Юзма-юз 813 13.04.2019 08:38:17

Мурод Чатқол: "Ватансизлик—ўлимдан ҳам баттар!"

Мурод Чатқол: "Ватансизлик—ўлимдан ҳам баттар!"

Унинг исми Мурод Чатқол. У Тошкентда таввалуд топган. Чатқол фамилияси Тошкент ёнидаги водий номидан олинган. Уч нафар фарзанднинг отаси, тўққизта неваранинг бобоси. Ўша пайтлар улар коммунистларнинг ашаддий душмани эди. Коммунизм динга йўл бермаган. Мусулмонларни Яратганга ишонмасликка даъват этган. Шунинг учун кўпчилик Туркистондан қочган. Худони тарғиб қилганнинг қисмати эса Сибирга сургун қилиш билан якун топарди.
22.jpg Ҳеч ким ўзбекларни тан олмасди. Бирор жойдан иш бермасди, тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳам йўл қўймасди. Вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, очидан ўлади. Шундай қилиб, 1932 йилда Чатқол яқинлари билан Афғонистонга қочади. Ўша пайтда Мурод беш ёшда бўлган. Отаси қолган қариндошларини ҳам ушбу давлатга олиб келиш учун Тошкентга қайтиб борганида тутилади ва қамоққа ташланади. У ердан қочиш пайига тушади. Турманинг деворидан сакраганда оёқлари синади. Бироз муддат шифохонада даволангач, уни Сибирга сургун қилишади. Бу ерда у иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар бўлади ва бир амаллаб Тожикистонга қочади. Лекин бу давлатдан Афғонистонга ўтишга илож тополмайди. Шу сабабли бир тожик аёлга уйланади. Аммо у хотин бепушт бўлгани учун Мурод Чатқолнинг отасига раҳми келиб, бир боласи бор бева хотинни олишига ўзи розилик беради. Бу аёлдан бир фарзанд кўради. Унинг исмини Саидаҳмад деб қўяди. Ҳозир ўша кишининг ҳаёт ёки ҳаёт эмаслигини Мурод билмайди. Ўшандан буён улардан хабар ололмаган.
44.jpg 1963 йилда Муроднинг отаси вафот этади. Чатқолнинг яна уч нафар ака-укаси ва Муҳаббат исмли опаси Афғонистонда қолади. Бироқ бу ерда ҳеч қандай таълим ололмайди. Минг азоб билан турли юмушларни қилдик. Ўзбекистондан Афғонистонга ўтганда ҳамма аскарларнинг қўлига тушарди. Агар улар орасида чиройли, келишган аёл чиқиб қолса, уни олиб қоларди. Ҳеч ким, ҳеч нарса дея олмасди. Эътироз билдирса, шу заҳоти отиб ташларди. Ўлигини дарёга ташлаб юборарди. Хуллас, жуда ёмон жойлар эди. Бу орада онаси бошқа бировга турмушга чиқиб кетади.

Тўққиз ёшида Мурод ўзи ёлғиз қолади. Пода ҳайдайди, яна бошқа юмушлар билан шуғулланади. Аммо устига, оёғига кийишга бирор тузук нарсаси бўлмасди. Кунларнинг бирида Афғоннинг бошқа шаҳрига келади. Отасининг Солижон исмли ошнаси уни кўриб қолгач, ўзи билан Қундузга олиб кетади. Солижон аканинг қизи бўлган. Чатқолнинг шароити шу қадар мушкуллигидан ўша қизнинг кийимларини кийишга тўғри келган.

