Юзма-юз 506 23.09.2019 07:56:32

Арам Григорян: Марказий Осиё юраги - Ўзбекистон Арманистонни қизиқтиради...

Арам Григорян: Марказий Осиё юраги - Ўзбекистон Арманистонни қизиқтиради...

21 – сентябрь – Арманистон Мустақиллиги куни. Шу муносабат билан Human.uz колумнисти Абдували Сойибназаров Арманистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Арам Григорян билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги режалар хусусида суҳбатлашди.

- Жаноб Григорян, Арманистоннинг бугунги куни, ўтган йилнинг апрелида юз берган ҳокимият алмашинувидан кейин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида гапириб берсангиз.
- Апрель ойидаги Бахмал инқилоби, ҳукумат алмашинуви ва 2018 йилнинг декабрида парламентга ўтказилган навбатдан ташқари сайловлардан кейин Арманистоннинг янги шаклланган сиёсий раҳбарияти давлат ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини мустаҳкамлаш ва иқтисодий майдонда барча хўжалик субъектларига тенг шароитлар яратиб беришга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар дастурини ўтказишни бошлади. Ҳукумат ўтказаётган ўзгаришлар сиёсатида суд тизимидаги ислоҳотлар алоҳида ўрин эгаллайди. Шу маънода, унинг мустақиллиги ва бетарафлигини таъминлаш учун фаол қадамлар ташланмоқда.

Ҳукумат сиёсатининг муҳим жиҳатларидан яна бири шунингдек, иқтисодий ҳусусиятдаги ислоҳотлар ҳисобланади. Ана шу нуқтаи назардан коррупцияга қарши кураш ҳукуматнинг устувор вазифаси деб эълон қилинган. Мамлакатда тизимли коррупцияни қўпориб ташлаш ва институционал қарорларни қидиришга қаратилган аниқ чоралар кўрилмоқда. Ҳукумат ўтказаётган ислоҳотларнинг бошқа муҳим элементи Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш ҳисобланади. 2020 йилнинг 1 январидан Солиқ кодексига киритилган тузатиш кучга кириши билан солиқ майдонининг сезиларли яхшиланиши, хўжалик субъектларининг солиқ юки пасайиши, шунингдек, бизнес юритиш ва сармоялар жалб этишнинг қулай шарт-шароитларининг юзага келиши кутилмоқда.

Мен боя айтиб ўтганимдек, иқтисодий хусусиятдаги ислоҳотлар ҳукумат фаолиятининг устувор йўналиши саналади. Мазкур йўналишда бизнинг дипломатлар сифатидаги муҳим вазифамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётга кўмаклашадиган, Арманистоннинг билим, ижод ва инновацияга асосланган саноат ютуқларига эришиш мақсадида ташқи сиёсат компонентларидан самарали фойдаланишига хизмат қиладиган ташқи сиёсий муҳитни яратиш бўлиб қолмоқда. Арман компанияларининг янги бозорларга чиқиши, Арманистонга янги технологиялар ва сармояларни жалб этиш, қўшма тараққиёт дастурлари устувор вазифалар ҳисобланади, уларнинг ҳал этилишига бизнинг дипломатиямиз ҳам ўзининг сезиларли улушини қўшиши керак.

- Жаноб элчи, Ўзбекистон сизга яхши танишми? Ўз дипломатик хизматингиз давомида Ўзбекистонда бўлишингизга тўғри келганми?
- Ҳа, элчи лавозимига тайинлангунимча Ўзбекистонда бир неча марта бўлганман. Арманистон ташқи ишлар вазилигининг ходими бўлганимдан бир ҳафта ўтар-ўтмас, 1992 йилнинг 8 майида бир гуруҳ ҳамкасбларим билан биргаликда биринчи командировка сифатида Тошкентга учганмиз… бу ерда МДҲ давлат раҳбарларининг тарихий саммитида иштирок этганман, унда Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (ОДКБ) тузилган эди. Шундан кейин Туркманистондаги фаолиям даврида, кейинроқ, Тожикистонда ўриндошлик асосида ишлаган чоғларимда Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий марказларга бир неча марта, ҳатто оила-аъзоларим билан биргаликда бўлганман. Ашхабоддан Душанбега кетиш чоғида йўл-йўлакай Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан ўтишга тўғри келган. Мен ва менинг институтдаги дўстларимнинг биринчи ва хотирамизда муҳрланиб қолган тассуротларимиз Ереван давлат университетининг Шарқшунослик факультетининг бешинчи курсида ўқиб юрган кезларимизга тўғри келади, ўша 1976 йили март ойида Бухоро ва Самарқандни зиёратни қилганмиз. Буни унутиб бўларканми?! Мамлакат самимийлиги, одамларининг меҳмондўстлиги, бой тарихи ва турфа манзараси билан мени ўзига ром этган ва азалдан бу ерда ишлашни орзу қилганман. Орзуларининг ушалиши қандай яхши!

- Арманистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида миссиянгиз бошланиши муносабати билан ўз олдингизга қандай вазифалар қўйгансиз?
- Вазифалар кўп ва улар турли-туман, негаки, бугун Арманистон ва Ўзбекистон бамисоли бир-бирига янгидан очилаётгандек. Турли сабабларга кўра, мамлакатларимиз ўз Мустақилликларининг 28 йили мобайнида жуда кам мулоқотда бўлдилар, энди қисқа муддат ичида бой берилган имкониятларни ўрнини тўлдиришимиз керак, одатда икки дўстона давлатлар орасида мавжуд бўлганидек, ҳамкорликнинг барча йўналишларида вазифалар етарли деб ҳисоблайман. Муносабатларимиз марказига албатта, иқтисодий ҳамкорликни қўямиз, бироқ бу ўринда қишлоқ хўжалигини, маданият, фан, спорт, сайёҳлик, парламентлараро ва олий таълим соҳаларини ҳам унутмаймиз.

- Ўзбекистон ва Арманистон икки томонлама муносабатларида қайси асосий йўналишларни ривожлантириш режалаштирилмоқда?
- Ҳозирча икки томонлама ҳамкорликнинг шаклланган устувор йўналишлари ҳақида гапиришга вақт эрта, бироқ бугун нафақат иқтисодий йўналишларда, балки заргарлик саноати, атом ва инновацион технологиялар тармоғида ҳам ўзаро қизиқиш кўзга ташланаяпти. Бизнинг давлатларимиз субъектлари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш иститқболли, назаримда.

- Жаноб Григорян, Ўзбекистон Арманистонни нимаси билан қизиқтиради?
- Ўзбекистон Арманистонни энг аввало, кўплаб жиҳатлари билан мутлақо янги, ҳозирча ўзлаштирилмаган йўналиш эканлиги билан қизиқтиради. Арманистонда катта ҳурматга сазовор Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан бошланган кенг миқёсли ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлар бизни ҳайратга солмоқда. Ўзбекистон ҳам табиий ресурсларга бой, ҳам қудратли кўп тармоқли иқтисодиётга эга мамлакат, собиқ советлар маконидаги энг яхши иқтисодлардан бири. Марказий Осиё минтақасининг юрагидаги қулай жўғрофий жойлашуви, минтақанинг барча мамлакатлари билан умумий чегаралари, боз устига, транспорт қон томирларининг мавжудлиги, яъни бу ва бошқа омиллар Ўзбекистоннинг Арманистон учун қанчалар муҳимлигидан далолат беради. Сизнинг ажойиб, ўзбек халқига хос меҳмондўст мамлакатингизга бизнинг қизиқишимизни орттирадиган яна бир ҳолат борки, у ҳам бўлса ўзбек жамиятининг бир мунча қисмини ташкил этадиган арман жамоатининг мавжудлигидир. Бугун Ўзбекистонда арманлар сони тахминан 45-55 минг кишини (булар Ўзбекистон фуқаролари) ташкил этади. Уларнинг аксарият кўпчилиги – Тоғлиқ Қорабоғ арманлари. Арманларнинг тарихан энг катта жамоалари Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Қўқон шаҳарларида бўлган.

Табиийки, ҳар қандай арман дипломатик ваколатхонаси муайян мамлакатда фаолиятда юритар экан, ў ватандошларининг мавжудлиги ва ҳаёти билан қизиқади, ва албатта, биз ҳам истисно эмамиз, боз устига, улар орасида консуллик линиясида турли муаммолари тўпланиб қолган Арманистон фуқаролари ҳам кам эмас.

