Жаҳон 210 09.10.2019 09:19:12

Ироқ: ёлғон ваъдалар сароби

Ироқ: ёлғон ваъдалар сароби

1 октябрдан бери Ироқ яна халқаро ҳаётнинг энг муҳим мавзуларидан бирига айланди. Ишсизлар сони ортиб бораётгани ва яшаш шароити ёмонлашаётганидан ғазабланган кишилар норозилик намойишларига чиқа бошлади. Шундан сўнг мамлакатнинг шиалар кўп яшайдиган жанубий ҳудудларида ҳам норозилик намойишлари бошланиб кетди. Ироқ пойтахтида бир неча кун давом этган тартибсизликлар ортидан куни кеча Бағдод губернатори Фалоҳ ал-Жазоирий истеъфога чиқарилди.

Душанба тонги Ироқ пойтахтида сўнгги кунлар ичидаги энг тинчи бўлди. Мактаблар ва давлат идоралари ўз фаолиятини қайтадан бошлади.  5 октябрь куни Бағдодда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда камида 19 киши ҳалок бўлди - намойишчиларни тарқатиб юбориш учун полиция ўт очди ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. 1 октябрдан бери Ироқнинг турли қисмларида ёмон яшаш шароити ва коррупцияга қарши намойишлар тартибсизликларга айланиб кетганидан буён мамлакатда 110 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Энг шиддатли тўқнашувлар Бағдодда юз берди. Ички ишлар вазирлиги 6 октябрь куни яраланганлар сони 6107 нафарга етганини, улардан 1200 нафари хавфсизлик ходимлари эканини билдирди. Ҳалок бўлганлардан саккиз нафари полициячидир. Расмий маълумотларга қараганда, норозилар 51та жамоат биноси ва саккизта сиёсий партия штаб-квартирасига ўт қўйган. БМТ бош котибининг Ироқдаги махсус вакили Жанин Ҳеннис-Пласшерт Ироқдаги норозиликларга қарши зўравонликни қоралади. Ироқ шиаларининг машҳур руҳонийси Муқтадо ас-Садр 4 октябрда ҳукуматни истеъфога чиқишга ва янги сайлов ўтказишга даъват этди.

Ироқнинг қатор шаҳарларида минглаб одамлар коррупция, ишсизлик, давлат хизматларининг сифатсизлиги, электр таъминотининг ёмонлиги ва сувнинг етишмаслигидан норози бўлиб намойишга чиқмоқда. Ваҳоланки, бир бурда нон илинжида кўчага чиққан ҳалойиқни ўққа тутишга хавфсизлик кучларининг ҳаққи йўқ эди. Шундоқ ҳам халқ АҚШ бошлиқ халқаро коалициянинг бедодлигидан жуда кўп азият чекди, мамлакатда хорижликлар томонидан тайинланган ҳукумат коррупция ботқоғига ботиб бўлган, тиббиёт, халқ маорифи издан чиқди, тинчлик ва барқарорлик ҳукмронлик бўлган йилларда қурилган саноат корхоналари вайрон бўлди, ишсизлар армияси кун сайин томир ортмоқда. Халқ исёни кенгайишидан чўчиган Ироқ ҳукумати интернетга кириш йўлини чеклади, вақти-вақти билан ўчирди. Кўрилаётган чораларга қарамай, одамлар ҳукумат ағдарилмагунича норозиликни давом эттирмоқчи. Бевосита намойишларга қайтадиган бўлсак, ёшларнинг тарқоқ исёни расмийлар кўзини очадими ва уларни халқнинг талабини эшитишга мажбур қиладими? Ёки халқнинг қаршилигини синдириб ташлашадими? Ахир бу қадар оммавий чиқишларни Ироқ америка ҳужумларидан бери кўрмаган эди. Намойишлар шимолий ва ғарбий провинциялардан бошқа барча шаҳарларда юз бермоқда. Шу пайтгача Ниневия, Киркук, Салах-ад-Дин ва Анбар провинцияларида аксилҳукумат намойишлари юз бермаган эди.  

