Юзма-юз 1514 01.06.2019 15:35:37

Иккинчи умр. Жанггоҳдан омон қайтганлар

Иккинчи умр. Жанггоҳдан омон қайтганлар

Мамлакатимизда муқаддас рамазон ойи муносабати билан “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Яқин Шарқдаги қуролли можароларга адашиб кириб қолган, асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар юртдошимиз Ватанимизга қайтарилди.

Уруш даҳшатларидан омон қолган инсонлардан бири — 38 ёшли Мунаввархондир. Бундан беш йил аввал унинг укаси интернетда Сурияга чорлайдиган видеоларини кўриб қолади. Шунда ёш йигитнинг онги заҳарланиб, бутун оиласини Сурияга олиб кетишга даъват эта бошлайди. Оқибатда отаси, онаси ва турмушидан ажрашган Мунаввар бир фарзанди билан ажал жодусига алданади.

Аввалига четроқда яшаган оила ўзини нима кутаётганини билмайди. Ўша ерда Мунавварга тожик миллатига мансуб бир кишидан совчи келади ва қўшхотинли одамга уч хотин бўлиб никоҳланади. Турмуши давомида эгиз фарзанд кўради, аммо орадан бироз вақт ўтиб, отаси, укаси ва турмуш ўртоғи жангарилар қўлида ҳалок бўлади...

Андижонлик Муҳаббат Абдужабборованинг тақдири эса бундан-да аянчли. Уч ўғил ва бир қизнинг онаси бўлган бу аёл узоқ йиллар турмуш ўртоғи билан Россияда яшади. Иккита ўғлини уйлантириб, қудали бўлиб тинч-тотув умргузаронлик қилиб юрди. 2012 йилга келиб, опанинг турмуш ўртоғи Россиядан Туркияга кўчиб кетиш хақида оғиз очади, лекин таклифини оиласидагилар маъқулламайди. Шундан сўнг, ота “Онангиз мени гапимга кирмаяпти, эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша шу ерда бўлиши керак, ё мени гапим гап ёки ажрашамиз” деб туриб олади. Ноилож, икки ўғил Туркияга кетишга рози бўлади, учинчиси эса спортчи бўлгани учун Россияда ҳам яхши даромад қилиши боис рози бўлмайди.

Бора-бора аврашлар ўзининг “меваси”ни беради. Кенжа фарзанд ҳам кўнади. Оиланинг барча аъзолари Туркияга йўл олади. Бу давлатдаги машваратларнинг бирида Муҳаббат Абдужабборованинг эри Сурияда шариат ҳукмига асосланган тузумда яшаш учун кетаётганлар хақида эшитиб қолади. Шу кундан бошлаб Сурия орзуси оиланинг бош мавзусига айланади ва у рўёбга чиқади. Бироқ у жаҳаннам ўтига етаклайди: бу ерда икки ўғли жангарилар қўлида ҳалок бўлди, учинчиси бедарақ йўқолди. Келини ва неваралари ҳам бомба остида жон берди.

Муҳаббат Абдужабборова шулар ҳақида сўзлар экан, оиласидан батамом айрилган аёл ҳали ҳам Ўзбекистонда экани, бу ерда кечаси бехавотир ухлашига дастлаб ишонгиси келмайди. Лекин сал ўзига келиб олгач, бу ҳадик ўринсизлигини англаб етади. Ватанига қайтиб келганидан Яратганга шукроналар айтади.

Яна бир ватандошимиз Жумагул Тўлқинова бир ёшу уч ойлик қизчасини бағрига босганча биз билан суҳбатлашди. Икки фарзандли бу аёлнинг онаси Ўзбекистонда, отаси Қозоғистонда истиқомат қилган. Бир онасиникида, бир отасиникида яшаб юрган. Ўша пайтларда у ҳам Сурия хақидаги  “ширин эртак”ка алданиб, Қозоғистондан “онамни кўргани Ўзбекистонга кетаман” деб, Қирғизистон орқали чет элга чиқиб кетади. Онаси отасини ёнида деб, отаси эса онасиникига кетган, деб ўйлаверишади. Оқибатда у ҳам боши берк, борсакелмас юртга тушиб қолади.  

Жумагул  Сурияда ўтган даҳшатли кунларини эсларкан, у ерга кириш бор, аммо қайтиш йўқлигини ваҳима билан тилга олади. Уруш ҳукм сураётган бу мамлакатда ҳатто, қўлидаги гўдаги ҳам бомба остида қолишига бир баҳя қолган экан. Фарзандига Ҳабиба деб исм қўйган, бироқ унинг туғилгани хақида бирор бир ҳужжат йўқ. “Урушда туғилган болага ким ҳам ҳужжат берарди”, — дейди тақдир гирдобига тушган ёш аёл.

Ҳар томонда сочилиб ётган мурдалар, қип-қизил қон, узилиб тушган қўл-оёқлар... энди буларнинг бари ортда қолди. Қаҳрамонларимиз ҳар сафар Ўзбекистонни фақат тушида кўрарди. Мана, бу гал ҳаммаси ўнгида бўлмоқда.


Мавзуга оид