Юзма-юз 467 28.08.2019 17:30:19

Евгений Биргер билан почтанинг бугунги муаммолари ва истиқболлари, электрон тижорат ва Ўзбекистондаги фаолияти хусусидаги суҳбат

Евгений Биргер билан почтанинг бугунги муаммолари ва истиқболлари, электрон тижорат ва Ўзбекистондаги фаолияти хусусидаги суҳбат

Россиялик эксперт Евгений Биргер 2018 йил май ойида “Ўзбекистон почтаси”ни ислоҳотга тайёрлаш мақсадида таклиф этилганди. У бир йил давомида ушбу тизимни бошқарди. Regnum ахборот агентлиги россиялик мутахассис билан суҳбатлашиб, Ўзбекистондаги бир йиллик фаолияти, почта тизимидаги ислоҳотлар ва интернет жадаллик билан ривожланиб бораётган даврда почта хизматининг истиқболлари қандай бўлиши борасидаги фикрлари билан қизиқди. Мазкур суҳбатнинг айрим қизиқ жойларини сиз билан баҳам кўрдик.

-Сизни бир йил аввал почта тизими ислоҳ қилиш бўйича мутахассис сифатида таклиф этишганди. Кутилмаганда, “Ўзбекистон почтаси” бош директори лавозимида пайдо бўлдингиз.

Ҳа, менга йил бошида мурожаат қилишди ва мен соҳага оид вазирликка беминнат, касбимга бўлган муҳаббатим ҳурматидан, маслаҳатлар бердим. Май ойининг охирида эса Ўзбекистонда конференцияда нутқ сўзлаш таклифини қабул қилдим. “Омадли” чиқишим натижасида бош директор бўлиб қолдим. Бу ўз ихтиёримга кўра бўлмади, деса ҳам бўлади. Одатда мансабга эришиш учун кутишади, ҳатто курашишади. Менинг ҳолатимда эса шундай вазият юзага келди-ки, маълум муддатга ўзим учун учун нооддий бўлган таклифни қабул қилишга мажбур бўлдим. Чунки таклиф энг юқори орган томонидан юборилди, уни рад этиш ўринсиз бўларди.

-Шу йилнинг июнь ойида суҳбатларнинг бирида сиз бош директор лавозимидан кетиш эҳтимоли борлигини айтгандингиз, шундай бўлди ҳам. Бунга қандай изоҳ берасиз?

Бу ерда ҳеч қандай “ўйин” бўлмади. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, бош директорликка бир йилга тайинланади. Почтани ислоҳ этиш мақсадим бор эди ва бу вазифа бажарилди. Россияни узоқ муддатга тарк этиш ниятим ҳам бўлмаган. Бир йил муддат ислоҳот қилиш учун менга етарли эди, бироқ ислоҳотни амалга ошириш жараёни кўплаб муассаса ва идораларнинг ҳамкорлик ва изчилликда ишлашини талаб этади, бу эса Ўзбекистонда жудаям суст кечяпти.

-Ислоҳотга тайёрлашдаги хизматингиз айнан қандай кўринишда бўлди?

Бу йил “Ўзбекистон почтаси” АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда, муболағасиз айтганда, улкан ҳажмдаги мураккаб ишлар амалга оширилди. 2020−2025 йиллар учун почта алоқаси ислоҳоти концепцияси – ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди, якуний босқичда эса янги амалий идеология ва почта алоқасининг янги ҳуқуқий асосларини шакллантирувчи янги қонун татбиқ этилди.

Мен ва россиялик ҳакасбларимнинг ўзига хос ёндошувларимиз эвазига катта ҳажмдаги бу ишларни ўта қисқа муддатда якунлашга муваффақ бўлдик. Мен бундан кейин ҳам ҳар қандай турдаги ёрдам турини кўрсатишга тайёрман: хоҳ методик, хоҳ экспорт сифатида ёки ташкилий – амалий натижа берса бўлди.

-Яқинда ОАВда почта 2017 йилни фойда билан якунлагани, 2018 йил эса, кечирасиз-у, сизнинг раҳбарлигингиз кўп миллиардлик зиён келтиргани ҳақида хабарлар тарқалди…

Бу ерда айнан интирга бўлгани кўриниб турибди. Ислоҳот концепцияси кўрсатди-ки, почта, ҳатто Ўзбекистонда ҳам зарарга ишлайдиган, келажаги йўқ тизим эмас, балки капитализация ҳолати қисқа фурсатда миллиардлаб долларга ета оладиган ва фойда келтириш имконига эга бўлган, бироқ етарли даражада қадрланмаган тизим. Тасаввур қилишимча, уни (активларни) хусусийлаштириш учун кураш бошланди ва бу кураш ўз асоратларини кўрсатди.

