Юзма-юз 687 04.10.2019 15:11:16

Оилавий ажримларнинг сабаблари нимада? Дилорам Тошмухамедова билан суҳбат

Оилавий ажримларнинг сабаблари нимада? Дилорам Тошмухамедова билан суҳбат

Жамоатчилик эътиборини тортаётган энг долзарб муаммолардан бири — оилавий ажрашишлардир. Ажрашишларнинг сабаблари қандай, унинг оқибатлари, шу билан бирга, ўтказилаётган тадқиқотлар хусусида Human.uz ахборот портали мухбири Наргиза Юнусова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилорам Тошмухамедова билан суҳбатлашди.

— Ассалому алайкум, Дилором опа. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилганига ҳам бир ярим йилдан ошди. Бу вақт ичида марказ қандай ишларни амалга оширишга улгурди?

— Оила қадрияти халқимизнинг энг қадимий қадриятларидан бири. Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилда имзоланган Фармони билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қайтадан ташкил этилди. Бу ташкилот бугунги кунда оила ва турмушга оид масала ва муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганади, таҳлил қилади, тадқиқотлар олиб боради. Муаммоларни ечиш учун чора-тадбир режаларини ишлаб чиқади ва илмий асосланган таклиф ва тавсияларини беради. Охирги йилларда оилавий масалалар билан боғлиқ ниҳоятда кўп муаммолар йиғилиб қолган эди. Муаммолар орасида энг кўзга ташлангани — бу оилавий ажримларнинг ортганидир. Дунё миқёсида қаралса, бу рақамлар юқори кўрсаткичга эга. Баъзида 10 та оиладан 5 таси, баъзида 7 таси, айрим шаҳарларда 9 тагача оилалар ажрашиб кетяпти. Шу нуқтайи назардан, ўзбек халқи орасида оилага қадрият сифатида қарашини ҳисобга олганда, албатта бу кўрсаткич бошқа давлатларга нисбатан юқори эмас. Бироқ масала ҳали ҳам муҳимлигича турибди.

Биз илк бошлаган тадқиқотларда ажримларнинг сабаблари, қайси оилаларда бу жараён кечаётгани, бизнинг оилаларимиз қандай муаммолар билан тўқнашаётгани билиш вазифасини қўйдик. Бугунги кунда оила масалалари бўйича бизнинг марказ ягона илмий эксперт муассасадир.

Амалга оширилган тадқиқотлар якунларига кўра, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, фаровонлик ва хотиржамлик даражасини белгилашга доир индикаторларнинг рўйхати шакллантирилди. Ҳудудлар кесимида демографик таҳлил, шу жумладан, оилаларнинг ривожланиши, никоҳлар ва ажрашишлар динамикасида юз бераётган ўзгаришлар юзасидан қатор таҳлиллар амалга оширилди. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига оид статистика юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан “Ўзбекистонда оила” статистик тўплами чоп этилиб, амалиётга йўналтирилди. Тегишли статистик маълумотлар таҳлили асосида турли муаммоларнинг ҳудудлар учун долзарблик жадвали ишлаб чиқилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, оилавий низолар, оила институтини мустаҳкамлаш кун тартибидаги масаладир. Бу борада марказ икки йўналишда тадқиқот олиб борди. Биринчиси — ажримга юз тутаётган энг кўп ёш оилаларнинг ажрим сабаби нимада, иккинчиси — замонавий ёш оила қандай бўлиши, турмуш тарзи, мақсадлари қандай? Тадқиқотлар асносида саккиз юздан ортиқ оилалар қамраб олинди. Уларнинг аксари оиладаги қадриятларни ҳурмат қилишини билдирган. Иккинчи йўналиш бўйича икки мингдан зиёд ўғил-қизлар ижтимоий сўровдан ўтказилди. Бизнинг ёшларимизда эртанги турмуш, унда дуч келадиган муаммолар тўғрисида билимларининг ниҳоятда саёзлиги маълум бўлди.photo_2019-10-03_13-02-13.jpg

— Сизнингча, бугун ёш оилалар орасида қайси муаммолар етакчилик қиляпти?

— Ажрашаётган оилаларнинг аксари ёш оилалардир. Ёшларимиздаги низоларнинг энг асосий сабаби — бу оилавий муносабатларнинг йўлга қўя олмаслик. Шунингдек, эр-хотин ўртасидаги низоларнинг кўплиги. Албатта, оилавий низолар ва ажрашишларга олиб келган сабаблар сирасида фарзанд кўрмаслик, жанжал ва низоларни келиб чиқишида бошқа оила аъзоларнинг аралашуви, ёшларнинг зарарли одатларга берилиши, уй-жой масаласи тўлиқ ҳал этилмагани, оилани тўлиқ моддий жиҳатдан таъминлай олмаслик каби сабаблар ҳам мавжуд.

