Юзма-юз 1873 02.05.2019 12:36:21

Женнифер Муртазашвили: Ш.Мирзиёев ислоҳотчи, аммо...

Женнифер Муртазашвили: Ш.Мирзиёев ислоҳотчи, аммо...

"Юзма-юз" лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Женнифер Муртазашвили – Питтсбург университети халқаро ривожланиш дастури жамоатчилик ва халқаро алоқалар Олий мактабининг директори. Унинг тадқиқотларида Марказий ва Жанубий Осиёдаги бошқарув, хавфсизлик ҳамда ривожланиш масалалари акс этади. Муртазашвили 1997 йилда Джорджтаун университетида бакалавр даражасига, 2006 йилда Висконсин-Мэдисон университетида қишлоқ хўжалиги ва амалий иқтисодиёт йўналиши бўйича магистр даражасига эришди. 2009 йилда фалсафа фанлари доктори даражасини олган. 5 йил давомида Марказий Осиё мамлакатларида истиқомат қилиб, сиёсатга оид тадқиқотлар олиб борган. Журналист Хуршид Далиев мутахассис билан суҳбатда бўлди.

- 15 йил аввал ва ҳозир: инсон ҳуқуқлари, муаммолари қай даражада ўз ечимини топган ва топмоқда?
- Бундан 15 йил аввал инсон ҳуқуқлари  билан боғлиқ вазият жуда мураккаб эди. Мазкур соҳада фаолият юритган инсон сифатида айтаман, инсон ҳуқуқлари билан машғул ташкилотларга 15 йил аввал осон эмас эди. Бухоролик Шуҳрат Ғаниевни биласиз, унинг фаолияти мураккаб паллага тўғри келган эди. Бугунга келиб эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилуви ташкилотлар ҳукумат билан мажбурий меҳнат, болалар меҳнати каби масалаларда шерикликда ишлаяпти. Бу мен учун қувонарли. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилотларнинг ҳукумат билан шерикликда ишлашига гувоҳ бўламан, деб ўйламаган эдим. Бу мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги жуда, жуда катта қадам.  Бироқ барчаси аъло дейиш тўғри бўлмайди. Сабаби, мазкур йўналишда ўзгаришлар тезлик билан содир бўлмайди. Бу узоқ вақтни талаб қиладиган жараён. 

- Сиз Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг сиёсатига қандай баҳо берасиз?
-  Мирзиёев катта ислоҳотларга қўл урди. Улар жамиятнинг турли соҳаларига алоқадор: иқтисодиёт дейсизми, инсон ҳуқуқларими, таълим ҳамда меҳнатга оид янгиликларгача бор... Ислоҳотлар жадаллик билан амалга ошириляпти. Ва шуни айтиш керакки, улар бир бирини тўлдиряпти. Мисол учун, иқтисодиётдаги ислоҳотлар демократия ҳамда фуқароларнинг ҳукуматдаги иштирокини таъминлайди. Ш.Мирзиёевнинг ўзи ҳокимларнинг тайинланиши эмас, сайланишининг аҳамияти ҳақида гапирган. Май ойининг охирида ўтказилиши режалаштирилган Маҳалла раислари сайлови дастлабки очиқ тарздаги жараён бўлиши кутиляпти. Декабр ойида парламентга сайловлар ўтказилади. Биласизми, бу каби жараёнлар яхши. Сабаби, фуқароларга овоз бериш имконияти берилади ва шу тариқа ҳукумат шаклланади. Агарда жараён очиқ, ошкора тарзда амалга оширилса, бу давлат учун катта плюс бўлади. 

- Нима деб ўйлайсиз. Ш.Мирзиёев Ўзбекистонни ўзгартира олдими?
- Ўзгаришларни Ўзбекистон фуқаролари амалга оширади. Президент эса уларга бунинг учун имкон яратади. Аҳолиинг бир фоизи катта ўзгаришларга учради. Улар аввал берилмаган имкониятларга эга бўлишди. Жавобим эса: ҳа, Мирзиёев Ўзбекистонни ўзгартира олди. Қувонарлиси, бу яхши ўзгаришлар. 

- Айтингчи Женнифер, мустақил Ўзбекистон азалдан Россия федерацияси учун ҳам АҚШ учун ҳам муҳим давлат ҳисобланади. Уларнинг ҳар иккиси бу юрт билан қизиқади. Сизнингча, Ўзбекистон ҳозирда улар билан қандай муносабатда?
- Фикримча, айни вазиятда Ўзбекистон жуда ақлли қарорни қабул қилди. Хоҳ Россия, хоҳ АҚШ, хоҳ Хитой ва ёки Афғонистон бўлсин, улар билан ҳамкорликнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Ўзбекистон ўрганаётган, ўрнак олаётган, ҳамкорликда ишлаётган давлатлар талайгина. Турли моделлар тажрибасини ўрганиш учун йўл очиш, инвестиция келтирадиган имтиёзлар учун эшикларни очиш... фикримча, бу оқилона сиёсат. 

