Юзма-юз 123 29.10.2019 13:39:56

“Бу Қонун болалар ўртасида ўлим кўрсаткичларини камайишига ёрдам беради” — сенатор билан суҳбат

“Бу Қонун болалар ўртасида ўлим кўрсаткичларини камайишига ёрдам беради” — сенатор билан суҳбат

Олий Мажлис Сенатининг 23 Ялпи мажлисида маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 23 октабр куни имзоланган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонуни бўйича касби шифокор бўлган сенатор Гулнора Тўраевага бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик:

— Нима сабабдан ушбу Қонун Сенатнинг 21 Ялпи мажлисида қабул қилинмаган эди? Қонуннинг қайси жиҳатлари қайтадан тўлдирилди?

— Қонун Олий Мажлис Сенатининг 21 ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, сенатор ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилганда уни тамомила қайта кўриб чиқиш кераклиги маълум бўлди. Тўғридан тўғри амал қилиш нормалари билан тўлдириш лозим деган хулосага келиниб, қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунинг бир нечта сабаблари бор.

Биринчидан, қонундаги айрим нормалар қонун номи ва мақсадларига мувофиқ келмаганди. Масалан, ҳужжатда давлат назоратини амалга оширувчи органлар белгиланган бўлиб, унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу Қонун талабларига риоя этилиши, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги учун жавоб бериши назарда тутилган. Лекин давлат назоратини амалга ошириш бўйича қоидаларни тадбиқ этишнинг аниқ механизми очиб берилмаган эди.

Иккинчидан, бошқа қонунлардаги нормалар мазкур қонунда такрорланган. Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг муҳимлиги ва аҳамиятини эътиборга олиш, шунингдек, халқаро нормаларни имплементация қилиш, яъни халқаро ҳуқуқий нормаларни мазкур қонунга уйғунлаштириш кўзда тутилган эди. Шундан сўнг, Олий мажлиснинг икки палатаси депутатлари ва сенаторлар иштирокида келишув комиссияси тузилиб, Қонун қайта кўриб чиқилди ва халқаро талаблар асосида тўлдирилди. Ушбу Қонун 4 та боб ва 21 та моддадан иборат.photo_2019-10-29_15-40-01.jpg

— Мазкур Қонун Ўзбекистонда вояга етаётган авлоднинг соғлом ўсиши, муносиб шароитларда улғайиши пировардида миллий генофондга қандай ижобий таъсир кўрсата олади?

— Она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озуқа. Кўкрак сутининг таркибида чақалоқнинг униб ўсиши ва унинг организми ривожланиши учун зарур бўлган барча микро ва макро элементлар мавжуд. Бу каби моддаларни гўдак организми бошқа озуқалардан ўзлаштира олмайди. Бундан ташқари, уни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи, иммун тизимини таъминловчи омилларни фақат она сути орқали олади. Она сути таркибидаги тоурин моддаси бош миянинг ривожланишида, кейинчалик эса боланинг ақлий салоҳияти шаклланишида жуда катта аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида баркамол соғлом авлодни вояга етишида миллий генофондни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади.

— Қонуннинг 4 моддасида қайд этилганидек, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида давлат ўз назоратини қандай ўрнатади?

— Қонун билан болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек, рекламани тайёрловчилар ва тарқатувчилар фаолиятига оид чекловлар ўрнатилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмасдан туриб, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар деб,маҳсулотни оналар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида тарқатиш тақиқланади. Қонунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг ўровига, идишига ҳамда уларни тамғалашга доир, умуман, идишчаларни ва сўргичларни тамғалаш талаблари ўз аксини топган. Ушбу Қонун талабларига риоя этилиши, гўдаклар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги устидан давлат назорати Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Санитария эпидемиология назорати давлат инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан ҳам амалга оширилади.

— Қонунга кўра, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, шунингдек автовокзаллар, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши керак. Бундай жойлар қанча муддатда амалга оширилиши лозим?

— Қонун кучга кирган кундан бошлаб махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши кераклиги белгиланган.

— Ушбу Қонун она сутини ўрини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи корхоналарга қандай талаб ва мажбуриятлар юклайди?

— Гўдаклар озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли сақлаш талаблари ва шароитларига эга бўлмаган ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ бўлмаган жойларда реализация қилишга йўл қўйилмайди. Қонунга кўра, гўдаклар учун мўлжалланган, қайта ишланган маҳсулотдан олинган хом ашёни фойдаланишга йўл қўйилмайди.

— Келгусида амалга ошириш учун она сути билан озиқланишни тарғиб этувчи яна қандай таклифлар ўртага ташланмоқда? Шунингдек, шифокор сифатида сизнинг шахсий мулоҳазангиз ҳам муҳим.

— Эмизикли оналарда онанинг кўкрак бези саратони, репродуктив аъзолари саратони, суяклар бўғими яллиғланишлари ва юрак хасталикларига чалиниш эҳтимоли сезиларли даражада камайиши исботланган. Шу билан бирга, болаларнинг ота-оналарига меҳр-оқибатли бўлишлари ҳам ўз тасдиғини топган. Кўкрак сути билан катта бўлаётган болалар айрим сабабларга кўра сунъий озуқа аралашмалари билан озиқлнаётган тенгдошларига нисбатан анчагина соғлом ўсишади.

Қонун кучга кирган кундан бошлаб гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг оқилона овқатланишини таъминлаш тадбирларини амалга оширишга, фақат кўкрак сути билан озиқлантириладиган болалар сонини доимий ошириб боришга, уларнинг соғлом ўсишини таъминлашга гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг турли касалликларга чалинишишига ва улар ўртасида ўлим кўрсаткичларини камайтиришга хизмат қилади.

Наргиза ЮНУСОВА суҳбатлашди


Мавзуга оид