Жаҳон 2004 10.08.2019 15:56:26

Андрей Кубатин нима учун қамоққа ташланган?

Андрей Кубатин нима учун қамоққа ташланган?

Жорий йилнинг 5 август куни Al Jazeera томонидан ўзбекистонлик тарихчи олим Андрей Кубатиннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ мақола эълон қилинди. Жумладан, мақолада қуйидагилар ҳақида сўз юритилади.

Андрей Кубатин 2017 да Туркия фойдасига жосуслик қилишда айбланган, аммо унинг ўзи инсон ҳуқуқлари гуруҳлари билан биргаликда айбловларни рад этмоқда.

2017 йил 25 март куни Тошкент шаҳрида 35 ёшли туркий тиллар ва тарих олими ва Тошкент Шарқшунослик Институти дотсенти Андрей Кубатиннинг иш соатлар тугаб уйга кетишга тараддудланаётган эди.

У ўз нарсаларини, шу жумладан, йиллар давомида тўпланган илмий адабиётлари жойланган қаттиқ дискни олди ва бинони тарк этди.

У туркиялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйича қўлланма тайёрлаш учун электрон кутубхонага муҳтож бўлган Турк Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (ТIKA) нинг маҳаллий ходими Музаффар Жониев билан учрашиш ниятида эди.

ТIKА - Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қонуний равишда фаолият олиб бораётган турк ташкилоти – лойиҳа бўйича Кубатинга иш таклиф қилди, аммо у вақт етишмаслигини сабаб қилиб рад жавобини берди. Бунинг ўрнига Кубатин баъзи илмий материалларни бўлишишни таклиф қилди.

Ўша пайтда Кубатин учрашувдан олдин Жониев Миллий хавфсизлик хизмати билан алоқада бўлганини билмас эди.

У иш жойининг олдида Жониев билан учрашди ва унга қаттиқ дискни топширди.

Улар оқ седан томонидан тўхтатилди. Икки киши машинадан чиқиб, Кубатинни уриб, уни машинага судрай бошлайди.

Бу одамлар Миллий Хавфсизлик Хизматининг агентлари бўлиб, уларнинг жисмоний қийноқлардан тез-тез фойдаланишлари кўпчиликка маълум бўлса керак.

Улар Кубатинни яқин орадаги ички ишлар бошқармаси бўлимига олиб кетишди, у ерда икки кун давомида шафқатсиз тарзда сўроқ қилинди.

Натижада, Кубатинга зобитларнинг буйруқларига бўйсунмаганлиги учун 15 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Муаммолари шу билан якун топишига умид қилган Кубатиннинг катта кўнгилсизликлар ҳали олдинда эди.

Узоқ муддатли тергов ва 30 дақиқали суд жараёнидан сўнг, 2017 йил декабр ойида Тошкент ҳарбий судида бир боланинг отаси Кубатин жосуслик ва давлатга хиёнатда абйдор, деб топилиб, 11 йилга муддатга озодликдан маҳрум этилди.

“Гарчи мен ҳеч қандай махфий материалларга эга бўлмаганим исботланган бўлса ҳам, биринчи суд мени Туркияга давлат сирларини топширганликда айблади. Кейин улар мени Ўзбекистонга қарши душманлик фаолиятини қўллаб қувватлашда айблади, бироқ айни пайтда Ўзбекистонда ишлашни давом эттираётган ТIKА ва унинг раҳбарларига қарши ҳеч қандай айблов эълон қилинмади”, дейди Кубатин.

“Мен ҳукмни эшитгач бундан норози бўлдим ва судга қайта мурожаат қилдим. Қаттиқ дискда бўлган китоблар текширилди ва уларнинг барчаси ҳамма ўқиши мумкин бўлган маълумот эканлиги исботланди, аммо бу ҳисобга олинмади”.

Мурожаат бўйича Кубатиннинг ҳукми беш йилга қисқартирилди.

“Мен бундай материалларни олдин ҳам кўплаб олимларга берганман. Булар шунчаки ўқув материали ва уларни кимгадир беришда ҳеч қандай ноқонунийлик йўқ, бу олимлар орасида кенг тарқалган амалиётдир”- деди, Кубатин.

Бироқ, ислоҳотларга қарамасдан, давлат ичидаги давлат деб тарифланадиган хавфсизлик идоралари исботсиз айбловлар, жумладан, давлат хиёнати билан шахсларни таъқиб қилишда давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Кубатин каби инсонлар Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги янги қиёфасини қўллаб -қувватлаш учун тезда озод қилиниши кераклигини айтишмоқда.

2018 йил бошида Ш. Мирзиёев 23 йил давомида Миллий хавфсизлик хизматини бошқарган раҳбарларини ишдан бўшатиб, хизматни Давлат хавфсизлиги хизмати деб қайта номлади.

Янги ном ёндашувни ўзгартириш ва ўтмишда қилинган адолатсизликлардан воз кечишга туртки бўлади, деб қабул қилинган эди.

Кубатиннинг айтишича, ислоҳотлардан сўнг унга қамоқхонада яхшироқ муносабатда бўлина бошланди.

Олдин калтакланиш тез-тез содир бўлар ва у одатда мажбуран уйқудан маҳрум қилинарди. Беш ой мобайнида у оиласи ва адвокати билан алоқага чиқа олмади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир унинг аҳволи яхшиланди.

Аммо расмийлар фақатгина унинг синглиси Клара Сахарова акасини озод қилиш учун жамоатчилик курашини бошлагандагина олимнинг ишини жиддий кўриб чиқишни бошладилар.

2018 декабр ойида олимнинг синглиси ижтимоий тармоқларда видео жойлаб унда акаси бошига тушган кулфатларга эътибор беришларига эришиш учун ўзини ёқиб юборишини айтган эди.

“Нима учун мен бундай йўл тутганимни биласизми? Акам беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганида, улар акамни кечирим сўрашга мажбурлашди, лекин у рад этди. Унинг айбсиз эканлиги боис ҳам ҳеч нарса ёзиб бермаслигини айтган” – дейди Клара Сахарова.

Сахарова ҳеч қачон умидсизликкака тушмади. Бунинг ўрнига, у расмийларга, шу жумладан, президентга акасининг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб хат ёзди. У ижтимоий тармоқларда ўз ҳаракатларининг тафсилотларини эълон қилиб турди.

Маҳаллий ва халқаро олимлар Кубатинни озод қилишни қўллаб-қувватловчи мактубларга имзо чекдилар, Ўзбекистон жамоат ташкилотлари ҳам ҳаракатга қўшилди.

Апрел ойида Бош прокуратура тергов жараёнида хатолар бўлганлигини инобатга олиб, ишни қайта кўриб чиқилиши ҳақида кўрсатма берди.

Суд 2019 йил 28 май куни Кубатин ишини қайта кўриб чиқишни бошлади. Ҳозирда мазкур суд жараёнлари давом этмоқда.

Ҳибсга олиш сабаблари ҳақида сўралганда, Кубатин жавоб беришдан олдин иккиланиб қолди:

“Менимча, статистика қурбони бўлдим. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб бормоқда, шунинг учун Ўзбекистонда туркиялик айғоқчилар борлигини кўрсатишдан манфаатдор бўлган киши (икки давлат ўртасидаги яхши муносабатларни ҳуш кўрмаган) бўлиши мумкин”, - дейди Кубатин.


Мавзуга оид