Юзма-юз 881 02.05.2019 10:49:28

Рауф Салахўжаев: Ўзбекистон парвозини эндигина бошлаган самолет

Рауф Салахўжаев: Ўзбекистон парвозини эндигина бошлаган самолет

"Юзма-юз" лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Рауф Салахўжаев - Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ўқитувчиси. 2017 йилда RePeC (Research Papers in Economics) ташкилоти томонидан тузилган дунёнинг энг яхши 100 нафар ёш иқтисодчиси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон вакили илк бор ушбу рўйхатга киритилиб, 32 поғонани эгаллади. Журналист Хуршид Далиев иқтисодчи билан  соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди.   

- Ҳозир юртимизда қандай иқтисодий жараёнлар амалга ошириляпти?
-  Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти ўзига хос ҳолатни бошдан кечиряпти. Сўнгги йигирма йил ичида мамлакат доимий ривожланиш остида бўлди: иқтисодий ўсишнинг юқори тепмлари кузатилди. Бироқ ҳозирда Ўзбекистон ривожланишнинг ислоҳотлар, инсон капитали, ғоялар, янги сифатли инвестицияларга асосланган моделига ўтди. Ҳозир сўнгги 2-3 йил ичида иқтисодиёт соҳасида эришилган натижалар хусусида хулоса қилишга бироз вақтли. Бироқ қатор ижобий ўзгаришларга эришилганини таъкидлаш керак. Табиий бойликларга таянган анъанавий йўналишдан воз кечилиб, янги ғоялар, технологияларга асосланган инновацион иқтисодиёт йўналиши танланган.

- Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ишончсизлик билан қараётганлар бор. Бу каби хавфсирашлар асослими?
- Биласизми, ҳозир Ўзбекистонни парвозини эндигина бошлаган самолетга қиёслаш мумкин: ва табиийки, мазкур жараённинг энг мураккаб палласи ҳам айни шу дам ҳисобланади: силкинишлар, турбулентлик ҳолатлари кузатилади, йўловчилар қўрқувга тушиб, иккиланишни бошлайди. Ўзбекистон ҳозир шу жараённи бошдан кечиряпти: бортда ҳаяжонлаётган ҳамда самолетнинг кўкка парвоз қилаётганидан руҳланаётганлар бор. Самолет билан боғлиқ ўхшатишни давом эттирган ҳолда, айтиш мумкинки, самолет учувчиси, яъни президент ислоҳотлар учун тўғри йўналиш танлади... Бироқ  ислоҳот турбулентликларсиз бўлиши мумкин эмас. "Бировга ислоҳотлар даврида яшашни тиламаган бўлардим" деган маълум ва машҳур мақол ҳам шундан аслида. Чунки ислоҳотлар бу қисқа муддатли ноаниқликлар палласи. Инсонларнинг бари уларни бирдек қабул қилмаслиги мумкин, бироқ ислоҳотларнинг нима учун кераклигини англаши лозим. Прогнозларга кўра, яқин йилларда Ўзбекистон ўртача юқориликдаги даромадга эга мамлакатлар сафига киради. Бироқ, мутахассис сифатида айтаман: бу йўлда “ўрта синф қопқони” деган хавф бор. Бу мамлакат ЯИМнинг жон бошига қиймати ўрта даражага етади ва узоқ муддат мана шу кўрсаткичдан ўта олмайди, дегани. Ўзбекистон ислоҳотлар томон илдамлаётган самолет сифатида мана шу қопқонга тушмаса айни муддао. Бунинг учун иқтисодиётга фан, технология ютуқларини сингдириш керак. Бу эса ўз-ўзидан таълимга, инсон капиталига каттагина сармоя киритишни тақозо қилади. Самарали фаолияти билан креатив инсонларга янги маҳсулотлар яратиши учун имкон берадиган институтларни ташкил этиш керак. Ҳукумат шу йўлдан боряпти, ўзгача, прогрессив фикрлайдиган авлод яратиш учун фундамент, асос қўйяпти. Эртага улар иқтисодиётнинг локомативи бўлади.

