Жаҳон 222 17.09.2019 08:01:45

“Остона жараёни” Суриядаги тинчликни яқинлаштирмоқда

“Остона жараёни” Суриядаги тинчликни яқинлаштирмоқда

Қозоғистон ҳар доим мураккаб халқаро вазиятларни барқарорлаштириш ишига ёрдам беришга тайёр, буни амалиётда бир неча бор исботлаб ҳам берган. Расмий Нур-Султон, шу маънода, Сурия муаммосидан ҳам четда қололмасди, зеро, Яқин Шарқдаги уруш террорчилик офати ила барча далхдор зиддият эди. Тан олиш керак, охирги вақтларда Қозоғистон ҳам бу балога йўлиқди, шу боис “ишидпараст” ташкилотларни таг-томири билан қўпориб ташлаш ўта муҳим вазифага айланди. Ахир, бу алоҳида мамлакатнинг инқирози эмас, бу Яқин Шарқ ва халқаро зиддиятлар муаммосининг жамланмаси. Жаҳон афкор оммаси, шу жумладан, биз, Марказий Осиё халқлари ҳам Суриядаги 8 йилдан бери давом этаётган қонли уруш якун топишини истаймиз. Юз минглаб кишиларнинг ўлими, миллионлаб сурияликларнинг қочоққа айланиши, хорижда дарбадарликдаги тақдири инсониятни бефарқ қолдиролмайди. Сурияда тинчлик қарор топиши шарт.

Тан олиш керак, Евроосиёнинг муҳим ва обрўли давлатларидан бири Қозоғистон ва унинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев жаҳон саҳнасида ўз таклиф ва ўз ташаббуслари билан довруқ қозонди. Айниқса, мамлакатнинг 2017 йилдан бери Сурия можаросида иштирок этаётган томонларнинг мураккаб музокаралари учун осойишта муҳит яратиб берганининг ўзи эътирофга сазовор. У тинчлик жараёнларининг муваффақияти учун “улуш” талаб қилаётгани йўқ. Нур-Султон (аввалги номи Остона бўлиб, музокаралар жараёни унинг номи билан аталган)даги музокаралар муваффақияти глобал миқёсда мамлакатнинг нуфузини оширмоқда, пойтахтни Вена ва Женева даражасидаги янги мулоқотлар майдонига айлантирмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистоннинг музокаралардаги позицияси дунёга маълум-у-машҳур. Олайлик, 1990-йилларда Тоғли Қорабоғ сабабли Арманистон ва Озарбайжон зиддиятлари кескинлашган вақтда Қозоғистон уларни муросага келтирган томонлардан бири бўлди. Ўша кезларда Тожикистонда биродаркушлик урушига чек қўйишда муҳим ташаббусларни илгари сурди. Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч бўйича кенгаш доирасида Қозоғистон Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик кўламини пасайтиришга ўз ҳиссасини қўшди. 2013 йилда Алматида Эрон ядровий дастурига оид музокараларнинг иккита босқичи ўтказилдики, бу 2015 йилда олти томонлама келишувлар ва ислом республикасидан санкцияларнинг олиб ташланишига оид аҳдлашувларнинг имзоланишига дебоча вазифасини ўтади.

Қозоғистон пойтахтида октябрь ойида Сурия можаросини барқарорлаштиришга оид музокараларнинг навбатдаги босқичи ўтказилиши мумкин. У ҳисоб бўйича 14-бўлади. Бу каби учрашувлар “Остона жараёни” мулоқоти майдонидаги барча томонларнинг манфаатдорлигидан далолат беради. Музокарачилар сафи ва таркиби ҳам хилма-хил, бусиз албатта, музокаралар ўтказишдан маъни қолмасди. Олайлик, 1-2 август кунлари ўтказилган навбатдаги раунд ҳам эътиборга молик. ОАВ уни “Остона-13” деб номлашди. Энг муҳими, у ҳамон муҳокамалар марказида.

