Юзма-юз 1054 25.06.2019 11:50:11

Ҳикмат Абдураҳмонов шаҳар ҳокими фаолиятини назорат қила оладими?

Ҳикмат Абдураҳмонов шаҳар ҳокими фаолиятини назорат қила оладими?

Президент ташаббуси билан ташкил этилган Жамоатчилик кенгашлари фаолиятига ҳам бир йил бўлди. Шу ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги Жамоатчилик кенгаши қандай натижаларга эришгани, кенгаши фаолияти мазмун-моҳияти ҳақида билиш мақсадида журналист Хуршид Далиев Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбатлашди. 

— Ҳикмат ака, Президент қарори билан бошқарув органлари ҳузурида ташкил қилинаётган жамоатчилик кенгашлари тузилганига ҳам, июль ойида бир йил бўлади. Сиз бошчилигингиздаги кенгаш фаолияти сизни қониқтирадими?

— Битта гап билан айтаман, менда қониқиш йўқ. Тўғри бир йил давомида қатор ишларни амалга ошириш баробарида, айрим сабабларга кўра қилинмаган, қилиниб улгурилмаган ишлар ҳам бўлди. Бироқ тан олиш керак, бир йил давомида фуқаролик жамияти шаклланиши сари катта қадам қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг “Жамоатчилик назорати  тўғрисида”ги қонунни тилга олмасликнинг имкони йўқ. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда жамоатчилик назорати, уни амалга ошириш йўлларига таъриф берилди. Кўп ўтмай, давлат ташкилотлари ҳузурида жамоатчилик ташкилотлари тузилиши ҳақида қарор чиқди. Биз ҳам бундан илҳомланиб, олдимизга катта марраларни қўйган эдик. Бироқ баъзи режаларни амалга ошириш учун йиллар керак экан. Баъзи мақсадларимиз йўлида тўсиқлар ҳам бор. Кенгашимиз моҳиятан маслаҳат органи. Тажрибали, обрўли инсонлар ташкилот ривожи учун керакли тавсиялар беради.

— Қарордаги вазифаларни ўқиб чиқдим: жуда кўп ва кенг кўламли. Агар яхлит таъриф этадиган бўлсак, давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш. Бу катта масъулият. Кенгаш бугун қонунда белгиланганидек, ана шундай назорат қудратига эга бўла олдими?

— Ҳаракат қиляпмиз. Бу йўлда бир қанча муаммолар бор: давлат ҳокимияти органлари ўртасида мувозанат йўқ. Бунга фақат фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини кучайтириш, суд мустақиллигини таъминлаш орқали ечим топиш мумкин. Тажрибамдан биламан, депутатларда фаоллик етарли даржада эмас. Фикримча, депутатлар фаол бўлса, бу каби жамоатчиликка кенгашларига эҳтиёж бўлмайди.

— Маълумки, Жамоатчилик кенгаши давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариши керак. Ана “кўприк” асосини қуриш, яъни кенгаш аъзоларини танлаш тартиби қандай кечди? Кимлар, қайси критериялар бўйича қабул қилинди? Уларнинг вазифаси нима? Рўйхатни кўрдим, анча таниқли шахслар, тадбиркорлар...

— Жамоатчилик кенгашининг фаолияти дастлабки 3-4 ойи кадрларни саралашга кетди. Фаол ишчи гуруҳимизда таниқли, обрўга эга, шаффоф ишлашга қодир 10 га яқин инсонлар бор эди. Асосий талаб – шаффофлик. Ўз хоҳиши асосида ишлаш, маълум бир соҳалар юзасидан жўяли таклифлар бериш шу каби қатор критериялар асосида эълон бердик. Бир ой мобайнида 300 га яқин талабгордан ариза келиб тушди. Уларнинг ичидан 60 нафар эксперт сараланди. Уларнинг бир қисми жамоатчилик кенгаши аъзоларига айланишди, қолганлари эса жамоатчилик кенгаши экспертлари бўлишди.

— Ҳикмат Абдураҳмонов – тадбиркор, Ҳикмат Абдураҳмонов – бир қанча бизнес лойиҳалар муаллифи ва бундан ташқари жамоат фаоли. Тошкент шаҳар Жамоатчилик кенгашига қандай келиб қолдингиз? Бу ҳурматли шахслар таклифими ёки шахсий ташаббусми?

