Жаҳон 274 15.04.2019 10:09:34

Жулиан Ассанж нима учун Эквадордан қувилди – тахминлар билдирилди

Жулиан Ассанж нима учун Эквадордан қувилди – тахминлар билдирилди

Турли давлатларга доир махфий маълумотларни эълон қилиши билан донг таратган WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасидан қувилиши сабаби маълум қилинди. The Sun таблоидининг ўз манбаларига асосланиб ёзишича, Эквадор президенти Ленин Моренонинг ётоғида қисқичбақа тановул қилаётганига доир сурати WikiLeaks сайтида эълон қилиниши шундай қарорга сабаб бўлган.

Манбанинг сўзларига кўра, Ассанж интернет тармоғида Моренонинг ҳашаматли меҳмонхона ётоғида тансиқ таомлар истеъмол қилаётгани акс этган суратларни жойлаштиришга қарор қилган.

Бундан ташқари, WikiLeaks асосчиси Морено ва унинг рафиқасининг 200дан ортиқ электрон мактубларини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Швеция ҳукумати Ассанжни номусга тегиш ва жинсий тажовузларда айблаган эди. Бу вақтда Лондонда бўлиб турган Ассанж полицияга кўнгилли равишда таслим бўлган ва гаров пули эвазига қўйиб юборилган. 2011 йили Ассанжни Швецияга топшириш бўйича суд қарори қабул қилинди.

2012   йил 19 июнда, чиқиб кетмаслик бўйича ишончномани берганига қарамай, Лондондаги Эквадор элчихонасига яширинди. Шу билан у салкам 7 йиллик умрини элчихонада ўтказди.

2017 йили Швеция прокуратураси Ассанжга нисбатан очилган жиноий ишни тўхтатди.

2018 йилда ОАВ АҚШ Адлия департаменти Ассанжга нисбатан жиноий иш қўзғатгани, бироқ улар «махфийлик» тамғаси остида экани ҳақида хабар тарқатди. Жулиан Ассанж АҚШга экстрадиция қилингудек бўлса, жосусликда айбдор деб топилиши ва узоқ муддатга қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Ассанжнинг ўзи, АҚШда уни ўлдиришлари мумкинлигини бир неча маротаба таъкидлаган.

11 апрелда WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Лондон марказида қўлга олинган эди. Бунга Эквадор ҳукуматининг унга бошпана беришни тўхтатишга қарор қилгани сабаб бўлганди.


WikiLeaks Жулиан Ассанж Эквадор АҚШ Швеция Лондон

Мавзуга оид