— Тадқиқотга кўра, ёш оилаларнинг ажримига улар бир-бирини тушунмаётгани энг катта сабаб сифатида кўрсатилган. Аслида, барча тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган омил бу моддий етишмовчилик эмасми? Негаки, бугун одамларда иқтисодий эҳтиёж ҳам, шунга яраша харажат ҳам ортган. Бу ёш оилаларнинг ажримига қанчалик таъсир қилади?

— Шуни айтиб ўтишим керакки, моддий омил асосий омил эмас. Бугун ёшларимиз ўзаро ва шахслараро муносабатни шакллантиришда муайян қийинчиликларга дуч келмоқда. Эндиликда олдимизда турган асосий масала ёшларни турмушга тайёрлашдир. Бу борада барча ўқув дастурларини қайтадан кўриб чиқдик ва халқаро амалиётни ўргандик. Агар биз ёшларга оила сиёсати, оила ҳуқуқи, оила саломатлиги яъни репродуктив саломатлик хусусида, оиладаги шахслараро муносабатлар ва оила психологияси йўналишларида, оила иқтисодиёти, оиладаги маънавият ва диний муносабатлар, шунингдек, оилада бола тарбияси йўналишида кенгайтирган ҳолда билим ва кўникмаларни бера олсак, кейинчалик шу каби билимларни қаердан олиш мумкинлигини тушунтира олсак, янада самарали бўлади. Шу нуқтайи назардан, илк бор ўтган йилнинг август ойида бўлғуси келин-куёвларни тайёрлаш бўйича пилот лойиҳа сифатида махсус мактаб очдик. Паркент тумани ФҲДЁ қошида очилган бу мактаб ўзининг ижобий натижасини бера бошлади. Ноябр ойида эса Тошкент шаҳрида инновацион мактабни ташкил қилдик.

— Инновацион мактабларда ёшларни, айниқса, йигитларни оилага таёрлаш учун қандай дарслар ўтилади? Аксар ҳолларда фарзанд тарбияси билан фақат оналар шуғулланади. Бу борада оталарнинг масъулиятини ошириш учун нималар қилмоқ керак?

— Аввало, оилада масъулият ҳар икки тарафда бўлиши лозим. Бу ҳар жиҳатдан ёшларга тушунтирилади. Инновацион мактаблардаги дарслар ёшларни қизиқтира оладиган интерактив усулда ташкил этилади. Биз қисқа вақт мобайнида турмуш деган катта тушунчани тўлалигича очиб бера олмаймиз. Лекин бу дарслар орқали ёшларга турмушда келгусида пайдо бўладиган саволларга қандай қилиб жавоб топиш мумкинлиги ҳақида кўрсатма берамиз. Шунингдек, Тошкентдаги ИНҲА университети олимлари ва мутахассислари кўмагида махсус илова ишлаб чиқдик. Мазкур иловадан бўлажак келинлар оила тўғрисидаги энг зарур бўлган билимларни ўрганиши мумкин. Бундан ташқари, марказ ташаббуси билан ёшлар учун ён дафтарча чоп эттирилди. Бу ён дафтарчада турмуш ва оила билан боғлиқ бир қатор саволларга қисқа ва лўнда жавоблар ўрин олган. Қолаверса, йигитларга эркак киши ҳамиша оилабоши экани, оиланинг иқтисодий таъминоти унинг бўйнида бўлиши уқтирилади. Оила иқтисодиётига оид дарслар йигитларни ҳамиша қизиқтиради.photo_2019-10-04_16-46-06.jpg

— Яқинда Ўзбекистонда илк бор оилавий низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш борасида тақдимот бўлиб ўтди. Сизнингча, ажримларни камайтиришда бу усул қанчалик ёрдам беради? Кутилаётган прогноз ва натижалар қандай?

— Бизнинг марказ нафақат илмий тадқиқотлар олиб боради. Балки мана шу тадқиқот ва тавсиялар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни амалиётга тадбиқ этиш билан ҳам шуғулланади. Бугунги кунда республика бўйлаб фаолият кўрсатаётган юздан ортиқ инновацион мактабларни ҳам ана шундай саъй ҳаракатнинг намунаси дейиш мумкин.

