Юзма-юз 790 01.05.2019 15:28:56

Навбаҳор Имамова: Ҳукумат ва халқ кучли ОАВга эга бўлишдан манфаатдор

Навбаҳор Имамова: Ҳукумат ва халқ кучли ОАВга эга бўлишдан манфаатдор

"Юзма-юз" лойиҳасининг меҳмони Навбаҳор Имамова - "Америка овози" телерадиосининг етакчи журналисти. У мазкур таҳририятнинг Ўзбекистондаги мухбири сифатида аккредитациядан ўтган вакили саналади. Human.uz ахборот портали Бош муҳаррири Муслим Мирзажонов атоқли журналист билан бугунги ўзгараётган давр, журналистикадан кечаётган маҳаллий ва глобал муаммолар, Ўзбекистоннинг дунё миқёсдаги имижи, матбуот хизматлари фаолияти ва бошқа масалалар хусусида суҳбатлашди.  

- Телеграм каналингизнинг ҳошиясидаги бир битик эътиборимни тортди. Унда "Journalist. Global citizen" (“Журналист. Дунё фуқароси”) деб ёзиб қўйилган экан. Буни қандай изоҳлайсиз? Азбаройи мутлоқ эркинлик истагими ёки бу жумлада ҳаётий, касбий амбициялар зоҳирми?

- Бу менинг кимлигим! Каналга кирганлар менинг журналистлигимни билишини истайман. “Глобал фуқаро” – менинг кимлигимни, шахсиятимни акс эттиради. Гарчи Ўзбекистонлик бўлсам ҳам, 20 йилдан бери АҚШда яшаб келаман. Ўзимни бирон бир жамият ёки менталитет билан чеклаб қўймайман. Дунё кезганингиз, ўрганганингиз сайин инсониятни жуда кўплаб ўхшашликлар боғлаб туришини англайсиз. Ҳар бир масала умумбашарий. Дунёга унинг бир қисми глобал фуқаро сифатида қарайман. Мантиқан фикрлай оладиган инсон биладики, одам борки, ўхшашликларни қидиради ва ҳар бир муаммонинг ечими глобал муаммоларнинг ечимига бориб тақалади.
2222.jpg - Аквариумда яшовчи балиқ аквариумга хос хусусиятга, дарёда яшовчилари дарёга хос, океанда яшовчи жонзодлар эса ана шу муҳитга хос характерга эга бўлади. Айтмоқчи бўлганим, бир неча йиллардан бери Ўзбекистондан ташқарида яшаяпсиз ва табиатингиздаги ўзгаришлар табиий ҳол. Навбаҳор Имомовага “жуда ғарблашиб, ўзгариб кетгансиз” деган гап ёки таъна айтилса, қандай жавоб беради? Билишимча, бунақа гапларни кўп эшитасиз...

- Мен бунга оддий қарайман. Кулиб қўя қоламан. Сабаби, бу ҳам кимнингдир муносабати. Эркин бўлиш дегани, бу бошқа бир инсоннинг эркинлигини, ҳуқуқини, фикрини ҳурмат қилиш дегани. Агар асоссиз нафрат, шахсий адоватга ўтилса, мен ҳам одамларни блоклайман. Чунки инсонмиз, кимдир бизга асоссиз нафрат кўзи билан қарамаслигини, бизга нисбатан нафрат уруғини тарқатмаслигини истаймиз. Шахс сифатида ўз-ўзингизни ҳимоя қилишни хоҳлайсиз. Кимдир кундалик қилаётган ишим, уларнинг фикрларини асослаб бермаётганим, уларга ёқадиган гапларни айтмаётганим учун мендан норози бўлса, куламан. Сабаби менинг журналист сифатидаги вазифам одамларни хурсанд қилиш, уларга улар хоҳлаган гапларни айтиш эмас, балки инсонларни ўйлантириш, муаммолар ечими сари ундаш, уларни огоҳ қилиш. Агар бизнинг айтгаётганларимиз ижобий бўлмаса, атрофга қаранг!