Балки бу журналистларнинг хатосидир, чунки почта соҳаси вакилларининг ҳам, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам 2017 йил охири почта инқирози ҳолатидан хабари бор. Ахир айнан ўша инқироз туфайли ривожланиш концепцияси, аслида эса почтани тўлиқ ислоҳ қилиш учун мени таклиф қилишди-ку! Миллиардлаб, деган сўз, албатта, жуда жаранглаб эшитилади, лекин бу сўмда айтиляпти (бир доллар — 8600 сўм-интервью пайтидаги курс). Мен ўз вазифамга киришган пайтим менга 2018 йил йил учун кутилаётган 54 миллиард сўм зарар ҳақида ҳисоб беришган. Фактларга кўра эса почтачиларнинг саъй-ҳаракатлари билан бу сумма икки баробарга қисқарди ва долларга чаққанда 4 миллион доллардан камроқ қийматни ташкил этди.

Амалда унча катта бўлмаган миқдордаги бу зарар катта муаммоларнинг асоси эмас, жиддий муаммолар эса бошқа ва улар талайгина: узоқ йиллар давомида зарур маблағ бўлмагани туфайли инфратузилмалар ва ходимлар қисқариши ҳолатлари бўлган. 2017 йилда эса тизим инқирозга юз тутди. Инқироз даражаси шу қадар оғир-ки, энди мамлакатда универсал почта ҳақида гапиришга ҳам ўрин йўқ.

Яна такрор айтаман, бунинг сабаби ҳаммага маълум: бу ўша давр бошқарувчилари – акционерлар йиғини, кузатувчилар кенгаши, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг ўша пайтдаги раҳбарларининг стратегик хатоси. Улар 2017 йилда ўз вақтида малакали муҳокамалар олиб бормаган ва пенсия етказиб бериш хизматини, ундан келиб турган фойда ўрнини қопламаган ҳолда, банк секторига ўтказиш қарорининг оқибатлари ҳақида мамлакат президентини хабардор қилмаган. Бу хизмат даромаднинг ярмини ташкил этарди ва тарихан, кўплаб мамлакатларда бўлгани сингари, давлат томонидан яширин қўллаб-қувватловчи ва почтани чапараста маблағ билан таъминловчи манбаи бўлиб хизмат қилган.

Пенсия етказиб беришдан келадиган бу даромадлар ҳам панацея эмас. Тариф минимал даражага туширилган ва ўз-ўзини зўрға қоплар эди. Шундай бўлса-да, таққосим учун узр сўрайман, у почтанинг хасталанган иқтисодиёти таяниши мумкин бўлган қўлтиқтаёқ эди, гўё. Ундан шу қўлтиқтаёқни ҳам олиб қўйилганда қулаб тушгани ҳайратланарли эмас.

Ўзбекистон почтаси, аксарият постсовет мамлакатлари почтаси сингари, бу ҳатто расмий манбаларда ҳам тасдиқланган, охирги ўн йилларда таназзулга учради. Рақамларда келтираман:

Ўзбекистонда уй хўжалигига бир йилда атиги 3 марта жўнатма юборилади, солиштириш учун, Россияда — 30, ЕИ мамлакатларида — ўртача 400. Автотранспортлар сони — бутун ҳудуд учун 500 тадан кам, аслида ҳеч бўлмаса, 5 000 та бўлиши керак. Ходимлар ва бўлинмалар сони норматив талабларни қондириш учун бир неча баробарга кам, маошлари эса ниҳотда оз. 90% дан ортиқ бинолар эскириб кетган ва тўлиқ таъмирлашни талаб қилади. Уларнинг ярмидан кўпи энг зарур талабларга ҳам жавоб бермайди ва фаолият юритиш учун яроқсиз. Почта алоқаси объектларинининг техник таъминоти умуман йўқ. Ўлганнинг устига чиқиб тепгандек, барча абонент почта қутилари яроқсиз ҳолатда, янги қурилаётган биноларда эса уларни ўрнатиш учун, ҳатто, жой ҳам ажратилмаган. Хўш, энди нима деб ўйлайсиз, 2017 йилда почта ҳақиқатдан ҳам фойдали ва муваффақиятли бўлган эканми?

-Агар пенсия етказиб бериш хизмати даромаднинг ярмини ташкил этган бўлса, демак, унинг асоратлари очиқ-ойдин бўлган. Наҳотки, буни ҳеч ким кўра билмаган?

Стратегик хато – бу ҳолатни кўра олмаганликда эмас, балки кўришни хоҳламаганликда. Чунки кўп азият чеккан почтанинг ушбу ягона давлат таъминотини ушлаб қолиш учун банк лоббилари билан солиштирганда уларга жасорат, компетентлик ва балки, нуфузли таъсир доиралари етишмаган. Ҳозиргина айтганимдек, агар холис бўлинса, ҳатто, пенсия етказиб бериш хизматидан даромад олинган бўлса-да, 2018 йилгача ҳам ҳеч қандай тайинли даромад бўлмаган.

Бугунги эскирган иқтисодий модел почта алоқаси нафақат Ўзбекистонда, балки деярли ҳамма ерда режали-зиёнли ишлаяпти. Почта давлатнинг институцион мажбурияти ҳисобланади ва у иқтисодий жиҳатдан мақбуллиги (фойда-зарари)дан қатъий назар, бутун ҳудудда бўлиши шарт. Масалан, полиция ёки тез тиббий ёрдам хизмати каби, бироқ улар бюджетдан молиялаштирилади, почта эса йўқ.

Шунинг учун, билинг-ки, қайси почта ўз фойдасини намоён қилаётган бўлса, бу бухгалтерия ҳисобининг моҳирона олиб борилгани ва асосий фаолиятга бўлган норматив талабларнинг бажарилмаганидан дарак беради.

-Унда почта ниманинг ҳисобидан фойда қилади? Яна ўша советча эски касаллик — қўшиб ёзишми?

Шундай деса ҳам бўлади. Тайинланган ҳар бир янги раҳбар, кескин ўзгаришларни амалга оширмай туриб ижобий натижаларга эришиш мумкин эмаслигини англамаган ҳолда, ўзидан юқорида турган раҳбариятга ҳолатни ўзгартириш ҳақида ваъда беради ва ўзини боши берк кўчага олиб киради, режасидаги ишларни бажариш учун берилган вақт эса йилдан йилга қисқариб боради.

Почтанинг асосий вазифаси – бу давлат мажбуриятларини бажариш, фойда олиш эмас. Лекин амалдаги ҳисоб методикаси буни инобатга олмайди. Шунинг учун молиявий натижаларни сунъий мослаштиришга тўғри келади: тарифларни ошириш ва бир пайтнинг ўзида норматив почта алоқаси ҳамда нураб кетган мулк мажмуаси учун харажатларини қисқартириш; қаердадир қарз юкламасини ошириш; почта ўтказмалари, коммунал тўловлар ва обуна маблағларидан яширин олиб туриш; қилинган харажатларни келгуси ҳисоб даврига қолдириш; шунингдек, ходимлар сонини қисқартириш, уларнинг мажбуриятларини эса маошни оширмаган ҳолда қолганларга юклаш; меҳнатнинг оғир шароити ва арзимас маошлар каби. Умуман маош тўламаса, қанча фойда келишини тасаввур қиляпсизми?!

-Демак, почта кўрсаткичлари тобора яхшиланаётгани ҳақидаги ҳисоботлар реал ҳаётга тўғри келмас экан-да?

Кўрсаткичлар ошиши мумкин, лекин самарадорликнинг ошиши ҳисобига эмас, балки, масалан, тарифларнинг қимматлашиши ёки почтага боғлиқ бўлмаган масофавий савдодан мамлакат ичига жўнатмаларнинг миқдори эвазига.

Кўрсаткичларнинг ошиши ҳолатнинг ёмонлашувига тўсқинлик қила олмайди. Ахир уларни тўғри талқин қила билиш керак. Мисол келтираман, халқаро почта жўнатмалари, яъни чегарадан ўтувчи масофавий савдо ҳажмининг ортиши фойда келтирмайди, балки зарарни орттиради ва ҳеч ҳам вазият яхшиланишига сабаб бўла олмайди. Ҳозир, “электрон коммерция” почтани қутқаради, деган янглиш фикр одамлар онгига ўрнашиб қоляпти. Лекин бу бошқа мавзу.

Ўзбекистонда ишлаш сизга қанчалик осон ёки қийин бўлгани ҳақида гапириб берсангиз.

