Жаҳон 656 01.10.2019 10:14:08

АҚШ ва Украина муносабатларидаги шармандали ҳодиса

АҚШ ва Украина муносабатларидаги шармандали ҳодиса

АҚШ президенти Дональд Трамп яна барчанинг диққат марказида. Унинг навбатдаги ҳаракати океанортидаги сиёсатчиларни ғазабга солди. Трамп ўзининг сайловдаги асосий рақиби бўлиши кутилаётган собиқ вице-президент Жо Байденни Украина орқали пойгадан чиқаришга уриниши катта жанжални келтириб чиқарди. Бу галги импичментга бошлаётган можаро ҳам телефон мулоқотидан бошланди. Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб, аввалига уни партияси парламент сайловларида ғолиб бўлгани билан яна бир марта табриклади ва кейинроқ «муддаога ўтди». Трамп Украина президентидан АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байденнинг ўғли билан боғлиқ можарони ўрганишни сўраган. Гап шундаки, Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден Украинадаги газ қазиб олувчи «Бурисма» компаниясининг директорлар кенгашига аъзо бўлган ва 5 йил ўтиб бу лавозимдан кетган. Трампнинг иддаосига кўра, кичик Байден миллионлаб доллар пул ўмарган... АҚШ Вакиллар палатаси Украина расмийларига босим кўрсатиш уриниши айбловлари билан президент Доналд Трампга импичмент жараёни бошланганини эълон қилди. Трампни 2020 йилги президентлик сайловида чинакам рақибига айланиши кутилаётган собиқ вице-президент Жо Байден фаолиятини тергов қилиш масаласида Зеленскийга кучли босим кўрсатгани айтилади.

Конгресснинг қуйи палатасини назорат қилаётган демократлар Доналд Трампни хизмат мансабини суистеъмол қилиш, миллий хавфсизлик ва халол сайловлар ишига хиёнат қилишда айбламоқдалар. Трамп 24 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленскийдан Жо Байден ва унинг ўғли Хантер Байден фаолиятини тергов қилишни сўраганлигини тан олди, аммо буни босим сифатида таърифлаш нотўғри бўлишини айтди. Трамп олдинроқ шунингдек, Украинага ҳарбий ёрдам сифатида ажратилган тахминан 400 миллион доллар маблағни ушлаб турганлигини тан олди. Пелоси чиқишидан кейин Трамп Твиттерда демократлар айбловини “алвастиларни овлаш кампанияси”нинг давоми деб атади.

Вакиллар палатаси президентга импичмент эълон қилиши мумкин, негаки, қуйи палатада демократлар кўпчиликни ташкил этади, бунинг учун шунчаки кўпчилик овоз керак бўлади холос. Бироқ кейинчалик президентнинг импечменти масаласини Сенат кўриб чиқади, давлат раҳбарини ҳокимиятдан четлаштириш учун сенаторларнинг учдан икки қисми ижобий овоз бериши зарур. Америка тарихида бу остонани шу пайтгача хатлаб ўтилмаган: ҳозирги Сенатда Трампга қадрдон республикачилар кўпчиликни ташкил этади.

Иш қандай қилиб импичментгача борди
Трамп ва Зеленский телефон орқали 25 июль куни суҳбатлашишган. Ушбу суҳбат исми ошкор қилинмаётган ходимнинг шикоятидан кейин Америка махсус хизматлари инспекторининг ички текшируви предметига айланди. Шу йилнинг августида шикоят келиб тушгани ҳақида инспектор Конгрессни хабардор қилган, бироқ шикоят мазмуни ҳақида қонун талаб қилганидек, хабар қилишдан бош тортган, шу билан бирга раҳбариятнинг кўрсатмасига риоя қилишини билдирган. Бу Конгрессдаги демократлар шубҳасини орттирди. 24 сентябрга келиб маълум бўлишича, Зеленский билан телефон орқали суҳбатдан тахминан бир ҳафта илгари Трамп шахсан икки дастур доирасида, бири Пентагон линияси орқали 250 миллион долларлик, иккинчиси Давлат Департаменти орқали 140 миллион долларни ажратишга қаратилган Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишга кўрсатма берган. Америка ОАВнинг маълумотига кўра, Зеленский билан суҳбатда Трамп бу масалага тўхталмаган. Трамп Киевга ёрдам тўхтатилганини тан олди, бироқ ўз қарорини бошқа давлатлар, айниқса, Германия ва Франция каби Европа давлатлари Украинага етарлича кўмак ажратмаётгани билан изоҳлади. Шунга қарамай, сентябрь ойи ўрталарида музлатилган пуллар барибир Конгресснинг ҳар икки партиясидан бўлган Украина иттифоқчилари босими остида ўтказиб берилган.

