Юзма-юз 1000 23.07.2019 10:21:25

«Кўплар мени маддоҳ дейди» — Исмат Хушев

«Кўплар мени маддоҳ дейди» — Исмат Хушев

Human.uz ижодий жамоаси Канадада истиқомат қилаётган мустақил журналист, “Дунё ўзбеклари” сайти асосчиси Исмат Хушев билан сайтимизнинг “Юзма-юз” рукнида очиқ мулоқот қилди.

– Одатда юзма-юз лойиҳасини сизнинг эфирларингизда кўришга одатланганмиз. Биз ҳам ана шу лойиҳани ташкил этдик ва унда сизнинг кўриб турганимиздан хурсандмиз....

– Бу лойиҳа дунё амалиётида бор. Масалан, “Евгений Кселов билан юзма-юз”. Ўзбек журналистикасида нафақат Исмат Хушев билан юзма-юз, балки Шароф Убайдуллаев билан юзма-юз, Карим Баҳриев билан юзма-юз, Мавжуда Мирзаева билан юзма-юз, сиз билан юзма-юз каби дастурлар орқали ҳар бир журналист ўзининг имконияти, истеъдоди даражасида чиқишлар қилиши лозим. Бу жуда яхши. Бу лойиҳа билан сизларни табриклайман. Бугун сизларнинг “Юзма-юз” дастурларингизда иштирок этаётганимдан фахрланаман. Чунки сизлар кейинги вақтда Шавкат Мирзиёев олиб бораётган иқилобий ўзгаришларга камарбаста бўлаётган, кам сонли нашрлар сирасига кирасизлар.

– Ватанга қайтганингиздан кейин қандай ўзгаришларни кузатдингиз?

– Одамлар эртанги кунга ишонч билан яшаяпти. Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб келганидан буён одамларнинг руҳи кўтарилганини Ўзбекистон бўйлаб кўриш, кузатиш мумкин. Мен учун ватан дарвозалари очилди ва бугун олтинчи бор юртимга келдим. Бу – янги раҳбар ва унинг сиёсати боис рўй берди. Мен ватанимга исталган вақтда келиб мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни кўриш бахтига эришдим.

Одамларга гапириш ҳуқуқи берилди. Инсонлар кўнглида чўкиб ётган туйғулари, изтиробларини матбуот орқали айтиш имкони яратилган. Буларнинг барчаси Президент бошлаган янги сиёсатдан, Ўзбекистон эски бир қатламдан, янги бир поғонага кўтарилганидан далолатдир. Ўзбек журналистикаси ва матбуоти ҳам уйғонди. Буни – дадил айта оламан.

– Мамлакат дарвозаси сиз учун очилишини неча кун, неча йил кутдингиз?

– Менга ватанимни Шавкат Мирзиёев қайтариб берди. Қашқадарёга бориб, ота-онам ва акам қабрларини зиёрат қилдим. Мана шу бахт. Ўз ватанингни қайта кашф этиш, унинг чегараларини босиб ўтиш бахт. Буни ватанда яшаб юрганлар тушунмайди. Буни ватанидан бутун умрга бадарға қилинганлар яхши тушунади.

Шавкат Мирзиёев бир нутқида айтган эди, “Чет элдаги ватандошларимиз ҳам бизнинг фарзандларимиз. Улар бизнинг айбимиз туфайли, биз жамиятда пайдо қилган муаммолар туфайли хорижга иш излаб кетди.” Буларнинг ҳаммаси бугун Президент амалга ошираётган оқилона сиёсат иникосидир.

– Дадил, ҳақ сўзимизни айтишга баъзида чўчиб турамиз. Биз ички цензура, қўрқувдан қутиладиган вақт келармикан?

Бугун давлат хавфсизлик хизматида мана шу сиз назарда тутган масалалар юзасидан катта ишлар амалга оширилмоқда. Буни мен журналист сифатида яхши биламан. Президент қўйган топшириқлар ижобий ечим топади. Масалан, айни пайтда хорижда яшаётган ватандошларга ўгай нигоҳ билан эмас, тўғри кўз билан қаралмоқда. Бунинг тепасида ДХХ ва Ташқи ишлар вазирлиги турибди. Ватан чегараси жуда муқаддас. Хориждаги ватандошларимиз юртга қайтар экан, чегарада уларни назорат қилиши табиий жараён. Агар тўғри ниятда бўлса, қучоқ очиб кутиб олинмоқда. Агар бир-икки адашганлар бўлса, улар билан савол-жавоб ўтказиляпти. Бу нормал жараён. Буни тўғри тушуниш лозим.