“Остона жараёни” доирасида ҳукумат қўшинлари ва қуролланган сурияликлар ўртасида келишув юзасидан амалий натижаларга эришишга муваффақ бўлинди. Экспертлар ва БМТ вакиллари ҳам шундай фикрда. Эслатиб ўтамиз, учинчи йилдирки, Қозоғистон пойтахти мулоқот майдончасида Сурияда вазиятни тартибга солиш бўйича аниқ таклифлар ўрганиб чиқилмоқда. Кафил давлатлар ўртасидаги келишувлар натижасида ҳарбий асирлар алмашинуви йўлга қўйилди. Таъкидлаш жоиз, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Суриядаги вазият муҳокамаси юзасидан навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Асосий эътибор Идлиб атрофидаги мураккаб ҳолат, мамлакат Конституциявий қўмитасини ишга туширишнинг аҳамиятига қаратилди. Араб давлатининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чорланди. Шу ўринда Сурия бўйича БМТ бош котиби махсус вакили Гейр Педерсеннинг баёнотига тўхталиш жоиз: - Сурияда вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш бўйича кейин ҳам давом этувчи жараён фақат Женевадаги учрашувлардан иборат бўлиб қолмайди. Дастлаб сурияликларнинг реал ҳаётий муаммоларини ҳал қилиб олиш лозим. Ҳисобот даврида Эрон, Туркия ва Россия томонидан яратилган Ишчи гуруҳ раҳбарлиги остида қўлга олинганларни озод қилиш бўйича бир вақтнинг ўзида 4 операция амалга оширилди. Халқаро иштирокчилар БМТ раҳбарлиги остида ўтказиладиган ўзаро мулоқотларни чуқурлаштириш ва тинчлик жараёнини қўллаб- қувватлаш жараёни учун масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. Вазиятни “Остона жараёни”даги каби кўриб чиқиш давом этишига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Ва БМТ шундай гуруҳлар билан ишлаш мақсадида прагматик ёндашувга бундан кейин ҳам амал қилади, - дейди Педерсен. Эслатиб ўтамиз, Остонадаги Сурия бўйича тинчлик музокараларининг бринчи босқичи 2017 йилнинг 23-24 январь кунлари ўтказилган бўлиб, шундан бошлаб “Остона жараёнлари”га асос солинди. У ҳам Сурия ҳукумати, ҳам қуролли мухолифати қатнашган биринчи музокаралар бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Ўша йилнинг ўзида етти марта учрашувлар ўтказилди.

Сурия телевиденияси Қозоғистон пойтахтида музокараларнинг 13-раунди ўтаётган пайтдаёқ Идлибдаги ўт очиш тўхталишини эълон қилди. Ҳодиса шу қадар кутилган, аммо шу қадар нозик эди. Сурия шимоли-ғарбидаги мазкур вилоятда турли маълумотларга кўра, бир ярим миллиондан 3 миллионгача киши истиқомат қилади. Халқаро экспертларнинг сўнгги маълумотига кўра, Идлиб йирик гуманитар инқирозни бошдан кечираяпти. БМТнинг расмий сайтида ташкилот бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва БМТ фавқулодда ёрдами мувофиқлаштирувчиси Марк Лококнинг нутқи чоп этилган, унинг сўзларига кўра, Идлибдаги воқеалар энг ёмон сценарий асосида ривожланмоқда. “Сиёсатчиларнинг зўравонликка чек қўйиш ва ҳарбий ҳаракатлар чоғида оддий фуқароларни ҳимоя қилишни кўзда тутган халқаро ҳуқуққа риоя қилишга лаёқатсизлиги сабабли тинч аҳоли товон тўламоқда”, - деди у. Бундан келиб чиқадиган маъно битта – сиёсатчилар келишишга қодир эмас.

Шу маънода, Қозоғистон пойтахти муроса йўлини топишга уриниб кўриш мумкин бўлган жой, ўзига хос майдондир. Боз устига, Нур-Султондаги музокаралар иштирокчилари Суриядаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилишидан, энг аввало, бу уларнинг мамлакатидаги потенциал хавфсизлик ва барқарорликка таҳид солиши нуқтаи назаридан манфаатдор.

