Жаҳон 275 03.04.2019 14:19:07

Хитой иқтисодиётни жонлантириш учун қўшимча қиймат солиғини туширди

Хитой иқтисодиётни жонлантириш учун қўшимча қиймат солиғини туширди

Хитой ўз иқтисодиётининг ўсиш суръатларини жонлантириш учун қўшимча қиймат солиғини пасайтиришга қарор қилди. Солиққа тортиш амалиётидаги енгиллик 1 апрелдан кучга кирган.

Бунинг натижасида Apple ва Gucci каби қимматбаҳо маҳсулотлар сотувчи компаниялар Хитойдаги нархларини пасайтирган.

Расмий Beijing ўтган ой 2019 йилда ишлаб чиқариш, транспорт ва қурилиш соҳасидаги барча компаниялар учун солиқлар ва тўловларни 2 трлн юанга пасайтиришини билдирган эди.

Эндиликда, Хитойдаги Apple дўконларидаги энг сўнгги русумдаги смартфонлар маҳсулотлар қиймати 500 юан (74.44 доллар)гача арзонлашганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, Apple ўз маҳсулотлари арзонлашганига доир изоҳ бермаган.

Бироқ Франциянинг қимматбаҳо буюмлар билан савдо қилувчи Kering гуруҳига кўра, Италиянинг Gucci бренди ўз маҳсулотларини 3 фоизга арзонлаштирган. Louis Vuitton матбуот котиби ҳам нархлар пасайтирилганини билдирди.

Дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиёти сўнгги 30 йиллар ичидаги энг секин ўсишни намойиш қилмоқда. Маҳаллий бозордаги талабнинг пастлиги ва АҚШ билан савдо уруши бунга сабаб бўлмоқда.


Хитой АҚШ Apple Gucci

Мавзуга оид