- ҚҚС ҳақида. Кўпчиликнинг фикрича, бу нотўғри ҳаракат эди. Унда мослашиш жараёни қийин кечмоқда. Буни сиз мутахассис сифатида қандай изоҳлайсиз?
-  Солиқ, божхона, товар айланмасига оид ислоҳотларни амалга оширишни даврнинг ўзи тақозо қиляпти, ундан қочиб бўлмайди. Сабаби, иқтисодиётнинг янги моделига эскича фаолият олиб борадиган институтларни сақлаган ҳолда ўтишнинг имкони йўқ. Ривожланган ёки ривожланаётган давлатлар тажрибасини олсак, ҚҚСга ўтиш жараёнида бизнеснинг сезувчанлиги ортади. Тадбиркорларнинг бир қисми сояга чекинади: сабаби келгусида нима бўлишини билмайди, таваккал қилиб, борини йўқотишдан кўра кутишни афзал билади. Бизнеснинг иккинчи қисми эса, аксинча. Улар мана шундай ўзгаришларни кутиб яшагани учун ҳам ҳаракатни бошлайди. Ҳозир, айни дамда ҚҚСнинг иқтисодиётга таъсири тўғрисидаги хулосани беришга вақтли. Солиқ, божхона соҳасидаги ислоҳотлар шаффофликни таъминлашга, режа қилишга, эртага қандай жараён юз беришини прогноз қилишга кўмаклашади. Уларсиз иқтисодиётдаги ислоҳотларни амалга ошириш маъносиз. Солиқ, божхона соҳасидаги ислоҳотларни иқтисодиётнинг қон-томирларига ўхшатаман. Иқтисодиётнинг “соғлом” бўлиши уларнинг тўғри ишлашига боғлиқ.9N2A7837.JPG
-  Бугунги кунда банклар қандай фаолият олиб боряпти? Марказий банк ҳақида нималар дея оласиз?
-  Иқтисодиётда давлат секторининг улуши жуда катта бўлган. Шу сабабдан банклар узоқ муддат давлат ташкилотлари фаолиятини яхшилаш учун фаолият олиб борган. Ҳозирда эса либерализация, приватизация жараёнлари бошланган. Ўз-ўзидан банклар бунга мослашишга мажбур. Чунки хусусий сектор улуши ошяпти, катта-катта давлат ташкилотлари хусусийлаштириляти. Банклар олдида янги вазифа кўндаланг турибди — ўзгача тоифадаги иқтисодиёт агентларига хизмат кўрсатиш. Мана шу талаб банкларнинг камчиликларини кўрсатяпти: бизда ҳозирда инновацион лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ қийинчиликлар бор. Ғарбдаги каби вейнчур молиялаштириш (яъни янги, ривожланаётган, бозордаги ўрни учун курашаётган лойиҳаларга маблағ тикиш) ёки бизнес фаришталари фаолияти йўлга қўйилмаган. Бу тижорат банклари зиммасига мазкур тизимларни йўлга қўйишдек вазифани юклайди.
Марказий банк фаолиятида ҳам радикал ўзгаришларга гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, статистикалар ошкор этиляпти, бу эса мутахассисларга прогнозлар қилиш имконини берди . Марказий банк фаолиятини бир кунда ўзгартириб бўлмайди: бироқ жараён бошланган, қадамлар сезиляпти.

-   Ўзбекистон шароитида коррупцияга қарши қандай курашиш мумкин? Нима қилмоқ керак?
-  Жаҳонда коррупциядан холи мамлакат йўқ. Мутахассисларнинг фикрича, маълум даражадаги коррупция иқтисодиётни тартибга солиб туради. Коррупциянинг юқори нуқтага етиши эса иқтисодий жараёнларни секинлаштиради. Ўзбекистонда мазкур феномен кўрсаткичларини ўрганиш керак. Коррупцияни камайтириш учун иқтисодиётда қандай ўзгаришларни амалга ошириш керак? Биринчи навбатда, самарали фаолият олиб борадиган давлат институтларини яратиш лозим. Шунингдек, ғарб моделларининг имплантациясига эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Африка мисолида айтаман, Зимбабве давлати Британия тизимини клонлаштириб, таназзулга юз тутди. Бу йўналишда ўзимизга яқин, жануби-шарқий Осиё мамлакатлари тажрибасини ўрганиш тўғри бўлади.

-   Аввал иқтисодми ёки сиёсат?
-  Глобаллашув шароитида иқтисод ва сиёсат бир-биридан устун бўлиши нотабиий. Мен уларни параллел равишда кўраман. Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳот қилиш даври келди. Бу масала ривожланиш йўлида кўндаланг турибди. Аввалари иқтисодиёт ресурсларга таянарди, бу ўзини маълум маънода оқламади. Давлат сектори институтлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш – мана Ўзбекистон олдида турган долзарб масала.

-  Кадрлар масаласи. Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишд мутахассисларнинг камлиги айтиляпти. Сиз бу ҳақида нима дейсиз?
- Талаб таклифни келтириб чиқаради. Агарда сифатли ишчи кучига талаб бўлса, у шаклланади. Меҳнат бозори, таълим тизимидаги бугунги ҳолат сўнгги йигирма йилдаги иқтисодиёт билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг натижаси, аслида. Хўш, бугун нима қилиш керак. Даставвал, Ўзбекистоннинг асосий бойлиги — бу сув, ер, қуёш, нефт эмас, унинг 32 миллионли аҳолиси эканини тушуниш керак! Юртимизга нафақат назариётчилар, балки тажрибали амалиётчилар керак. Уларни тайёрлайдиган ОТМни хусусийлаштиришни таклиф этган бўлардим. Сабаби, давлатга ОТМ қуриш, таъминлаш қимматга тушади. Мавжуд таълим дастурини қайта кўриб чиқиш муҳим. Мен фаолият билан боғлиқ фанлар ўқитилишининг тарафдориман. Олимларни саралайдиган тизим ҳам ислоҳотга муҳтож. ОАК функцияларини янгилаш вақти аллақачон келган. Назаримда, олимларни ишлаб чиқаришдан айирмаган ҳолда даража олишини таъминлаш керак.

  Сўнгги сўз ўрнида...
-  Ўзбекистон тўғри йўлда. Иқтисодиётдаги эркинликлар, тадбиркорлар сони, ёшларни кўриб туриб бунга амин бўламан. Бироқ муҳими бошланган ислоҳотларнинг давомли бўлишида. Агар шу суръатларда кетса, 2030 йилга Ўзбекистоннинг ҳудуддаги иқтисодий лидерга айланади. Юртингиз балки географик жиҳатдан қулай жойлашмагандир, бироқ у сиёсий жиҳатдан жуда қулай жойни эгаллаган: бир тарафда Хитой, иккинчисида ЕИ, учинчи томонда Россия ҳам бор. Давлат институтлари сиёсатини тўғри давом эттирсак, улар билан фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин! 


Мавзуга оид