Зеленский билан суҳбатда Трамп коррупция текширувларига катта эътибор қаратишни сўраган ва айниқса, Байденлар фаолиятини тергов қилишга эътибор қаратишни алоҳида сўраган. Трамп суҳбат босимсиз олиб борилганига ишонтирди ва унинг стенограммасини эълон қилишга ваъда берди. Трамп суҳбат жараёнида Зеленскийдан айнан мана шу ишни ўрганишни сўраган. Бу эса турган гапки бошқа мамлакат раҳбарига босим ўтказиш ҳисобланади, гарчи Зеленский бундай эмас деб айтаётган бўлса ҳам. Демак, шу ўринда Трамп ва Зеленскийнинг суҳбат стенеограммасига тўхталиш ҳам фойдадан холи бўлмасди.

Доналд Трамп телефон суҳбатида Зеленскийни парламент сайловларидаги ажойиб ғалабаси билан қутлайди. “АҚШда сизнинг ҳаракатларингизни кузатиб бордик, сиз аутсайдерлар қаторида бўла туриб ғалабага эришдингиз. Табригимни қабул қилинг, зўр ғалаба!”,- деди Америка давлат раҳбари. Бу каби ғалати баёнотлар АҚШ президентларига хос “фазилат”. Чунки, Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси парламент сайловининг бошидан охиригача карвонбошилик қилаётган, мутлоқ ғалаба қозонишинини ижтимоий сўровлар ҳам кўрсатиб турганди. Зеленский шундай жавоб қилди: “Сиз ҳақсиз, жаноб президент, биз катта ғалабага эришдик. Бир нарсани тан олишим керак, биз сиздан кўп нарса ўргандик. Сиз бизга ўрнак бўлдингиз. Биринчи марта менга президентлик сайловларида ғолиб бўлганимда қўнғироқ қилгандингиз, энди эса партиямизнинг парламент сайловларидаги ғалабаси билан қутлаб қўнғироқ қиляпсиз. Сиз менга тез-тез қўнғироқ қилишингиз учун сайловларда қатнашиб туришим керак экан... Мамлакатда ҳаммаси яхши бўлиши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Биз янги ҳукуматни шакллантиряпмиз. Энди ҳукуматда эски гвардия, одатий сиёсатчилар бўлмайди. Бу борада сиз бизнинг устозимизсиз”.

Суҳбат давомида Трамп Вашингтон Украина учун кўп нарса қилаётганлиги билан мақтанади. Европанинг бошқа мамлакатларини, масалан, Германияни бу борада камситади. “Улар фақат гапиришни билишади. Ангела Меркель ҳам Украина ҳақида гапиргани-гапирган, лекин сизлар учун ҳеч нарса қилмайди”.

Афсуски, Зеленский уни маъқуллайди. “Ҳа, сиз ҳақсиз, 100 фоиз эмас, 1000 фоиз ҳақсиз. Мен Меркель ва Макрон билан учрашиб, улар санкциялар борасида кўпроқ иш қилишлари мумкинлигини айтдим. Бир қарашда бизнинг асосий ҳамкоримиз Европа Иттифоқи бўлиши керак, аммо АҚШ билан алоқаларимиз яхшироқ ва биз учун муҳимроқ. АҚШ биз учун кўп нарса қиляпти. Биз ҳарбий соҳадаги ҳамкорликдан ҳам мамнунмиз. Ҳимояланиш учун АҚШдан «Жавелин» (битта ўқ отиши 80 минг АҚШ доллари турадиган танк ҳужумидан ҳимояловчи ракета комплекси) сотиб олишга ҳам тайёрмиз”.

Аммо бир нарсани унутмаслик керак, Европа Иттифоқи давлатлари қурол-яроғ етказиб бермаган бўлсада, Украинанинг ҳар томонлама чарчаган, ҳориган иқтисодиётини оёққа турғазиш учун 15 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратди, Донбасс ва Қрим масаласида босим кўрсатиш учун Россияга нисбатан санкциялар жорий этди. Европа марказида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан ҳаммадан кўра Европа ҳамжамияти манфаатдор бўлаётганини унутмаслик керак. Шу ойда “Нормандия формати”да тинчлик музокаралари бўлиб ўтса, Украина президенти Зеленский Франция ва Германия раҳбарлари – Эмммануэл Макрон ва Ангела Меркел юзига қандай қарайди, буни тасаввур қилиш қийин.

Суҳбатнинг давоми ҳам жуда қизиқ
Зеленский: Биз муносабатларимизда янги саҳифа очилишини хоҳлаймиз. Шу боис биз АҚШдаги элчимизни чақириб олдик. Унинг ўрнига тажрибали ва кучли элчини юборамиз. Янги элчимиз сизнинг ишончингизни қозониб, сиз билан шахсий муносабатлар ўрнатишини ҳам хоҳлардим. Буни ҳамкорлигимиз учун муҳим деб ўйлайман.