Истеъфоси талаб этилаётган Ироқ бош вазири Одил Абдул Маҳди телевидения орқали халққа мурожаат қилиб, намойишчиларнинг адолатли талабига қўшилишини айтди. Унинг чиқиши пайтида мамлакатда яна интернет ишлаб қолди. Бош вазир унинг ҳукумати норозиларнинг талаби устида ишлашга киришажагини айтди, аммо мамлакат олдида турган муаммони ечишнинг “сеҳрли усули” йўқлигини ҳам қўшимча қилди. Маҳди парламентни аҳолининг қашшоқ қатламига кафолатланган даромадни тақдим этадиган қонун лойиҳасини маъқуллашга чақирди. Бироқ бунга ҳам вақт кетишини баён қилди.

Хўш, нефт заҳиралари бўйича дунёнинг тўртинчи мамлакати, АҚШ томонидан демократия, қонун устувор бўлган давлат қуриш ваъдаси берилган икки дарё оралиғидаги қадимий давлат нега бу қадар чўкди. Ахир Саддам Ҳусайн даврида 40 миллионли Ироқ фаровон, Форс кўрфазининг дурдоналаридан бири эдику. Мана энди аҳолининг 22,5 фоизи қашшоқликда кун кечиради. Қашшоқ деганда Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, кунига икки доллардан кам маблағ ҳисобига кун кечирадиган кишилар айтилади. Боз устига, ҳар олтинчи ироқлик оиласида озиқ-овқат етишмовчилиги сезилади. 2018 йилда ишсизлик даражаси 7,9 фоизга етди, аммо ёшлар орасида бу рақам икки марта юқори. Ишга яроқли ироқликларнинг деярли 17 фоизи фақат вақтинчалик ишларни бажаришга мажбур. Бу ҳам етмагандек, 2003 йилда Америкаликларнинг бостириб киришидан кейин бошланган хаосда бир миллион ироқлик болалар етим қолди.

Аслида турли ҳарбий доираларда ёз ойи “Ироқда жазирама” бўлишини тахмин қилинаётганди. Чунки америкаликлар бу мамлакатда Эроннинг таъсири кучайишидан ташвишланаётган ва Ироқ расмийларини Теҳрон ҳукумати билан муносабатларда эҳтиёткорроқ бўлишга чорлаётган эди. “Авлиёгўй башоратлар” ўзини оқлади. Жазирама ёз тайёргарлик вазифасини ўтади, кузнинг иссиқ ҳарорати ҳам беқарорликлар учун етарли бўлди. Бевосита намойишларда америкаликларнинг қўли бўлмаса-да, бу чиқишлар уларнинг манфаати учун хизмат қилиши мумкинлиги инкор этилмайди. Зеро, Пентагон ҳамон Ироқда ҳарбий базалар очиш талабини илгари сураяпти, аммо Бағдоддагилар ўз мазҳабдошларига қарши ўйнаши мумкин бўлган базаларга рўйхушлик бермаяпти. Ироқ бош вазири Одил Абдул Маҳдий АҚШ мудофаа вазири Патрик Шанахан билан Бағдодда учрашганида, Ироқ хорижлик ҳарбий кучларга мамлакатда ҳарбий база барпо этишларига қаршилик қилади деб таъкидлади.  Ироқ ўз қарорларини мустақил қабул қилади ва мустақил юритади ҳамда ҳеч қайси томонларни таъсирига тушиб қолмайди. 

Ироқ бош вазирига кўра, АҚШ ва Ироқ ўртасидаги хавфсизлик келишувига биноан, америкалик ҳарбийларнинг Ироқда бўлишлари терроризмга қарши кураш ва Ироқ ҳарбий кучларига ҳарбий таълим ўргатиш бўлиб, мазкур келишувда бундан бошқа ҳеч қандай чоралар кўзланмаган. Демакки, Бағдод АҚШ талабларига ён бермаган.

Ҳозирги ҳодисаларнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, намойишлар сиёсатдан ҳоли, улар сотилган ва сотиб олинган амалдорлар ёки ишбилармонлар томонидан бошқарилаётгани йўқ. Аксинча, узоқ пайтлар тўпланган халқнинг ғазаби юзага қалқиб чиқди. Ан-Насирия шаҳрида яшовчилардан бири Абу Алининг араб газеталаридан бирига айтишича, халқнинг муайян сиёсий талаби йўқ. 2015 ва 2018 йилларда талаблар қўйилган эди. Бугун халқ норозилиги – бу ҳеч ким, на сиёсатчилар, на диний арбоблар қўллаётган, йиғи, ғам-алам ифодаси холос.

