Жаҳон 337 25.10.2019 08:03:21

Туркий Кенгашнинг истиқболи порлоқми?

Туркий Кенгашнинг истиқболи порлоқми?

Дунёда глобаллашув, беқарорлик ва қарама-қаршилик кучайиб бораётган шароитда айнан яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши янги, янада жадал ва масъулиятли тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Бу қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги изчил ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни талаб этади. Бундан йигирма йиллар муқаддам бундай масалани кўтаришнинг ўзи бўлмасди. Бироқ бугун ўзининг тарихий умумийлиги ва маънавий алоқалари билан яқин бўлган туркий тилли мамлакатлар фаол интеграция йўлидан бормоқда, бу билан аста-секин ижтимоий-иқтисодий макондаги аҳамиятли ўйинчиларга айланиб боришаяпти.

Айни вақтда СССР парчаланиб кетгач, “славян олами” деб аталувчи (умумий тил илдизига эга мамлакатлар гуруҳи – Россия, Украина, Польша, Болгария, Беларус, Чехия ва бошқалар, Европа ҳудудидаги 20 га яқин давлатлар ва халқлар) гуруҳ деярли ҳеч эсга олмаётган бир пайтда туркий тилли давлатлар мамнуният билан ўзаро яқинлашаётгани халқаро жамоатчилик эътиборига тушди ва уларни бирлаштириб турган Туркий Кенгаш истиқболига ҳеч кимда шубҳа қолмади.

Бугунги кунда Туркий оламни турли мамлакат ва қитъаларда яшаётган, 165 миллионга яқин инсонни жамлаган халқлар бирлаштириб турибди. Улар жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакати ҳудудида, шунингдек, Жанубий Америка ва Европа Иттифоқи мамлакатларида истиқомат қилади. Масалан, Россия ҳудудида татарлар, бошқирдлар, чувашлар, қалмиқлар (Кавказда), тувинлар, хокаслар, яқутлар, қорачойлар, черкеслар, болқарлар, нуғайлар каби туркий халқлар яшашади. Молдовада эса гагауз туркий халқлари мавжуд. Глобаллашув ва бошқа халқлар билан интеграциянинг кучайиши туркларни сайёрамизнринг бошқа қисмларига, шу жумладан, АҚШ ва Австралияга тарқалишига олиб келди. Қаерда яшамасин, туркийлар ўз дини ва эътиқодини сақлаб қолди.

Ҳаммаси 1992 йилдан, ҳали ёш собиқ совет мамлакатлари ўз суверенитетини халқаро майдонда мустаҳкамлаш сари йўл қидираётган пайтдан бошланди. Ўшанда Туркия пойтахтида бир неча мамлакат Анқара баёнотини имзолаган бўлиб, унда турк оламининг кенг маконида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш хохиши қайд этилган.

Роппа-роса ўн йил илгари Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида ривожланиш стратегияси ва алоқаларни кенгайтириш мақсадини белгилаб берган туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бу воқеа қардош халқлар алақалари эволюциясида янги, бирмунча маънили ва прагматик босқичга йўл очди.

Ўтган йиллар ичида Кенгашнинг иштирокчилари – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия – томонидан пухта институционал архитектура барпо этилди. Булар Турк Парламент ассамблеяси (ТуркПА), ТУРКСОЙ – турк маданияти халқаро ташкилоти, Турк академияси, Турк маданияти ва мероси Фонди, Оқсоқоллар Кенгаши, Савдо-саноат палатаси.

Бу омилларни яқинда Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтган Кенгашнинг навбатдаги мажлисида бирлашманин Ўзбекистон ва Венгриянинг турли мақомда қўшилиши ҳисобига кенгайиши ҳодисаси ҳам мустаҳкамлади. Сўзсиз, Европа Иттифоқининг фаол аъзоларидан бири – Венгриянинг турк оламига кузатувчи мақомидаги иштироки алоҳида аҳамият касб этади.

