Юзма-юз 2696 04.04.2019 08:38:09

Фақат пули бор хорижга ишга кетадими?

Фақат пули бор хорижга ишга кетадими?

Халқаро миграция ташкилотининг 2018 йил бўйича берган маълумотига кўра, ҳозирда дунёда муҳожирлар сони 244 миллион нафардан ортади. Бу эса дунё аҳолисининг 3,3 фоизи демакдир. Уларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирлари бўлиб, кўп ҳолларда юқори маош олиш ва шу билан ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларга бориб жойлашишади. Асосий миграция ички, яъни мамлакат ичида ҳудуддан-ҳудудга кўчиш сабабидан юзага келсада, ҳозирга келиб турли ташқи омиллар таъсирида ташқи миграция ҳам жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Шуни айтиб ўтиш ўринлики, 2018 йилда муҳожирларнинг бир давлатдан бошқа давлатга кўчиш суръати олдинги йилларга нисбатан рекорд даражада ўсган ва бу кўрсаткич янада илдамлашда давом этмоқда. Бундай ўсиш даражаси Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир. Боз устига йил якунида юртимизда меҳнат миграцияси хизматининг хусусий секторга берилиши ушбу соҳа ривожида катта қадам бўлди. Юртдошларимизни қизиқтирган айрим саволларга Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев жавоб берди.

— Шоҳнур ака, айтинг-чи, нима учун одамларнинг ташқи меҳнат миграцияси хизматини тақдим этадиган агентликларга ишончи паст?
— Биласизми, миграция жараёни узоқ ўтмишдан мавжуд. Одамлар яхши шароит ёки имкониятга эга бўлиш илинжида доимий равишда кўчиб юради ва бу жараён ҳозир ҳам, келгусида ҳам давом этаверади. Ўз навбатида, миграцияни тартибга солиш мумкин, лекин уни тўхтатиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон фуқаролари ҳам миграция фаолиятига анчадан буён қизиқиб келган. Тўғри, бу борада аҳолида қандайдир шубҳа-гумонлар бор. Бунинг сабаби тан олишимиз керакки, мамлакатимизда мазкур йўналишда йиллар давомида йиғилиб қолган камчиликларга бориб тақалади. Янаям аниқроқ айтсак, ижтимоий тармоқларда, кўча-кўйда, давраларда ва ҳоказоларда эшитамиз, ўқиб қоламиз: қайсидир фуқаро ёки фирма миграция хизматини фалон пулга, керак бўлса фалон минг АҚШ долларига таклиф этади. Қоп-қоп ваъдаларни беради. Бироқ охир-оқибатда ўша ташкилот ёки шахс фирибгар экани ойдинлашади. Унга ишонганлар эса қанчадан-қанча маблағини ва вақтини йўқотади. Хуллас, куйиб қолади. Бундай ҳолат табиийки, ҳар қандай кишида миграция хизмати ташкилотларига, ҳатто, давлат секторига нисбатан ишончсизликни янада оширади.

Шуни инобатга олсак, айни пайтда хусусий агентликлар олдида нақадар оғир ва масъулиятли вазифа тураётганини англаш қийин эмас. Вазиятнинг ўзиёқ буни эслатиб, кўрсатиб турибди. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда, сайтимиз, электрон почтамизга жуда кўп саволлар келди. Бевосита агентлигимизга ташриф буюрган одамларнинг ўзида ҳам савол оз бўлмади. Танқидлар ҳам эшитдик. Бир томондан, инсонларнинг, умуман мурожаатчиларнинг бизга бефарқ эмаслиги кишини хурсанд этса, иккинчи тарафдан уларнинг шу даражагача “куйиб” қолгани хафа қилади. Шундай экан, олдимизда турган асосий масала одамларнинг фикрини ўзгартириш, бизга бўлган ишончини қайтаришдан иборат. Инсон ўзига кўрсатилаётган хизматдан у қандай соҳа бўлишидан қатъи назар, рози ва миннатдор бўлсагина ишонч тушунчаси мустаҳкамланади. Бунга эришиш учун эса биз одамларга тезкор, сифатли ва энг муҳими, кафолатланган хизмат кўрсатишимиз шарт. Шу боис, меҳнат миграциясига ўта жиддий, масъулият билан қараш талаб этилади.

Бугунги кунда давлатимиз ушбу масалада хусусий секторга кенг йўл очиб берди. Бундай ҳолат ҳали тарихда кузатилмаган. Ҳатто МДҲнинг айрим давлатларида ҳам бундай хизмат тури мавжуд эмас. Энди бу хизмат тури билан ким шуғулланиши мумкин? Албатта, фаолиятини қонуний амалга ошираман деган, иши давомида йўл қўйиши мумкин бўлган хатоси учун қонун олдида жавоб беришга тайёр, шунинг масъулияти ва жавобгарлигини тўла ҳис этадиган тадбиркоргина машғул бўла олади.
human-bino.jpg
Таъкидлаш жоизки, хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Мулкчилик шакли ҳам аҳамиятсиз. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳужжатлар тақдим этилганда (онлайн тарзда) у бир-икки кунда хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади. Аммо хусусий бандлик агентлиги ташкил этилди дегани, одамларни хорижга ишга жойлаштиришга рухсат берилишини англатмайди. Тўғри, иш масаласи хусусий бандлик агентлиги ваколатига киради. Фақат у республикамиз бўйлаб амал қилади. Хусусий агентлик фуқарога хорижда меҳнат қилишини таъминлаши учун эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тақдим этилган лицензияга эга бўлиши керак. Бундай агентликка мурожаат этган шахс қонунда белгиланган тартибда ўша ташкилотнинг лицензияси бор ёки йўқлиги, лицензиядан нусха олиши, керак бўлса унинг ҳақиқийлигини тегишли органга тақдим этиб, текшириш ҳуқуқига эга. Буни фуқаролар бирор алдовга, фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслиги учун айтяпман.

Яна бир муҳим жиҳат. Иш билан таъминлаш муҳим масала бўлса, ўша фуқаронинг ижтимоий ҳимоясини ҳам таъминлаш янада долзарб. Шунинг учун иш таклиф этилаётган пайтда фуқаро бу томонларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги зарур. Яъни, у ўзининг ижтимоий кафолатланганлик даражаси, суғуртаси, ётоқхона масаласи, хизмат мажбуриятларига нималар кириши, бораётган давлатидаги об-ҳаво фуқаро соғлиғига тўғри келиш-келмаслиги ва ҳоказо маълумотлар ҳақида маълумотга эга бўлиш керак. Боиси, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, одамларни энг аввало, бормоқчи бўлган давлатидаги иш ҳақининг миқдори қизиқтиради. Лекин ижтимоий зарари юқори бўлиши мумкинлиги асло ўйлантирмайди. Буни ҳам очиқ-ойдин айтиш керак. Айтайлик, маош каттадир, бироқ ҳеч қандай тураржой, озиқ-овқат ёки тиббий хизмат билан таъминлаш кўзда тутилмаган. Демак, ижтимоий пакет йўқми, бу ўз-ўзидан фуқарони қийин аҳволга солиб қўйиши ҳечгап мас. Чунки биласиз, айниқса Европа давлатларида мен санаб ўтган нарсалар нархи жуда баланд. Ўз-ўзидан фуқаронинг олаётган яхши пули мана шу харажатларни ҳам қоплаши эвазига у қадар кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Албатта, бу гаплар шунчаки тавсия характерига эга. Бу билан кимгадир ақл ўргатаётганим йўқ.

Маълумки, ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги давлат ташкилоти ҳисобланади. У Корея Республикаси билан меморандум имзолаган. Ҳужжатга мувофиқ, ушбу давлатга ишга кетиш истагидаги фуқароларимиз бир нечта босқичдан ўтиши лозим. Талабгорлар танлов йўли билан аниқланади. Хусусий бандлик агентлигида эса ҳаммаси оддий: фуқаро кўрсатилаётган хизмат учун муайян миқдордаги маблағни тўлайди, тамом. Шу орқали бундай турдаги агентлик моддий даромад кўради. Шуни инобатга олсак, унга худди ташқи меҳнат миграциясидаги каби муддат, қандайдир босқичлардан ўтиш талабини қўйиш тўғри келмайди. Биз талабгорга унга қўйилган бўш иш ўрнига ёки лавозимга тўғри келиш талабларини мувофиқлаштирамиз. Вазифамиз шу.