- “Америка овози”нинг расмий вакили сифатида фаолият бошлаганингизга бир йил бўляпти. Кўнглингиз тўлдими фаолиятингиздан?
11111.jpg - Менга аккредитация берилди. Яъни, Ўзбекистон мен учун очиқ. Бу ерга келиб, журналистик фаолият олиб боришим мумкин, репортажлар тайёрлашим, интервьюлар олишим, ҳукуматни, ноҳукумат вакилларини суҳбатга тортишим мумкин. Асосий ишим Вашингтонда. АҚШнинг Марказий Осиёга, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини ёритаман. Бу ҳам катта иш. Тошкент ва Вашингтон оралиғида ишлаш мен учун жуда завқли. Роҳат! Бу ерга келишим билан Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилишни хоҳлайман. Нафақат камера олдида, балки унинг ортида ҳам суҳбатда бўлишни истайман улар билан. Бизнинг вазифамиз фақат микрофон ушлаб репортажлар тайёрлаш эмас, маълумот йиғиш, инсонларнинг дардига қулоқ тутиш. Узоқ вақт Ўзбекистон биз учун ёпиқ эди. Ҳозир эса очилди. Аввал ҳукумат ҳеч нарса демайди, дердик. Бугун ҳукумат жуда кўп нарса айтяпти. Маълумотларни таҳлил қилиш учун вақт керак. Ҳозир Ўзбекистон ҳукуматининг турли бурчакларидан турли гапларни эшитяпмиз. Балки биз буларнинг барчасини ёритмаётгандирмиз. Бироқ бир ҳолатни ёритиш учун ҳам ҳамма овозларни тинглаган бўлиш керак. Ўзбекистонга келиб фаолият олиб бериш имкони туғилганидан мамнунман. Бир йил қандай ўтганини, тўғрисини айтсам, сезмадим. Иложи борича, кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қиляпман. Бу ердан туриб эфирга ҳам чиқяпман. Жонли мулоқотга чиқиш ҳам машаққатли, ҳам тотли.

- Бу сафар келганингизда Ўзбекистондаги қандай ўзгаришларни сездингиз? Одамлар, зиёлилар, сиёсий элита кайфияти қандай кўриняпти?

- Бу сафар келганимда, ўзгариш қилиш нақадар қийин эканлигини тан олишаётганига гувоҳ бўлдим. 2017 йилда Ўзбекистонга келганимда, руҳият жуда баланд эди, ҳаяжон бор эди. Ва бу ҳаяжон мамлакат раҳбарининг ўзгаргани, ислоҳотлар ҳақида гапира бошлагани билан часмбарчас боғлиқ эди. Орадан бир йил ўтгач, ўзгаришлар, янгиликларни амалга ошириш нақадар қийин эканини англай бошладик. Яъни хоҳишнинг ўзи етарли эмаслигини сезди халқ. Ўзгаришни хоҳлаш мумкин, бироқ уни амалга ошириш қийин. Бу ҳар бир жамият юзлашадиган синов! Мендан Ўзбекистонда нима бўляпти деб сўрашганда, ўзгариш қилиш нақадар қийин экани билан юзлашиш нақадар қийин эканини тан оляпти халқ дейман. Бу эса ўзига хос умидсизликка етаклайди. Айни кайфиятни ҳам сезяпман. Ўзбекистон ҳозирда ўзининг кучли ва заиф жиҳатларини англаб етяпти. Синовлар аслида энди бошланяпти. Ислоҳот – бу давомий тушунча. Дунёда ҳукумат, жамият борки, уларнинг бари давомий ислоҳот остида. Одамлар доимий ўзгариш истайди(қанчалик очиқ айта олади ёки йўқ – бу бошқа масала). Асосийси ҳукумат билан халқнинг мулоқоти мавжуд.

- Президент Мирзиёев даврида мулоқотларнинг самараси натижасида амалдорларда, ҳукумат вакилларида танқидга тоқат шаклланди. Бунда ўзига яраша "плюс"-"минус"лар бор...  

- Бошқа йўл йўқ! Бир-биримизни эшитишга мажбурмиз. Ҳукумат вакиллари, мутасаддилар танқидни эшита олмаса, ўз мақсадига эриша олмайди. Яъни, ҳукумат кучли ОАВ фаолиятидан манфаатдор! Ҳукумат халқнинг дардини эшитишдан манфаатдор! Ўз навбатида ҳукумат ўз дардини яхши етказса, шунга мос жавоб олади...

-Дейлик, Сизнинг карнайчи қўшнингиз бор. Биринчи куни чалса, ўз муносабатингизни билдирасиз. Иккинчи, учинчи кун ҳам шундай бўлади ва бора-бора қулоғингиз шовқинга ўрганади. Мени чўчитаётган нарса шуки, танқидий чиқишларимизга раҳбарларнинг қулоғи ўрганиб қолиб, унинг кучи "похолдўқ" даражасида бўлиб қолмасмикан?

-Менимча, Ўзбекистон ҳали у даражага етиб бормади. Яъни расмийларнинг териси қайсидир даражада қотиб кетган бўлиши мумкин. Лекин ўша "карнай"ни чалавериш керак. Муаммоларнинг бошқа жиҳатларини ҳам очиб бериш керак...

ДАВОМИНИ МАЗКУР ВИДЕОДА ТОМОША ҚИЛИНГ: 
  


Америка овози Юзма-юз