Низоларни судгача ҳал этиш механизмини белгиловчи медиация усули ҳам тадқиқотлар тавсиялари асосида амалиётга жорий этилиш арафасида. Таҳлилларга кўра, ажрашган оилаларнинг 40 фоиздан ортиғи агар вақтида ёрдам берилганида, ажрашмаган бўлар эдик, деган фикрни баён этганлар. Бугун низолар дунё миқёсида қандай ҳал этиляпти? Дунёнинг кўплаб мамлакатларида низоларни ҳал этишда медиация усулидан фойдаланилади. Медиация усулида битта бетараф инсон икки тарафни бир-бирига яқинлаштиради. АҚШда, Европа давлатларида, Қозоғистон, шунингдек, бир неча араб давлатларида бу усул кенг қўлланилади ва бу “оилавий медиация” деб аталади. Яъни судга қадар низоларни ҳал этишнинг самарали услуби. Лекин ҳар ким ҳам медиатор бўла олмайди. Ҳуқуқ ёки психология соҳасида юқори билим даражасига эга бўлган мутахассислар медиация кўникмаларини ўзлаштириши мумкин. Бу усул кенг қўлланилса, ўйлайманки, судларга аризалар сони ҳам, ажрашишлар сони ҳам камаяди. Энг муҳими, жамиятда меҳр пайдо бўлади.

Шундай экан, олдимизда турган вазифа ушбу усулни медиаторлар ва Яраштирув комиссиялари томонидан оилавий низоларни ҳал этиш амалиётида самарали қўллашдан иборатдир.

— Бир масала юзасидан фикрингизни билмоқчи эдик. Ўзбекистонда ажрашиш процесси мураккаброқ. Дейлик, бир ёш оила. Келин ҳам куёв ҳам алоҳида яшаяпти. Келгусида бирга яшаш учун хоҳиш-истаги йўқ. Шундай ҳолларда уларга қайта-қайта муддат берилишининг сабаби нима?

— Ўтган йили Сирдарё вилоятида ажрашган, ажрашиш ёқасида турган оилалар ўртасида тадқиқот ўтказдик. Тадқиқотга шу соҳага жалб этилган барча мутахассислар билан бирга суд ходимлари ҳам жалб этилди. Суд жараёнлари билан яқиндан танишдик. Шу хулосага келдикки, дунё амалиётида оилавий суд кўриш жараёни мавжуд. Бизда алоҳида оилавий масалалар бўйича судлар йўқ. Шу нуқтайи назардан ажримга ниҳоятда катта эътибор бериш лозимлиги, бу борада ҳеч қачон вақтни чегараламаслик, айниқса, ажрашиш натижасида қоладиган фарзандларнинг тақдирини аниқ ҳал қилиш жуда долзарб масаладир.photo_2019-10-08_17-20-07.jpg

— Эркаклар ва хотин-қизлар тенг ҳуқуқлиги қонунан белгилаб қўйилди. Бу Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг XXI ялпи мажлисида маъқулланди, Президент томонидан имзоланди. Ўзбек оилалари раҳбар аёлларни, аёлларнинг раҳбарлигини қандай қабул қилади? Гендер тенглигини таъминлашда халқаро тажрибаларнинг бари бизда бирдек мос келадими?

— Бугун мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичида турган бир пайтда, бу қонуннинг қабул қилиниши, жамиятимиз учун катта ютуқ. Қачонки аёллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлса, биринчи галда ижтимоий масалалар ҳал этилади. БМТ тадқиқотига кўра, айнан парламентда аёллар иштироки етарли бўлганида, ўша парламентда оилалар, хотин-қизлар, болалар, умуман, ижтимоий соҳага оид қонунлар қабул қилиниши таъкидланган.

Ўзбекистон аёлларининг потенциали юқори, у уйдаги ишларни ҳам саранжом қилиб, касбий фаолиятида ҳам ўзининг иқтидорини намоён эта олади. Бу қонун орқали ўзбек аёллари нафақат ижтимоий соҳада, балки сиёсий жараёнларда қатнашиши мумкин. Ўйлайманки, бир қатор аёлларимиз келгусида парламентга ҳам ўз номзодини қўяди ва қонунчиликда фаол иштирок этади.

— “Оила” маркази яна қандай тадқиқотлар ўтказади? Келгусида режалар қандай?

— Ўтган бир ярим йил ичида ўн битта тадқиқотни якунладик. Яна йигирмадан ортиқ тадқиқотлар олиб борилмоқда. Олдимизда демография соҳасида, оиладаги кўп фарзандлилик, эрта никоҳлар, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, оила саломатлигига оид тадқиқотлар жуда камлиги боис шу соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш вазифаси турибди. Қолаверса, информацион коммукацион технологияларнинг оилага таъсири, уни қандай қилиб оилада самарали қўллаш усулларини жорий этиш масаласи ҳақида изланяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг ғоялари ва ташаббуслари билан бугун оилага нафақат истеъмолчи, балки давлат ва жамиятнинг асосий таянчи, муҳим ижтимоий институт сифатида қаралаётган экан, мақсадимиз – замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этишга қаратилган давлат сиёсатини самарали амалга ошириб боришдан иборат бўлиб қолаверади.


Мавзуга оид