Ироқдаги кулфатларга фақат ўзини “Ислом давлати” деб эълон қилган террорчи гуруҳ айбдор десак, янглишган бўламиз. Тўғри, мамлакат 2014 йилда Ироқнинг ғарби ва шимолини эгаллаб олган ИШИД жангариларга қарши оғир уруш оқибатларидан энди тикланмоқда. Ироқ ҳукумати ва Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, қайта тиклаш ишларига камида 88 миллиард доллар талаб этилади. Аммо...

Эътибор беринг, бугун Ироқ дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатлари рўйҳатида 12 ўринни эгаллаб турибди. Расмий маълумотларга қараганда, Саддам Ҳусайн режими қулаган 2003 йилдан кейин мамлакатдан 450 миллиард доллар миқдоридаги давлат маблағлари изсиз йўқолди. Бу Ироқнинг давлат бюджетидан 4 маротаба кўп демакдир. Ана сизга Америкача демократия. Айрим “сиёсатдонлар” Америка билан яқинлашиш ва дўст бўлишни орзу қилишади. Аммо икки қутбли дунё тартиботи ўтиб кетди. Эски замонларда СССРга қарши туриш ва унинг мафкурасини қабул қилмасликлари учун Вашингтон пулнинг олди орқасига қарамай, ҳадя қилиб юборарди. Энди Вашингтон ривожланаётган айрим давлатларга берган савдо имтиёзларини бекор қилиб, ўз манфаатлари йўлида савдо урушларини олиб бораётганини ҳам кузатишимиз мумкин.

Шу ўринда АҚШ президенти Доналд Трамнинг 2016 йилги президентлик сайловолди кампаниясида Ироқ уруши ҳақида айтган фикрлари ёдга тушади. "Шак-шубҳасиз, Ироқ уруши — йўл қўйилган энг катта хатолардан бири бўлди. АҚШ Ироқ урушига 2 триллион доллар сарфлаб, минглаб инсонларни йўқотди”. Ушбу хато Жорж Буш томонидан содир этилди... Тўғри, ҳаммамиз ҳам хатога йўл қўямиз. Аммо бу бошқача хато бўлди. Биз ҳеч қачон Ироққа кирмаслигимиз лозим эди. Биз Яқин Шарқдаги вазиятни тинчсизлантирдик", — деган эди Доналд Трамп.

Трамп кичик-Жорж Бушни ёлғончиликда айблади. “Ироқ уруши – мамлакатда оммавий қирғин қуроли борлиги баҳонасида бошланган эди. Аммо биз у ёқда бу қуролни кўрмадик”.

Тадқиқотчи Жеймс А. Лукас ўзининг чуқур изланишлар асосида ёзган мақоласида қайд қилишича, АҚШ томонидан амалга оширилган урушлар, ҳарбий тўнтаришлар ва разведка операцияларининг оқибатида 37 давлатда 20 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган ва буни “урушдан кейинги давр” (1945) деб номлайди. Бу тадқиқотга Ливан, Сурия, Яман ва Ливиядаги улкан машъум уруш қурбонлари сони киритлмаган. Изланишлар қуйидагича кўриниш олди: Афғонистон 1-1,8 миллион киши (12 минг тўғридан- тўғри), Ангола 750 мингтача киши 1961-77 йиллар, Боливия 400 киши киши 1977 йиллар, Камбоджа 2,5 миллион киши, Чад 40 мингдан 200 минггача киши 2001-2003 йй, Чили 3 минг киши, 1970 йиллар, Хитой 900 минг киши, Колумбиа 20 минг киши, Куба 4 минг киши, Конго 10 миллион киши, 20 йилда (Леополд геноциди), Доминикан 3 минг киши, Шарқий Тимор 200 минг киши, Салвадор 75 минг киши, Гренада 277 киши, Гваматела 200 минг киши, Гаити 100 минг киши, Гондурас 400 киши, Венгрия 3 минг киши, Индонезия 500 мингдан – 3 миллонгача, Эрон 262 минг киши (1988 й), Ироқ 105 минг киши, 1988 йилгача, Ироқ 560 минг чақалоқ, 340 минг киши 2003 йилгача, Исроил-Фаластин урушида икки тарафдан 200 минг киши, Жанубий ва Шимоли Корея уруши 4,5 миллион киши, Лаос 240 минг киши, Непал 12 минг киши, Никарагуа 25 минг киши, Покистон 3 миллион киши, Панама 4 минг киши, Филиппин 100 минг киши, Жанубий Америка Кондор операцияси 13 минг киши, Судан 2 миллион киши, Вьетнам 3,4 миллион киши, Югославия уруши 105 минг киши.