Турк халқларининг тарих зарварақларидаги ғайриоддий ҳодисаларидан бири Можаристоннинг ушбу гуруҳда пайдо бўлиши саналади. Таъкидлаш жоизки, 1130 йилча олдин венгерлар қадимда Дашти Қипчоқ (Қозоғистоннинг ҳозирги ҳудуди) деб юритилувчи қадрдон ўтовларини бир умрга ташлаб Европа марказига кўчиб ўтишди. Балки, бу халқларнинг чинакам тарихи бир илдиздан озиқланиши, геннинг ўзаро яқинлиги сабабли ҳозирги алоқалар алоҳида аҳамият касб этаётгандир. Афтидан, ўзининг қадимий илдизларини теран англаган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳар сафар анъанага кўра, туркий давлатларнинг бирида ўтадиган Чавандозларнинг бутунжаҳон ўйинларини кўришга келаётир. У шунингдек, Ҳамкорлик Кенгашининг доирасидаги туркий давлатлар раҳбарларининг учрашувида у ёки бу мақомда қатнашмоқда, боз устига, мамлакатининг Турк Кенгашида иштироки Европа ва туркий тилли давлатлар ўртасида кўприк вазифасини ўташи борасидаги орзу-умидларини яширмаяпти. Ўзбекистонинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги эса туркий тилли мамлакатлар бирдамлигига беқиёс ҳисса қўшади, ҳамкорликни чуқурлаштиради, халқларнинг фаровонлиги йўлида муносабатларни мувофиқлаштириш даражасини оширади. Ўзбекистон ҳар доим туркий дунёнинг марказий қисмларидан бири бўлиб келган. Қолаверса, юртимиз Буюк ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ажойиб шаҳарлари билан Турк-Ислом тарихининг иқтисодий ва маданий бешиги ҳисобланади. Бундан ташқари, бой миллий ва тарихий мероси билан дунё цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган Ўзбекистон бугунги кунда нафақат марказий жуғрофий жойлашуви ва ортиб бораётган имкониятлари билан бутун минтақани ривожлантириш учун янги имкониятларни таклиф қилмоқда. Буларнинг бари мамлакатимиз ва бошқа туркий тилли давлатлар ўртасидаги асрий қардошлик ришталарини Туркий кенгаш доирасида янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бокудаги саммитда турк олами қурилишининг бунёдкорларидан бири, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг роли жуда юқори баҳоланди. Туркий дунёдаги муносабатлар ривожи ишидаги ва бевосита, туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини ташкил этишдаги катта хизматларини юксаск қадрлаб, уни мукофот билан тақдирлади, Нурсултон Назарбоев тузилма фаолиятида фаол иштирок эта олиши мақсадида унинг учун махсус янги лавозим – Кенгашнинг умрбод фахрий раиси лавозими таъсис этилди.

Халқаро кузатувчиларни ўзига ром этаётган факт шундаки, бу бирлашма турк дунёсини сиёсий ёки ҳарбий иттифоқ доирасида эмас, балки миллатлар келиб чиқишининг умумий тарихи тарихи асосида, иқтисодий-ижтимоий ва маданий-гуманитар муносабатлар асносида қуришга интилмоқда. Истиқболли ва ёрқин лойиҳа сифатидаги унинг улкан устунлиги ҳам ана шунда. Шубҳасиз, маданий-гуманитар ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги муносабатлар муҳитини шакллантиради, инсонларни бирлаштиради. Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ва Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилиши, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистон маданият кунлари ва қўшма дўстлик концертлари, фестиваллари, кўргазмалари бунинг ёрқин далилидир. Бу шубҳасиз, Туркий кенгашнинг барча мамлакатлари учун яхши анъанага айланиши ва, шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Очиқлиги, кўп миллатлиги ва бағрикенгли туфайли йилдан-йилга Турк Кенгашининг ҳам минтақавий, ҳам халқаро даражадаги сиёсий ва иқтисодий нуфузи ўсиб бормоқда. Сиёсатшунослар бир масалада якдил: жуда қисқа муддатларда туркий давлатлар Ташкилоти ҳали ўзини нималарга қодирлигини кўрсатади, шунинг учун унга аъзолик бошқа кўплаб ривожланган давлатлар учун устувор мақсадлардан бирига айланади.

Абдували Сойибназаров,
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид