегова шоҳиди аста-секин бу тўрга қизимни илинтирган экан. Фаолияти инсон руҳиятидаги бўшлиқларни аниқлаб, унга таъсир этиш, одамларни қарам этиш булган таълимот таъсирида қисқа вақт ичида қизим буткул ўзгариб кетди. Онаси бўла туриб уни танимай қолдим. Ислом динини танқид қила бошлади. Пайғамбаримиз(с.а.в.)ни ҳақорат қилишга ўтди. Ислом дини моҳиятини яхши биладиган, Қуръон билан обдон танишган отинлар суҳбатига олиб бордим. Қизимнинг жавоби эса ўзгармади: «Мен тўғри йўлдаман. Ҳақ диндаман. Сафимиз 9 млнга етган. Яқинда бутун дунё қаторимизга қўшилади». Тошдек қотдим.

Ундай қизим йўқ менинг, оқ қиламан сени… бу сўзлар қандай чиқди оғзимдан билмай қолдим. Унинг жавоби эса мени тамом қилди: «Қилаверинг, бизда оқ қилиш деган нарса йўқ!».

Шундан сўнг соғлигим ёмонлашди, инфарктни бошдан ўтказдим. Оёқ-қўлларим титрайди. Умримнинг гуллаган даврини унга бағишладим, ўзим дунёга келтирмаган бўлсамда, ўзимнинг зуриётимдек кўрдим. Улганимдан сўнг ҳаққимга бир оғиз тиловат килиб, руҳимни шод этмайдиган фарзанд, фарзандми?! Яқинларим йўқлаб келганда, уларга пешвоз чиқмайдиган фарзанд, фарзандми, айтинг?!

Мен буни дин демайман. Бу шайтанат дунёси. Ўзим ўзимда синаб кўриб келдим бу хулосага. Ота-онаси, яқинлари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнисидан воз кечган, ҳаёт лаззатларини бегона билган, жанозани тан олмайдиган, маййитни дафн этиш ўрнига ўлигимни итларга ташла дейдиганларни тўғри йўлда деб буладими?! Уларнинг динини дин деб бўладими?!»

СУҲБАТНИ БАТАФСИЛ ТОМОША ҚИЛИНГ:


Мавзуга оид