Ироқда Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдаришга қаратилган уруш очилганига ҳам 16 йил тўлди. Бу уруш қиймати, оқибатлари ҳақида гапириш бугун гўё маъносиздек туюлади. Ҳар куни мамлакатнинг у ёки бу нуқтасида юз бериб турган портлашлар, террористик ҳужумларнинг йилдан-йилга кўпайиб, қолаверса, диний ва миллатлараро зиддиятларнинг кучайиб бораётгани Ироқ уруши энг адолатсиз урушлардан эканлигини намоён этади. Бугун Ироқда на оммавий қирғин қуроллари, на бошқа тақиқланган воситалар борлиги исбот талаб қилиб бўлмайдиган ҳақиқатга айланган.

Бу уруш дунёда манфаат йўлида айрим давлатлар гегемонлиги жаҳон мамлакатлари тараққиёти учун катта хавф эканлигини кўрсатди. Ироққа минглаб аскар олиб кирган ҳамда ушбу мамлакатда бутун инфратузилмани ишдан чиқариб юборган АҚШ ушбу давлатни тиклашни ўзининг “маънавий вазифаси” деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида ушбу мақсадда Америка давлат бюджетидан 60 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилган. Умуман, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгандан бери Ироқни тиклаш ишларига АҚШ томонидан 90 миллиард йўналтирилган. Аммо сарфланган ана шу 60 миллиард доллар мамлакатдаги вазиятни етарли даражада ўзгартирди, дейишга тил бормайди. АҚШ конгресси учун Ироқни тиклаш бўйича инспектор Стюарт Боюэн томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилишича, ушбу маблағлардан 8 миллиард доллари ҳавога совурилган. Бунга сабаб Ироқда шаклланган коррупция ва хавфсизликнинг бутунлай издан чиққанидир. Ушбу урушда 5 минг нафардан ортиқ америкалик ҳарбий аскар ҳалок бўлди. 100 минг нафардан ортиқ ироқликлар бу урушнинг қурбонига айланишди. Энг ёмони, бу урушга ҳали ҳамон нуқта қўйилгани йўқ. Ироқ собиқ бош вазири Нури Маликнинг айтишича, АҚШ томонидан йўналтирилган маблағларнинг бир қисми “нооқилона сарфланган”.  Унинг фикрига кўра, аслида мазкур тиклаш ишлари учун юборилган маблағлар Ироқда кўзда тутилганидан ҳам кўрпоқ ўзгаришлар ясаши мумкин эди. Ироқ парламенти собиқ спикери Осама Ружафийнинг айтишича, Ироқни тиклаш бўйича олиб борилган ишлар, умуман, ҳеч қандай самарага олиб келмаган.

Умуман, Ғарб мамлакатларининг хатти-ҳаракатлари билан демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлигини олиб кириши мумкинлиги ҳақидаги ёлғон ваъдаларини англаб етиш керак. Бу демократия охир-оқибат динлараро, миллатаро зиддиятларни кучайтириб, қон тўкилишига олиб келаётганини унутмаслик керак.

Энг ёмони, катта иқтисодий ва минерал захиралари бўлишига қарамасдан уларда иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмалар ишдан чиққанлиги боис ташқи маблағларга қарамлиги ортмоқда. Бу, шубҳасиз, мустақил иқтисодиётни шакллантириш ва мамлакатни оёққа турғизишга ҳалақит бериши билан бир қаторда, коррупциянинг илдиз отишига олиб келади.

Абдували Сойибназаров,

 Human.uz колумнисти  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


Мавзуга оид