- Жаноб элчи, икки мамлакат муносабатларида элчихона иш бошлаган пайтларда аниқ ижобий лаҳзалар бўлганми? Ҳамкорлик аввал ҳам ривожланган соҳалар борми? Муносабатларни мустаҳкамлашга нималар умид бағишлайди?
- Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро муносабатларни ривожлантириш, кенгайтириш ва чуқурлаштиришга мамлакатларимиз ва халқларимизнинг яхши нияти ва ўзаро мустаҳкам интилиши бор. Мен нафақат умид қилган, балки мутлақо ишонган мана бу пойдевор асосида бугунги ўзаро муносабатларимизни қурамиз.

- Ҳозирги савдо муносабатлари ва бизнес алоқалари ҳолатини ҳам қисқача таърифласангиз.
- Манзара кўнгилдагидек эмас, юқорида айтганимдек, ўзига хос сабаблари бор. Бугунги кунда Арманистон ва Ўзбекистон бир-бирининг бозорида атиги 10 турдаги маҳсулотларини сотмоқда ва йиллик товар айланмаси ҳажми атиги 4,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади, яъни икки томонлама муносабатлар учун ўта камтарона кўрсаткичдир. Айрим бизнес алоқалар ҳам йўқ эмас, бироқ уларни етарли деб бўлмайди, шунинг учун биз бугун мажуд паст кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш учун анча тер тўкишимизга тўғри келади.

- Ўзбек ва арман турфирмалари икала йўналиш бўйича сайёҳлик алоқаларини ташкиллаштириш ишида фаоллик кўрсатолмаяпти. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Сабаблар кўп. Биз барча йўналишлар бўйича алоқаларни фаоллаштиримиз лозим. Аммо мен асосий масалалар орасида давлатларимиз ўртасида тўғрида-тўғри авиаалоқаларимиз мавжуд эмаслигини тилга олган бўлардим, шунинг учун менинг саъй-ҳаракатларимнинг сезиларли қисми бугун мана шу эски ва мураккаб вазифани ечишга қаратилган.

- Жаноб элчи, ўзбек товарларига арман бозорида қизиқиш қанчалар юқори?
- Ҳар қандай мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот арман харидорини қизиқтирмаслиги мумкин эмас. Аввало, ўзбек далаларида етиштириладиган пахта мамлакатимиз енгил саноати учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан ташқари пахтадан тайёрланган тайёр ўзбек маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотларига қизиқишимиз юқори. Сизларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотингизга ҳам эҳтиёж катта, тўғри Арманистоннинг ўзи ҳам ана шу маҳсулотларни етиштиради, аммо ўзбек афсонавий, тилни ёрар қовунлари ёки оловда қовурилган ўрик данаги бизда йўқ. Яқинда Ўзбекистонга ташрифим чоғида Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлигига Арманистоннинг ўзбек бозорида сотиши мумкин бўлган 100 номдаги товарлар рўйҳатини тақдим этдим. Биз худди шундай рўйҳатни ўзбек томонидан олиш ниятидамиз, ана шунда бизнинг харидорларнинг конкрет қизиқишлари ҳақида гапириш мумкин бўлади.

- Арманистоннинг бугунги фуқароларига Ўзбекистон яхши танишми?
- Ўзбекистон ҳар доим бизнинг фуқароларимизни қизиқтириб келган ва ҳозир ҳам шундай. Ўйлайманки, бевосита авиаалоқаларимиз тўғрисидаги масала ечилганидан кейин мамлакатингизнинг тарихий қадамжолари билан яқиндан танишиш ва афсонавий ўзбек меҳмондорчилигидан баҳра олиш истагида бўлган сайёҳларимиз оқими кўпаяди ва мен бундан фақат мамнун бўлардим.

- Арманистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссиясини қачон очиш режалаштирилмоқда?
- Аниқ санани айтолмайман, бироқ ишонинг, буни имкони борича тезроқ амалга ошиши учун қўлимдан келгунича ҳаракат қиламан. Ўзбек аудиторияси билан мулоқот қилишга берилган имконият учун ташаккур билдираман, фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқини ўтган миллий байрам – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни билан табриклайман, барча ўзбекистонликларга осмонлари мусаффолигини, соғлиқ, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.

Р.S. 2019 йилнинг августида Арманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Арам Григорян Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғини топширган эди. Ҳозирча Арманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси штаб қароргоҳи Ереванда жойлашган.


Мавзуга оид