Агар мазкур жараёнда фуқарода ўша лавозимга салоҳияти ва имконияти бор бўлса-ю, аммо чет тилини билмаса, биз ўзимиз уни ўқитамиз. Ёки бунинг акси бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда ҳам амалий ёрдам кўрсата оламиз. Албатта бу маълум бир вақтни талаб этади. Ахир миграция бу — бир-икки кунда битадиган жараён эмас. Тайёрлов давомида фуқаро жўнаб кетадиган давлати ҳақида максимал маълумотга эга бўлиши муҳим. Айниқса, хорижий тилни билиши жуда долзарб. Айни пайтда инглиз тили энг оммалашгани боис, уни камида икки ой қунт билан шуғулланса, базавий билим шаклланади.

Иш берувчи ишга талабгордан қўшимча равишда унинг саломатлиги хусусида тиббий маълумотнома ҳам талаб қилиши мумкин. Бу амалиётда бор. Шунинг учун биз ҳам фуқаролардан уларнинг соғломлиги хусусида белгиланган тартибда тери-таносил, ОИТС, руҳий касалликлар шифохонасидан маълумотнома тақдим этишларини сўраймиз. Уларга бу борада янада қулайлик яратиш мақсадида пойтахтимиздаги етакчи клиникалар билан яқиндай ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу — фуқароларимиз ортиқча сарсону овора бўлмаслиги, қимматли вақтини йўқотмаслиги учун қилинган. Баъзан эса иш берувчиларнинг ўзи фуқароларимизни тиббий кўрикдан ўтказади.

— Яна бир савол. Ташқи меҳнат миграцияси ёки хусусий агентлик орқали хорижга ишга кетгандан сўнг, ушбу ташкилотлар фуқаро олаётган маошнинг маълум бир миқдорини ойма-ой ушлаб қолади, деган гап бор. Бу қанчалик даражада тўғри? Мазкур ҳолат ҳуқуқий асосга эгами?
— Ўзим билган маълумотларга асосланиб, фикр билдирсам. Бу қандайдир ҳуқуқий баҳо бериш учун эмас, албатта. Масалан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасидаги меҳнат муҳожирларимиздан ушлаб қолинадиган сумма ижтимоий ажратма сифатида йиғиб борилади. Фуқаро ушбу давлатда меҳнат фаолиятни якунлагач, бу маблағ унга қайтариб берилади. Хусусий бандлик агентликларига келсак, бундай ҳолат агентликнинг фаолият стратегиясидан келиб чиқади. Қайсидири хизмати учун бир марталик йиғим олади холос, бошқаси ойлигидан ундиради. Бу хусусий бандлик агенликлигининг мустақил сиёсатидир. Очиғини айтсам, бизнинг агентлик ҳам шу йил биринчи ярим йиллигидан бошлаб фуқародан ойлик йиғим тизимига ўтиши режалаштирилган. Нима учун? Аслида бу қулай, фуқаро учун енгилик яратади. Чунки биз меҳнат мигрантини хорижга юбориш вақтида ундан ҳеч қандай хизмат ҳақи олмаймиз. Фақат бунинг эвазига у ердаги меҳнат фаолияти давомида қанчадир қисмини ушлаб қоламиз. Бунинг ҳам икки хил йўли бор. Мисол учун, айрим хусусий бандлик агентликлари фуқародан у неча йил ишласа, шунча давр мобайнида ойлигидан фоиз ушлаб қолади. Биз эса бутунлай бошқача тизимда буни амалга ошириш ниятидамиз. Аниқроқ айтсам, хизмат ҳақи суммасини фуқарога ўзи истаган муддат давомида, дейлик, бир ёки икки йилда ёпиш имкониятини тақдим этамиз. Бўлди, шу билан фуқародан ҳеч қандай тўлов олинмайди. Бундан кўзланган мақсад битта —юқорида айтганимдай, одамларга енгиллик яратиш. Негаки, одамлар мурожаатларида, билидрилаётган муносабатларида ҳали-ҳануз “Нима, фақат пули бор ишлайдими” қабилидаги эътирозлар бор. Моддий имкони бор ишлаш керак, деган тушунча мутлақо нотўғри. Биз шунга барҳам беришимиз керак. Фақат бунга эришиш учун бизга озроқ вақт, имконият керак. Соҳани тизимли равишда йўлга қўйсак, бундан ҳамма бирдек ютади.


Меҳнат миграцияси Human хусусий бандлик агентлиги

Мавзуга оид