Юзма-юз 2570 13.05.2019 11:20:08

Луиза Мўминжонова: Ҳуқуқлари бузилган юзлаб талаба академияда қолди...

Луиза Мўминжонова: Ҳуқуқлари бузилган юзлаб талаба академияда  қолди...

Халқаро Ислом академияси 2018 йилнинг сентябрь ойидан форма талабларини жорий қилиши ортидан рўмол ўраган талаба қизларни ўқишга киритмай қўйди. Ўшанда аксарият қиз ё рўмолини ечган, ёки бошига парик тақишга мажбур бўлган. Бундай чораларга қарши чиққан ўқувчи-қизлар талабалар сафидан четлаштирилди. Шулардан бири — Луиза Мўминжонова.

У рўмол ўрашнинг тақиқланишини виждон ва эътиқод эркинлигини чеклаш деб баҳолайди. Луиза ўз ҳуқуқи учун курашишга аҳд қилиб, судга мурожаат қилади. Бироқ қуйи ва ўрта инстанциялар унинг зиёнига қарор чиқаради. Ҳозиргача чўзилиб келаётган мазкур масала бўйича сўнгги сўзни Олий суд айтиши кутилмоқда.

Биз Луиза Мўминжонова билан суҳбатлашиб, мазкур ҳолатлар билан қизиқдик. У воқеалар нимадан бошлангани ҳақида батафсил сўзлаб берди.

— Ўтган йили Ислом академиясининг “Зиёрат туризми” йўналиши бўйича гранд асосида ўқишга қабул қилинган эдим. Худди шу пайтда қизларни рўмоллари билан ўқишга киргизишмади. Ётоқхонадаги қизлар рўмолларини ечишмагани учун, уларни ўқишдан четлаштиришди. Юздан зиёд қиз рўмол ўраб юрарди. Ўқишнинг илк кунларида ҳар куни мажлис бўларди. Мавзу — рўмол ҳақида. Ўқишга киритишмагач, Хоразмга уйимга қайтиб кетганман.

Кейинчалик маълум бўлдики, мени ўқишдан четлаштиришибди. Аслида, рўмол учун ўқишдан ҳайдашган эди, лекин буйруқда дарс қолдирган деган важни келтиришган. Бундан қаттиқ таажжубланиб, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судига мурожаат қилдик. Лекин якуни ижобий бўлмади. Шундан сўнг, шаҳар судига бордик. Ундан ҳам кўнгилдагидай натижа чиқмади. Айни дамда ишни Олий судга кўриб чиқмоқда.

Биринчи суд жараёнида биз келтирган материаллар кўриб чиқилмади, аксинча, Академия тақдим қилган материаллар ўрганилди. Шаҳар суди эса бирмунча фарқли – шаффоф тарзда ўтди. Бироқ қарор... Қарор билан судьянинг айтганларида мутаносиблик йўқ эди.
fc9d1fe3443595165f03ef26e325df8e.jpg Талабага қарши босим бўлганми?
Ўқишга киргач, ётоқхонага жойлашган эдим. Дастлабки кунларнинг бирида бу ерга келишиб, “рўмолли қизлар, эртадан ўқишга рўмолсиз чиқинглар”, дейишди. Бу ўта ҳайратланарли ҳолат эди. Чунки академияга ҳужжат топширганда ҳам, имтиҳон вақтида ҳам рўмол ҳақида ҳеч нарса дейилмаган эди. Ўқишнинг дастлабки куни — 5 сентябрда рўмолли қизларни ўқишга қўйишмади. Мажлис кетидан мажлис бўлаверди. Уларда психологиянгиздан келиб чиққан ҳолда суҳбат қилишарди. Масалан, ота-онам ажрашишгани боис, улар шу томондан гапиришарди: “Ойинг сен учун қанча ҳаракат қиляпти, ўқишдан ҳайдалсанг, улар қандай аҳволга тушади?” деган маънода.

Ислом Академиясининг ички қоидасида бош кийим тақиқлангани ҳақида ёзилган эди. Қизларнинг ўзи бунга гувоҳ бўлишди. Кейинчалик бунга ўзгартириш киритилди. Лекин судда буни тан олишмади. Ҳозир Академиянинг ички қоидаларига ўзгартиришлар киртилди. Яъни, қизлар адрас рўмолда бўлиши, уни ҳам бўйинларининг орқа томонидан ўрашлари керак бўлади. Лекин бу Ислом ақидасига зид ҳолатдир, — дейди суҳбатдошимиз.

Хўш, бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Луизага нисбатан муносабатлар қандай тусга кирди? Кимларнинг муносабати ўзгарди, яна кимларники ўзгармади?
— Бу жараёнларда кўпчилик мени қўллаб-қувватлади. Фақат динга маҳкам бўлганлар эмас, ўзини феминист деб ҳисоблайдиган аёллар ҳам қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишди. Умуман, эркин фикри бор инсон, менга нисбатан хайрихоҳ бўлди. Бу ишларни қилаётган одамлар иғвогар бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Чунки суд жараёнида ҳам шунга дуч келдик. Рўмол масаласи ва шу каби мавзуларга президент Шавкат Мирзиёевнинг алоқаси йўқ, деб биламан. У киши ҳатто, бу воқеалардан бехабар ҳам бўлиши мумкин. Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун очиқлик, шаффофлик, эркин фикрлашни тўлиқ таъминлаш керак. Битта мисол: Академияга қайсидир мусулмон диёридан сайёҳлар келганда, у ерда ўқиётган қизларга рўмол ўрашга рухсат беришган. Луиза Мўминжонова билан бўлиб ўтган суҳбатимизда унинг қизиқишлари, орзу-умидлари, режалари, қизларнинг илм олиш масаласи, хорижга чиқиш-чиқмаслиги ва бошқа мавзуларда фикр алмашдик.

Журналист Хуршид Далиев суҳбатлашди



Луиза рўмоли ечилган талаба

Мавзуга оид