Сизга шуни маълум қилишим керакки, яқинда менинг одамларимдан бири жаноб Жулиани (Трампнинг адвокати) билан учрашди. Агар жаноб Жулиани Украинага келса, у билан гаплашиб олган бўлардик. Сиз ва менинг орамизда дўстларимиз турганига ишонишингизни сўрайман. Биз дўст эканимизни яна бир бор такрорламоқчиман. Суриштирув масаласига келсак, мен президент сифатида унинг очиқ ўтишини таъминлашга сўз бераман.

Трамп: Яхши. Эшитишимча, сизларда битта яхши прокурор бор эди ва уни нимагадир ишдан бўшатишди. Сизнинг ажойиб прокурорингиз ишдан кетишида баъзи ёмон одамлар аралашганини эшитдим. Жулиани ажойиб инсон, у Нью-Йоркнинг мэри бўлган. Мен ҳам у сиз билан гаплашиб олишини сўрайман. Ундан сизга ва бош прокурорингизга қўнғироқ қилишини сўрайман.

Шу ўринда АҚШдаги собиқ элчингиз, аёл киши жуда ёқимсиз одам бўлганини айтишим керак. Унинг атрофидагилар ҳам ёқимсиз одамлар эди. Яна бир нарса, кўпчилик Байденнинг ўғли ҳақида гапирмоқда. Байден ўғли билан боғлиқ жиноий иш билан шуғуллангани ҳақида кўпчилик билишни хоҳлайди. Сиз ва бош прокурор бу борада қиладиган ишлар жуда муҳим. Байден ҳамма ерда мен ишни ёпганман деб мақтаниб юрган экан. Бу ёмон, жуда ёмон.

Зеленский: Аввало прокурор ҳақида гапирсам. Бу ишдан хабарим бор. Бизнинг партия кўпчилик овоз олганидан кейин сизни ишонтириб айтишим мумкинки, янги прокурор менинг одамим бўлади. Бу текширув адолат тикланиши учун муҳим деб ҳисоблаймиз. Агар бу борада қўшимча маълумотлар бўлса, бизга улашишингизни хоҳлардик. Украинанинг АҚШдаги элчиси ўз ишини ёмон уддалаганини яхшиям ўзингиз айтдингиз. Адашмасам, унинг фамилияси Йованович эди. Унинг мен билан ҳам алоқаси яхши эмасди ва олдинги президентни қўллашини яширмасди. У мени президент сифатида қабул қила олмаганди десам ҳам бўлади.

Трамп: Ҳа, энди у баъзи синовларни босиб ўтишига тўғри келади. Жулиани албатта сизга қўнғироқ қилади. Сизнинг олдинги прокурорингизга нисбатан тўғри иш қилишмаган. Уни яхши, тартибли инсон деб эшитдим. Ўйлайманки, сиз муаммони ҳал қила оласиз. Украина ресурсларга бой давлат ва умид қиламан, сизнинг иқтисодингиз ўсишга эришади. Менинг кўп украин дўстларим бор...

Бу стенограма шунчаки эълон қилингани йўқ. Трампнинг Зеленский билан суҳбати борасида гап сўзлар кўпайганидан сўнг Оқ уй суҳбат стенограммасини чиқаришга мажбур бўлди. Хўш, суҳбат давомида бир неча марта такрорланган «Байден иши»да аслида нималар бўлганди?

АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилда Украинанинг йирик газ қазиб олувчи корхонаси «Бурисма»нинг директорлар кенгашига киради. 5 йил давомида корхонада фаолият юритган кичик Байден «Бурисма»нинг халқаро алоқалар ўрнатишига ёрдам берган. Аммо Ҳантернинг ўзи New York Times нашрига берган интервьюсида бу маълумотни рад этган. Ҳантер Украина корхонасида расман 50 минг АҚШ доллари миқдорида маош олган. Аммо унга тегишли бўлган АҚШдаги ҳисоб рақамларидан бирига 5 йил давомида 3,1 миллион доллар пул тушган. «Бурисма» эса бу пулларни қандайдир Питер Швейцарга берганини ёзган. Ҳантернинг «Бурисма»га ишга кириши АҚШда ўша вақтнинг ўзида ёмон кутиб олинган. Чунки унинг отаси мамлакатнинг вице-президенти сифатида Украинада коррупцияга қарши курашда ёрдам бериши ҳам керак бўлган.

Ҳатнернинг айтишича, у ҳеч қачон отаси билан Украинадаги фаолиятини муҳокама қилмаган. Трамп бежизга Зеленский билан суҳбат давомида кўп марта Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Шокиннинг истеъфоси ҳақида гапирмаган. Айнан Ҳантер Байденга қарши иш очишга урингани учун Шокин ишдан кетказилгани ҳақида гаплар юради. Прокурор Украина экология вазири Микола Злочевский давлат органи раҳбари бўлиб турган бир вақтда қандай қилиб унинг корхонаси халқаро лицензия олганини суриштира бошлайди. Бунга эса айнан кичик Байден ёрдам бергани айтилади. Трампнинг иддаосига кўра, Шокин айнан Байденнинг босими сабаб ишдан кетган. Унинг фикрича, собиқ вице-президент бу учун шантаж йўлидан фойдаланган.