— Ижобий ислоҳотлар бошланиши билан маълум бир ватандошларимиз чет элдан қайтишди, баъзи бировлар давлат ишига ўтишди, маълум бир юртдошларимиз ижтимоий муҳим лойиҳаларни бошлашди. Бу тенденцияга айланди. Саволингизга жавоб берсам: бу таклиф эди. Шаҳар ҳокими мени учрашувга чорлади. Самимий суҳбат бўлди. Ҳокимнинг сўзларини келтираман: шаҳар ривожланиши учун стратегик ёндашув муҳим, янги лойиҳалар керак, аналитик ижодий ишларга талаб лозимлигини айтди. Ҳоким эса асосий вақтини кундалик муаммолар ечимига сарфлаётгани айтилди. Шу тариқа шу ердаман.

— Менга қизиқ, халқнинг дарду ташвиши, муаммосини керакли инстанцияларга олиб чиқадиган тизимлар мавжуд. Масалан, президент портали, Бош вазир Қабулхонаси, Халқ қабулхоналари... Жамоатчилик кенгашига ҳам бу каби вазифалар юкланиши зарурияти бормиди?

— Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси муаммоларни ҳал қилиш эмас. Бунинг учун унда маблағ ҳам, ваколат ҳам йўқ, аслида. Унда нимага керак бу ташкилот дерсиз?! Биз қандайдир тизимли муаммолар ҳал қилинмаса, уларга ижобий ечим топилмаётган бўлса, бу ҳақида ҳокимиятга сигнал берамиз. Нимага ҳал қилинмаяпти, сабаблари нималардан иборат. Шу бизнинг асосий вазифа. Мисол келтираман, дарахтларнинг оммавий кесилгани билан боғлиқ ҳолат ёдингиздадир. Ҳозир ҳам учраяпти бунақа вазиятлар. Биз бу ҳолатни ўрганиб, наҳотки бу турдаги хатти-ҳаракатларни тартибга соладиган қонунчилик асоси йўқ, деган эътироз билан чиққандик. Ушбу муаммо мутасаддилар олдига қўндаланг қўйгандик.

Зиммамиздаги яна бир вазифа – ташаббуслар бериш. Шаҳарда кўплаб муаммолар топилади: қурилиш-бузилишлар, жамоатчилик транспорти, экологик ҳолат, бетартиб автотураргоҳлар ва ҳ.к. Бизга исталган инсон мана шу масалалар ечими бўйича лойиҳа таклиф этиши мумкин. Биз эса пилот лойиҳалар билан танишамиз, уларни ўрганамиз ҳамда ўз йўналиши ваколатли мутасаддиларга тақдим этамиз.

— Жамоатчилик кенгашининг йил давомида эришган ютуқлари ҳамда камчиликлар...

— Биласизми, муаммолар муаммоларни тан олмаганимиздан келиб чиқади. Тошкент шаҳрининг бош режаси йўқлиги, бу катта камчилик. Унинг ечими ўрнида урбанистика марказини ташкил қилдик. 2018 йил сентябридан таниқли экспертлардан иборат ишчи гуруҳи ёрдамида олти йўналишга асосланган стратегия ишлаб чиқишга киришган эдик: шаҳар иқтисодини ривожлантириш, коммунал, шаҳар бош режаси, Тошкент шаҳрида табиатни муҳофаза қилиш ва экология, маъмурий бошқарув(шаҳар мисолида), ижтимоий соҳа бўйича қандай ислоҳотлар қилиш кераклиги юзасидан таклифлар йиғдик. Яқиндагина мана шу стратегиянинг концециясини жамоатчилик муҳокамасига қўйдик.

— Хорижий давлатларда кўп бўлгансиз. Уларда Жамоатчилик назорати, Жамоатчилик кенгашлари фаолияти қай даражада йўлга қўйилган?

— Москва, Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари: Олма-ота, Нур-Султон шаҳарлари тажрибалари ўрганилди. Биласизми, Москвада йилда бир бор шаҳар фуқаролик форумини ўтказади. Шаҳарда фаоллик кўрсатаётган расмий, норасмий, давлат, нодавлат ташкилотлари йиғилиб, уларнинг муаммоларининг ўрганиш платформаси ташкил этилган. Бир ҳафта давомида фуқаролик жамоат ташкилотлари билан диалог амалга оширилади. Биз ҳам шу каби форумни ташкил этиш ниятидамиз. Ижтимоий тармоқларда кўплаб гуруҳлар бор: ҳайвонларни ҳимоя қилиш, бева-бечораларга беминнат ёрдам кўрсатаётган ҳаваскор-волонтерлар бор. Афсуски, уларни бугун ҳокимият радарларида кўрмаяпмиз. Мақсадимиз уларга тизимли ёрдам кўрсатиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш. Жорий йилда кузда илк бор мана шундай форум ўтказмоқчимиз.


Жамоатчилик кенгаши суҳбат