Бу орада Чатқолни буваси қидириб келади. Уни олиб Мозоришарифга, опасининг ёнига элтиб қўяди. Ўша пайтда Муҳаббатхон Бухоролик бир йигитга турмушга чиққан. Мурод 16 ёшга тўлганда тўнғич акаси Саидаҳрор онасини излаб Арабистонга боради. Бироқ бунинг уддасидан чиқмайди. Ўз навбатида, онаси Муроднинг укаси Саидмақсудни ўзи билан олиб кетганди. Аммо ўз боласини Бомбейдаги меҳрибонлик уйига топшириб юборади ва Саудияга жўнаб кетади. Бу 1937-1938 йиллардаги воқеалар.
55.jpg 1946 йилда Мурод Чатқол қолган акалари билан Бомбейга боради. Етимхонадаги укасини олиб, у ерда икки йил қолишади. Бу ерда асосан майда-чуйда нарсалар сотиш билан тирикчилик қилишади. Тил ўрганишади. Йўқса оч қолиб ўлиб кетиш муқаррар эди. Ишни йўлга қўйиб олгач, буларнинг мақсади Туркия давлатига бориш эди. Бироқ элчихона виза бермади. Фақатгина 1953 йилда бунга эришишди. Туркиянинг Одана деган шаҳрига жойлашишди. Чатқол бу ерда ўн беш йил яшади. Шу ердан уйланади. Тижорат ишлари анча ривожланиб кетди. Бора-бора 53 гектар ер олиб, уй солди. Хонадонда Муроддан ташқари, укаси ҳам истиқомад қила бошлайди. Чатқолнинг ҳам фарзандлари Оданада туғилади.

Чатқол моддий аҳволи анча ўнглаб олганидан сўнг, дўстлари билан Туркистондан келган талабаларни ўқитишга кўмаклаша бошлади. Ана шундай талабалардан бири айни пайтда Оданада профессор...
33.jpg Орадан қирқ йил ўтиб, М. Чатқол онаси билан юзлашади. Волидаси уларни ташлаб кетганида 37 ёшда бўлган. Мурод онасининг шаънига ҳеч қандай ёмон гап гапирмади. Қайтага, кўнглини олишга ҳаракат қилди, Туркиянинг диққатга сазовор жойларини айлантирди. Набираларини ҳа кўриб боши осмонга етди. Фарзанди билан уч ой туриб, сўнг қайтиб кетди. Бир ойдан кейин эса Саудия Арабистонида вафот этди. Ўша уч ойлик дийдор сўнггиси экан. Аслида онага ҳам осон бўлмаган. Роса қийинчиликларни кўрди. Муроднинг хаёлидан шу ўйлар ўтган. У буни тақдир деб биларди...
Мурод Чатқол бошидан ўтказганларини айтгиси келмайди, бунга чидай олмайди...
47392ed7d92dec37fd57cd740e6fa5ce.jpg Унинг наздида Ватанга бўлган муҳаббатни ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. У ўз юртидан мосуво бўлиб, бошқа миллатларнинг таънасини, даккисини эшитди, калтагини еб катта бўлди. Шу боис, ҳозир ҳар гал Ватанига келганида “агар қолсак, балки шу кунларни кўрмасмидик”, деган ўй хаёлидан ўтаверади. Агар инсон ўз юртида ҳур, эркин яшаса, бундай кўргуликларни бошдан ўтказмайди. Афсуски, Мурод Чатқол бир пайтлар ана шу озодликни кўрмади. Изтиробли замонларни татиди. Унинг наздида инсон муҳожир бўлмаслиги керак. Ўз ватанида қурбон бўлгани, қўним топгани маъқул. Негаки, Ватансизлик ўлимдан ҳам баттар.
11.jpg Мурод Чатқол 2011 йили Тошкентга келди. Қариндош-уруғларни кўрди. Она томон яқинларни зиёрат қилди. Тилаги, Ўзбекистон Ватанини севадиган миллат, авлод етиштиришсин. Ва бу авлод вояга етганда ўз йўлини топсин. Халқига хизмат қилсин. Зеро, ўзбек халқи бошқа миллатлардан ажралиб туради. Бундай жаннатмакон юрт дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида йўқ. Мурод Чатқол бунга амин бўлган.

Абдукарим Мирзаев суҳбатлашди

Мазкур суҳбатни Youtube`даги расмий каналимизда томоша қилинг:


Мурод Чатқол Ватан Туркия