- Ривожланиш йўлидаги катта муаммолардан бири бу - коррупция. Ўзбекистонда унга қарши олиб борилаётган курашга қандай баҳо берасиз?
- Бу ўта жиддий муаммо. Нафақат Ўзбекистон балки жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига тегишли у. Амалиётда мавжуд қонунлар-у, қоғоздаги қоидалар ўртасидаги тафовут бу - коррупция. Бўшлиқ қанчалар катта бўлса, коррупция ҳам шунчалик бўлади. Ўзбекистон коррупцияга қарши курашяпти. Шу ўрнида ОАВ ўрнини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Ўзбекистондаги ўзим гувоҳ бўлиб турган катта ўзгаришни сизга айтсам: ҳозир ҳаммада смартфон бор. Исталган одам видеога олиши мумкин. Дейлик, милиция ходими кимдандир пул сўраяпти. Автомобиллардаги камералар бу ноқонуний ҳаракатни видеога муҳрлаши мумкин. Шу сабабдан юртингизда бу турдаги коррупциянинг нисбатан пасайганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бир неча йиллар олдин ЙПХ ходими бемалол автомобилни тўхтатиб пул олавериши одат эди. Ўйлашимча, юртингиз мазкур йўналишда анча-мунча прогрессга эришди. Бироқ коррупциянинг бошқа биз кўра олмайдиган, гувоҳ бўла олмайдиган кўринишлари ҳам бор. Масалан, юқори лавозимни эгаллаётган мансабдорлар. Агарда ҳукумат фаолиятининг шаффофлиги таъминланса, бу турдаги коррупциянинг олди олинарди. Президент судлар фаолиятини ислоҳ қилишга, жавобгарликни кучайтиришга оид ҳаракатларни амалга оширяпти. Бироқ булар кам. Фикримча, энг мақбул йўл қоғоздаги ҳамда амалиётдаги қонун-қоидалар ўртасидаги тафовутни камайтириш керак.9N2A7837.JPG - Ш.Мирзиёев ислоҳотлар қиляпти. У янгича сиёсат олиб боряпти. Мансабдорлар ҳам шунга мутаносиб равишда ишлаяптими, сизнингча?
- Президент Мирзиёев Тошкентдаги ҳукумат вакиллари қаторини янги кадрлар билан тўлдиряпти: янги юзлар, ёш мутахассислар... Айнан улар янги фикрлар, янги ташаббуслар, янги технолгияларни олиб келади. Бироқ вилоятлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Ҳудудларда эскича тизим ҳали-ҳануз амалда: янги юзлар деярли кўринмайди. Улар Тошкент томонидан тайинланади, аксарият ҳолатда Тошкентдагиларнинг буйруғини кутади. Мисол келтираман: яқиндагина Фарғона водийсида фаолият кўрсатувчи ҳокимият вакили билан гаплашиб қолдим. Унинг сўзларини келтираман: “Давлатимиз раҳбари ажойиб. Биз уни яхши кўрамиз. У бизга атрофингиздаги муаммоларни айтинг, жим ўтирманг дейди. Биринчи президент даврида муаммоларни яширишни, одамларга кўрсатмаслик буюриларди. Бизга ҳозир жуда қийин. Биринчидан, шу пайтгача муаммоларни айтишни ўрганмаганмиз. Барча муаммоларни айтаверсак, эртага бўшатилиб кетмаймизми деб қўрқамиз. Эртага ишсиз қолиб кетмаймизми?! Қандай ўзгаришлар бўлишини, бизни нималар кутаётганини билмаймиз. Шундан қўрқамиз”.  Менимча, маҳаллий мансабдорлар халққа ён босиши керак. Халқ эса ҳоким ким, ҳокимият вакиллари қандай одамлар билиши керак. Айни фикрлар Тошкентда ўзини оқлади. Энди уни ҳудудларга қўллаш вақти келди. 

- Одамларимиз ҳақида сўрамоқчиман. Ўзбекистон халқи 15 йил аввал сиёсатга қандай муносабатда эди ва ҳозир қандай?
-  Фикримча, инсонлар ислоҳотларни яхши қабул қиляпти. Бироқ барчаси жуда секинлик билан амалга ошяпти, ҳукумат фақатгина ваъдабозлик билан шуғулланяпти деган кайфиятни ҳам сезяпман. Бузилаётган уй-жойлар(снос)ларни назарда тутяпман. Айни йўналишда одамлар ҳукуматнинг ҳаракатларидан норози бўляпти. Мол-мулкингнинг олиб қўйилиши билан амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳам жуда қийин, аслида. Агарда ҳукумат фидбэклар учун очиқ бўлса, бу каби вазиятларни юмшатиш мумкин бўлади. Бу орқали халқни тинглаш имкон туғилади. Ҳозирда инсонлар мазкур ислотҳотларнинг натижасини, нималар бўлишини кутяпти. Бироқ уларнинг аксари Президентнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаяпти. Давлат раҳбари жуда кўп ваъдаларни беряпти. Фикримча, инсонлар уларнинг амалиётга кўчишини кутяпти.  

- Бугун юртимизда амалга оширилаётган ишларга гувоҳ бўляпсиз, ислоҳотларни кўряпсиз. Тажрибали мутахассис сифатида  Ўзбекистон келажагини қандай кўряпсиз? 
- Мирзиёев мамлакатни дунёга очиб, жуда яхши иш қилди. У янада кўпроғига қодир. Президентнинг ўзи бундан-да юқорироқ маррага эришишда қатор муаммолар борлиги ҳақида айтган: коррупция – биринчи муаммо, фуқароларга мулк ҳуқуқини бериш – яна бир муаммо, ахир инсон ўз уйида эртага уни бузиб ташалашади деган хавотир билан яшамаслиги керак. Бироқ маълум битта йўлнинг ўзи йўқ. Ўзбекистон ривожланишнинг турли моделларини қўллаб кўряпти. Мен бунга оптимистик тарзда қарайман. Юртингизда жуда кўп ёшлар бор,  уларда катта энергия мужассам. Бундай юртнинг келажаги ёрқин бўлишига эса ишонаман.

СУҲБАТНИ ТОМОША ҚИЛИНГ!


Мавзуга оид