Янги раҳбар доим қаршиликка учрайди, чунки ўиз билан бирга турли ўзгаришлар олиб келади, командасини алмаштиради ва ҳк. Аммо гап ислоҳот ҳақида кетганда, айниқса, бу кескин ўзгаришлар ичкарида бўлса, қаршилик даражаси кучлироқ бўлади. Буни тушуниш мумкин, ахир одамлар учун келажакдаги яхшиланишлардан кўра муҳимроқ бўлган конкрет алоқалар ва манфаатлар бузилади. Бундан ташқари, ўрнатилган анъаналар тарафдорлари ислоҳотларга яхши кўз билан қараайдилар ва бу бежизга эмас, чунки улар ўша ўзгаришлар туфайли уларга ҳам масъулият юкланишидан чўчийдилар.

Почта ичкарисидаги вазият қандай бўлишини эса тасаввур қилиш мумкин эди. Одамларда чорасизлик, буткул таназзул яқинлашаётганини ҳис этиш кайфияти бор эди ва улар ҳеч нарсага ишонмас эдилар. Мен тартибга солиш доирасида кимнидир ишдан ҳайдаш ёки кимнингдир карьерасини бузиш ҳақида ўйламадим ҳам. Қайтанга, ўз ишининг устаси бўлган почта хизматчиларини асраб қолишга ҳаракат қилдим. Мен одамларни ишонтириш ва қизиқтириш, ўз режаларимни умумий қилиб, мавжуд ходимлардан жамоа тузиб ва ўша жамоаси яна бир неча арзийдиган ходимлар билан тўлдириб ишлаш йўлини танладим. Тан олишим керак, бу борада омадим келди, ўзбекистонлик мутахассисларнинг профессионаллик даражаси жуда юқори экан, шунинг учун ҳам кучли жамоа туздик. Иш столида мен билан биргаликда неча соатлар меҳнат қилган ҳамкасбларим ҳам, мен камроқ ҳамкорлик қилган ходимлар ҳам ҳар қандай бош директорга таянч бўла оладилар. Шахсан мен “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг ўзим таниган ва ҳамкорлик қилишга улгурган ҳеч бир ходимини кеткизмаган бўлардим!

Иш режими оддий эди: меҳмонхона – иш, ҳар шанба ҳам иш, баъзан якшанба ҳам ишладик. Ишда ҳеч бўлмаса, соат кечки 10 гача қолиб кетардик. Афсуски, ҳатто Тошкент бўйлаб ҳам сайр-саёҳат қила олмадим. Вақтимнинг ярмини сармоядорлар ҳамда потенциал ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш мақсадида хорижий сафарларда, “роуд-шоу” кўргазмаларида ўтказдим.
Оғир иқтисодий шароит туфайли йил давомида бирорта ҳам харажат шартномаси имзоламадим, ҳеч нарса сотиб ҳам олмадим. Биргина Тошкент филиали бошлиғига 12 йиллик машинаси ўрнига маҳаллий ишлаб чиқарувчининг янги “Шевроле” машинасини олишига рухсат бердим. Уни ҳам 2019 йилнинг май ойида олдик. Чунки РСС га келган расмий меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш учун восита керак эди. Қолаверса, пойтахт почтамти – бутун мамлакатнинг юзи-ку.

-Сал очиқроқ савол берсам, майлими? Шу йил давомида қанча даромад олдингиз, солиқларни қаерга тўлайсиз ва умуман, Ўзбекистонда мазкур масалалар қандай ечилди?

Балки, менга ишонмассиз, бироқ маош ҳам, командировкаларим ёки яшашим учун компенсация ҳам олмадим. Ушбу даражадаги лавозимга чет эллик мутахассисни жалб этиш амалдаги биринчи тажриба бўлди. Ҳеч қандай аниқлик ва ҳеч қандай ечимлар бўлмади. Шунинг учун хорижий сафарлар харажатлари, бошқа турли харажатлар, ҳатто, ходимлар учун офис креслоларини сотиб олишни ҳам ўз ҳисобимдан амалга оширишга тўғри келди. Лекин мен бундан умумун афсусланмайман ва менинг ҳаракатларим фойда келтирса, кўнглим тоғдек кўтарилади.

Мен ва менинг ҳамкасбларим учун ислоҳот концепциясини яратиш имконияти жуда муҳим эди, чунки бу соҳадаги узоқ йиллик меҳнат ва тажриба самарасидир. Ҳисобимга кўра, менинг оилам почта тизимига 100 йилдан ортиқ умрини бахш этган. Шунинг учун, пул муҳим, албатта, бироқ бизни руҳлантирадиган бошқа нарсалар ҳам бор. Қолаверса, иқтисодий рағбат, “management fee” тушунчалари ёки жамоанинг молиявий натижаларда иштироки – ҳал этиш мумкин бўлган масала.

Суҳбатнинг тўлиқ матни билан ушбу линкорқали танишишингиз мумкин.


Мавзуга оид