Музокаралар столига зиддиятда қатнашаётган турли томонлар – Сурия Араб Республикасининг БМТдаги вакили Башар ал-Жаъфарий бошчилик қилган ҳукумат ва Аҳмад ал-Тоума раҳбарлигидаги қуроли мухолифат делегацияси ўтирди. Кафолатчи мамлакатлар орасида Россия делегациясини РФ президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев, Туркия делегациясини – ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Седат Онал бошқарди. Эрон делегацияси ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича катта ёрдамчиси Али Асгар Хажи бошчилигида иштирок этди. Қозоғистондаги учрашувга БМТнинг Сурия бўйича махсус вакилининг ўринбосари Хавла Матар бошчилигидаги нуфузли делегацияси ҳам етиб келди. Махсус вакил Гейр О. Педерсен соғлиги сабабли Нур-Султонга ташриф буюра олмади. Қозоғистон пойтахтидаги давра столига БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича бошқармаси вакиллари, Қизил Хоч ва Иордания вакиллари ҳам ўтиришди. Остона шаклидаги музокараларга биринчи марта Ливан ва Ироқ ҳам қўшилди. Нур-Султондаги аввалги учрашувлар якунлари бўйича Яқин Шарқнинг иккита мамлакати делегациясини тинчлик жараёнларига қўшиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Расмий Байрут ва Бағдод қизиқишларини тушунса бўлади. Суриянинг географик қўшнилари бўлган бу давлатлар суриялик қочоқларнинг ўз юртларига қайтариш, унинг ишончли ва иқтисодий барқарор шерик сифатидаги ўрни мустаҳкамланиши билан боғлиқ масалаларнинг ечимидан манфаатдорлар.

Бироқ Идлиб бўйича келишувлар Нур-Султондаги музокараларнинг бош натижаси эмас. Бу ўринда Сурия юзасидан конституциявий комиссия ташкил этилиши хусусида сўз бормоқда. Суриядаги можарони барқарорлаштириш бўйича россиялик музокарачилар комиссиянинг ташкил этилиши борасида икки йилдан кўпроқ вақт олдин баёнот беришганди. Янги орган Шомнинг янги конституциясини ишлаб чиқиш билан шуғулланишлари керак эди. Бироқ мулоқотлар янги орган аъзоларини муҳокама қилиш чоғида “депсиниб” қолди. Комиссияни ташкил этиш йўлидаги илк жиддий силжиш ҳақидаги хабарлар Нур-Султондаги музокаралар якунида маълум бўлди. Шунинг учун халқаро экспертлар конституциявий комиссиянинг шакллантирилиши жараёни Сурия бўйича музокараларнинг 14-босқичи Нур-Султонда ўтказиладиган шу йилнинг октябр ойигача якунланиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяптилар.

Сурия бўйича “Остона” халқаро музокараларининг муваффақияти Қозоғистоннинг бу каби учрашувлар жойи сифатида танланиши бежиз эмаслигини яна бир намойиш этди. Тинчликпарвар ва очиқ сиёсати туфайли мамлакат барча давлатлар ишончини қозонди. Аслида мустақилликка эришганидан бошлаб Қозоғистон Семипалатинскдаги ядровий полигонини ёпиб, ўзининг тинчликсеварлигини намойиш этган эди. Ўшандаёқ у дунёнинг бошқа халқларига намуна бўлиб хизмат қилди. Бугун ҳам мамлакат минтақавий зиддиятларни ечишда воситачилик ва тинчликни сақлаш ролини ўйнашда давом этмоқда. Сурия бўйича Нур-Султондаги муваффақиятли конференциялар Қозоғистоннинг тинчлик музокаралари учун жой сифатида танланиши бежизга эмаслигини яна бир карра намоён этди. “Остона жараёнлари”нинг самарадорлиги қозоғистонлик дипломатларнинг юқори даражадаги тайёрлангани билан ҳам боғлиқ. Улар музокаралар учун оптимал шароитларни яратиб беришди. Расмий Нур-Султоннинг ҳам Осиёда, ҳам Европада мулоқот олиб бориш ва муносабатларни сақлаб қолишга қодирлиги, воқеаларга нейтрал позицияси унинг жаҳон саҳнасида муҳим ўрин эгаллашига имкон берди.

Файзуллох Абдулбоқиев 



Мавзуга оид