Жаҳон 850 30.04.2019 13:04:10

БМТ Бош котиби инсониятга хавф солаётган янги таҳдид ҳақида гапирди

БМТ Бош котиби инсониятга хавф солаётган янги таҳдид ҳақида гапирди

«Биз бугунги кунда қайси динга бўлмасин эътиқод қилувчиларга нисбатан зўравонлик ва нафратнинг очиқ-ойдин кўрсатилаётганига гувоҳмиз. Оддий мисол: сўннги кунларда АҚШдаги синагогга ва Буркина-Фасодаги протестантлар черковига ҳужум бўлди». Бу сўзларни 29 апрель куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро жамоатчиликка мурожаат сифатида тилга олди. Бу ҳақида ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Бундай мудҳишликлар одатий манзара касб этиб қолди: мусулмонларни масжидда отишмоқда, уларнинг муқаддас масканлари ёввоийларча яксон этилмоқда. Яҳудийлар ўз ибодатхоналарида ўлдирилмоқда, уларнинг қабр тошларига фашизм рамзи бўлган хочлар чизилмоқда. Насронийлар ибодат маҳали ўлдирилмоқда, уларнинг черкови ёқилмоқда. Ҳар қандай дин вакилининг «хотиржамлик маскани» бўлмиш ибодатхоналар зўравонликни амалга ошириш учун мўлжал бўлиб қолди», - дейди БМТ Бош котиби.  

«Қотилликлар ортида доим жирканч манфаатлар ётади. Бутун дунё ксенофобия таъсирига тушиб қолмоқда. Бу нафақат диний гуруҳларга қаратилмоқда, балки муҳожирлар ва қочқинлар ҳам ундан озор чекмоқда. Оқ танли одамларнинг барчадан ўзини устун қўйиш ғояси ривожланмоқда. Неонацист мафкурасининг тикланиши, “ўзгалар” деб ҳисобланган барчага бўлган нафратнинг ошиб бораётгани ҳам даҳшатлидир», - деб таъкидлаб ўтди у.

БМТ раҳбари ксенофобияга қарши курашишда иккита ташаббусни эълон қилди. Улардан бири диний қадриятларни ҳимоя қилиш масаласида пухта режа ишлаб чиқиш бўлса, иккинчиси Ташкилотни юқорида айтиб ўтилган хунрезликларга қарши сафарбарлик тизимини шакллантириш.    

«Дунё антисемитизм, исломофобия, насронийларни таъқиб қилиш, шунингдек, ирқчилик, ксенофобия, камситилиш ва нафратга қарши нима қилиш зарур бўлса, барчасини бажариши шарт», – деди Бош котиб.


БМТ ксенофобия