Олдинги давр ўтди. Бугун ДХХ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларга камарбаста бўлиб турибди. Шуни биз журналистлар оммага етказишда ожизлик қилаяпмиз. Бугун ҳам ДХХ ҳақида одамларда нотўғри тушунчалар бор, уларнинг ҳаммасини йўққа чиқариши лозим.

Бугун 50дан ортиқ давлатга Ўзбекистонга визасиз тартиб жорий этилган. Олдин Канададан Ўзбекистонга келиш учун виза олиш керак эди. Ҳозир бир ойга визасиз келиш тизими жорий этилди. Ҳозир Президент фармони билан нафақат, ўзбеклар, балки бутун канадаликлар Ўзбекистонга келиши мумкин. Давлат идоралари амалга ошираётган ишларни халққа етказа олишимиз керак.

– Исмат Хушев шахсияти ҳақида гап кетганда мақтовни ҳам, танқидни ҳам дўндиради, деган таъриф қўлланилади. Умуман олганда холислик мезонини сиз қандай баҳолайсиз?

Холис бўлиш керак. Мажбурмиз. Холис бўлмасак, халқ бизга ишонмайди. Бизни “ажиатаж” бўлиб кузатишмайди. Мақтов ортидан қувган, бу қадар эътиборга тушиб бўлмайди. Human.uz сайти ҳам танқидга холис баҳо бера олган учун ҳам қисқа фурсатда, эътиборга тушди, нуфузга эга бўлди.

Кўпинча маддоҳлар ҳақида гап кетганда, улар барибир одамнинг этини ўлдирадиган инсонлар, деб ҳисобланади. Улар маддоҳлигини фидойилик билан ифодаламоқчи бўлишади. Маддоҳлик ва фидойилик орасида қанақа чегара ёки фарқ бор?

Мени кўплар маддоҳ, дейди. Бир одамни кўр кўрона мақтайди, унинг айби бўлса ҳам, у ҳеч нарса қилмасаям доҳий даражасига олиб чиқилади. Бу – маддоҳлик бўлади. Фидойилик бу – яхши одамга меҳр қўйиш, садоқат кўрсатишдир.

– 90-йиллар журналистикаси ва бугунги журналистиканинг ўхшашлик ҳамда фарқли жиҳатларини нималарда кўрасиз?

Масалан, И.Каримов Президент сифатида матбуотга ҳамиша эътибор қиларди. Ахборотни мунтазам кўрарди ва бундан кейин жуда кўп раҳбарлар ишига чек қўйиларди. Жуда кўп тўполон бўларди. Ана шундан кейин унинг атрофидагилар ахборотни сохталаштиришга уринди. Президент Ўзбекитондаги вазиятдан телевидения орқали хабардор бўладиган бўлди. Жойларга чиқишлар тўхтади. Онда-сонда чиқса ҳам уюштирилган одамлар турди. Вазият театрлашган ҳолатлар юзага келди. Сизга бир воқеани айтиб берай:

Темир Алимов биз қамалгандан кейин Президент давлат маслаҳатчиси бўлди. Кадрлар бўйича маслаҳатчиси бўлгандан Ислом Каримов у кишини ҳузурига чақиради. Чунки Президент олдига республикадаги барча газеталар кирарди. Ҳаттоки Трактор заводи муассислигидаги “Мотор” газетаси ҳам кирган. Шу газета турган экан. Унда бир танқидик мақола чиққан экан. Шуни ўқиб қолган. Президент маслаҳатчисига ҳаммаси яхшими, деб сўрабди. Йўқ газета тўғри масалани кўтарган, деб стол муштлаган экан. Шундан кейин Темир Алимов, ўша даврдаги Президент маслаҳатчиси, ҳозирги Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимга Президент айтгандан буён мана шу “Мотор” газетасини қолдирмай ўқияпман, деган экан.

Ҳар бир раҳбар зиммасидаги вазифасини бажарса, Ўзбекистонда ҳаммаси яхши бўлади. Лекин бизда маъсулиятни елкасига олиш йўқ. Буни қилсам, эртага ишдан кетиб қолмайманми, деган қўрқув бор. Шунинг учун ҳам амалга жорий этилаётган ислоҳотлар тормозланиб турибди.


Исмат Хушев юзма-юз