2015 йилнинг декабрида Киевга ташрифи чоғида ўша пайтда АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган Жо Байден Шокинни ишдан олишни талаб қилган, акс ҳолда Украина миллиардлаб доллар ажратиш борасидаги Америка кафолатини қайтиб олиш билан дағдаға қилган эди. Натижада Украина парламенти бош прокурорни 2016 йилнинг мартида истеъфога жўнатди. Америка ОАВга интервьюсида Шокин бу қадамни Байден таъсири билан боғлади. Украина расмийлари бу текширувни 2017 йилнинг январида, Трамп инаугурациясидан бир неча олдин якунлашди ва ҳеч қандай қонун бузилишини аниқлашмади.

АҚШ нашрларининг ёзишича, прокурор Шокин ишдан кетган вақтда «Бурисма» билан боғлиқ ишлар тўхтатиб бўлинган. 2019 йил август ойида ишдан кетган Украина собиқ бош прокурори Юрий Луценко ҳали бу лавозимда ишлаб турган вақтида Байден ва унинг ўғли Украина қонунларини бузмаганини айтганди: «Ҳантер Байден ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаган. Корхона директорлар кенгаши вакилига хоҳлаганича пул тўлаши мумкин»,– деганди ҳали бош прокурор лавозимида ишлаб турган вақтида Луценко.

«Бу мафияни эсга солади»
АҚШ Вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитаси раҳбари Адам Шиффнинг айтишича, Трампнинг Зеленский билан суҳбати мафияни эслатиб юборади: «Оқ уй бу стенограммани эълон қилганида ҳайратдан ёқа ушладим. Бу суҳбатнинг эълон қилиниши президентга ёрдам беради деб ўйлаганлар адашади. Бу мафиянинг классик кўринишини эсга солади». Шу ўринда АҚШ президентлигига номзодини қўйиши кутилаётган Жо Байден Трампнинг у ва ўғли ҳақидаги гапларига муносабат билдирди: «Бу ваколатини суиистеъмол қилиш дейилади. АҚШдан ёрдам сўраётган мамлакат раҳбарига қўнғироқ қилиб, унга менинг устимдан текширув ўтказишни сўраш жуда хунук нарса».

Бундан ҳам хунуги икки мамлакат раҳбарларининг суҳбати Украина мудофаа ва миллий хавфсизлик масалалари котиби Александр Данилюк ва АҚШ Давлат департаментининг махсус вакили Курт Волкернинг истеъфоси бўлди. Киевдагилар фикрича, Россия сиёсатига қарши туришда қудратли ва кучли фигуранинг истеъфоси биринчи навбатда, Украинанини заифлаштиради. Боз устига, Волкер Вакиллар палатасига жанжалли масала юзасидан кўрсатмалар беришни бошлайди, бунинг оқибати ўлароқ, мабодо 2020 йилдаги президентлик сайловида Демократлар ғалаба қозонса, Киевдаги “ўйноқи” амалдорларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин. Ҳозирги вазиятда эса, аниқроғи йил охиригача, балки сайлов якунигача америкаликларнинг Украина муаммосига эътибори сусаяди. Бежизга АҚШ ва Европа раҳбарлари президент Владимир Зеленскийни россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан яккама-якка мулоқот ўтказишга чорлаётгани йўқ. Чунки уларнинг телефон музокараларидан кейин асирлар ўзаро алмашилди, Донбассдаги кескинлик бироз юмшади. Жаҳон матбуоти нима деб ёзмасин, аслида Украина муаммоси ечимининг калити Кремль қўлида эканини унутмаслик керак. 1 октябрь куни Нью-Йоркнинг собиқ мэри, Трампнинг адвокати Ереванга Владимир Путин билан учрашиш ниятида келгани ҳам фикримизга мисол бўла олади. Худди шу куни Путин ҳам Арманистон пойтахтига ташриф буюрди.

Украина сиёсати ўзгаришини миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Данилюкнинг истеъфоси ҳам кўрсатиб турибди. Шу йилнинг 25 июлида Трамп билан телефон мулоқотида янги “катта ака”га “пахта” қўйган Зеленский командасининг энди мудофаага тайёрланишига ҳам тўғри келади. Европа, АҚШ ва Украина сиёсатчилари қандай ўйин олиб боришмасин, бу жабҳада Владимир Путиннинг қўли баланд келмоқда.

Абдували Сойибназаров,
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид