Жаҳон 405 08.08.2019 10:36:40

370-модда Кашмирга тинчлик келтирмайди

 370-модда Кашмирга тинчлик келтирмайди

Ҳиндистон ҳукумати ўз бошқаруви остидаги Кашмир ҳудудини махсус имтиёзлардан, шу жумладан, мухторият ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор бергани хабар қилинмоқда. Бундан бир ҳафта муқаддам эса Ҳиндистон Кашмирда жангариларнинг қурол-аслаҳа омбори топилгани, 15 август-Ҳиндистон мустақиллиги нишонланадиган кунда террорчилик амалиётига тайёргарлик кўрилаётгани даъвоси остида ҳудудга минглаб ҳарбийларни юборган ва назоратни кучайтирган эди. Хорижлик сайёҳларни ва чет давлатларнинг фуқароларини зудлик билан Жамму ва Кашмир ҳудудини тарк этишга чақирди. Мана энди чақириқ остидаги асл сабаблар ошкор бўлди.

Жамму ва Кашмир Ҳиндистон штатлари ичида энг кўп мустақилликка эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Кашмир айнан шундай мустақиллик шарти билан Ҳиндистонга қўшилган эди. Эндиликда, ҳудуд мустақиллигини тортиб олиш ортидан кенг кўламли норозилик ҳаракатлари ва зўравонликлар бошланиши кутилмоқда.

Тан олиш керак, ўтган асрнинг иккинчи ярмида тоғли Кашмирдан келаётган янгиликлар жаҳон матбуотининг биринчи саҳифаларидан тушмай қолган паллалар бўлган. Мазкур минтақа 1947, 1965 ва 1999 йилларда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тўртта катта қуролли тўқнашувнинг учтасига сабабчи бўлган, дарвоқе, 1999 йилда ҳар икки мамлакат ядровий давлатларга айланиб бўлишганди. Қолган бошқа вақтларда ҳам Кашмир ва унинг атрофидаги вазият тинчлик ва осойишталикдан узоқ бўлиб келди. Мана энди расмий Деҳли Кашмир мусулмон сиёсатчилари ва Покистонни ғазабга келтирувчи қадамни ташлади.

             Гап нимада?

Ҳиндистондаги ҳукмрон миллатчи Бхаратия Джаната парти (BJP, Ҳиндистон халқ партияси) душанба куни парламентга конституциянинг 370 - моддасини бекор қилиш тўғрисидаги президент фармойиши лойиҳасини киритди, унга кўра, Ҳиндистоннинг ягона мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Жамму ва Кашмир штати мухторият мақомидан маҳрум этилиши керак. Айни шу модда штат маъмурларига ички сиёсатнинг муҳим масалаларини ечишда беқиёс ҳуқуқ ва имконият берарди, Деҳлига эса фақат минтақанинг ташқи сиёсати ва мудофаа салоҳиятини бошқариш ҳуқуқи берилган холос. Мухторият ҳуқуқининг олиб қўйилишини афтидан BJP нинг ўз сайловолди ваъдасининг устидан чиқиши сифатида тушуниш мумкин. Партия жорий йилнинг апрел-май ойларида ўтказилган парламент сайловида ишончли ғалабани қўлга киритганини таъкидлаш жоиз. BJP ўз қарорини Жамму ва Кашмирни тўлалигича Ҳиндистон жамиятига интеграциялаштириш ҳохиши билан изоҳлайди. Президент имзосидан ташқари, конституция моддасини бекор қилишга штат ҳукуматининг розилиги ҳам талаб этилади, бироқ ўтган йилнинг ёзидан, Бхарати жаната партияси мусулмонларнинг Халқ демократик партияси билан коалициядан чиқиб кетганидан буён Жамму ва Кашмирнинг ҳукумати йўқ, штатни шу боис ҳозирда Деҳли губернатор орқали бошқараяпти.

    Энди нима бўлади?

Аниқ тахминларни айта олмаймиз, бироқ штат устида “қора булутлар” суза бошлагани аниқ.

Кўплаб кашмирликлар учун мухторият ҳуқуқи Ҳиндистон таркибида қолишнинг ягона оқловчи воситаси саналарди. 370-модданинг бекор қилиниши билан BJP Ҳидистоннинг Кашмир билан муносабатларини буткул, 180 градусга ўзгартириб юборади. Кашмир ҳукуматининг собиқ раҳбари, Халқ демократик партияси сиёсатчиси Мебуб Муфти Покистонни эмас, Ҳиндистонни танлаб адашган кўринамиз, энди бир томонлама бу қарор бутун қитъа учун ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин, дея баёнот берди. Ҳа, шубҳасиз, бу жинни кўздан чиқариб юборишга тенг. Уни ортга қайтариш, қайта жойлаш осон бўлмайди. Бунинг исботи ўлароқ, Покистон ҳиндларнинг Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилинишини ноқонуний деб атади ва барча усуллар билан бу қарорга қарши туришга ваъда берди. “Ҳиндистон минтақавий тинчлик ва барқарорлик учун жиддий оқибатларга олиб келадиган хавфли ўйинни бошлаб юборди”, дейди Покистон ташқи ишлар вазири Шох Махмуд Қурайший. Афтидан штатнинг радикал гуруҳлари ва унинг ортида турувчи Покистон иштирокида жиддий сценарийларга қўл уриладиган кўринади.

   Муаммо нимадан бошланган эди?

1947 йилда, Британия Ҳиндистонини тақсимлашда асосан мусулмонлардан иборат Кашмир (ҳозир Ҳиндистон қисмида – 12 миллион аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи мусулмонлар) аслида мусулмон Покистонга ўтиши керак эди. Бироқ ўшанда Кашмир ва Жамму князлигини махаража-ҳинд, Хари Синкх бошқарарди. Махаража ўз салтанатининг Ҳиндистон таркибига қўшилишини истади, табиийки, кўпчиликни ташкил этган мусулмонлар бу қарорга қарши чиқди.

Шу тариқа қуролли зиддият келиб чиқди, кашмир қабилалари отрядлари Покистон армияси кўмагида махаража салтанатининг тахминан учдан бир қисмини эгаллаб олди. Ҳудуднинг бу қисми ҳамон Покистон назорати остида, фронт чизиғи эса “назорат чизиғи” деб аталувчи, де-факто чегарага, де-юре ҳар икки томон тан олмайдиган линияга айланди.

1965 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмир туфайли етти мингга яқин инсоннинг ёстиғини қуритган, иккинчи жаҳон урушидан бери энг йирик бронетехникалар тўқнашган, юзлаб танклар ишдан чиққан, ўнлаб самолётлар уриб туширилган яна бир уруш юз берди. Дарвоқе, бу уруш мобайнида Ҳиндистон Шарқий Покистонга ҳужум қилди, охир-оқибат қонли уруш 1971 йилда дунё харитасида яна бир мустақил – Бангладеш Халқ Республикаси ташкил топиши билан якун топди.

1999 йилда ҳам кўлами жиҳатидан кичикроқ, “Каргил уруши” юз берди. Унда Кашмирнинг Каргил минтақаси учун икки ойлик тўқнашувлар содир бўлди. Шу йилнинг февралида Кашмирда ҳинд ҳарбийларининг ҳарбий колоннасига қилинган ҳужумдан кейин навбатдаги кескинлик кузатилди. Покистон ва Ҳиндистон биттадан самолёт уриб туширишди.  

Кашмирнинг кимга тегишли эканлиги масаласи Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бир неча ўн йиллардан буён давом этиб келаётган келишмовчилик ва баҳс-мунозаранинг асосий сабабидир. Ўртадаги зиддият қуролли тўқнашувга айланиб кетган пайтларда, дунё аҳли атом уруши бошланиб кетиши хавфидан хавотирга тушади. Чунки, бу иккала давлат ҳам атом қуролига эга.

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир собиқ князлиги ҳудудининг тўлалигича ёки қисман кимга мансублиги масаласи Покистон ва кам бўлсада, Хитой томонидан ҳам баҳсга сабаб бўлиб келади. Покистонда Ҳиндистон назорати остидаги Жамму ва Кашмир штатининг қисми босиб олинган ҳудуд деб саналади. Покистон назоратидаги Кашмир ҳудуди эса Озод Кашмир ва Гилгит –Болтистон деб юритилади. Натижада Кашмир иккига бўлинади. Яъни Кашмирнинг 86 минг кавдрат километри Покистон, 130 минг квадрат километри Ҳиндистон томонидан назорат қилинади. Ўз навбатида Хитой ҳам аҳоли кам, аммо стратегик муҳим ҳудуд - Аксайчин ва баланд тоғли ҳудудларни эгаллаб турибди. 70 йилдан ошибдики, Ҳиндистон таркибидан Покистоннинг ажралиб чиқиши ортидан юзага келган Кашмир муаммоси ҳал этилмай келади. Қорли тоғлар билан ўралган Кашмир дунёвий Ҳиндистон ва исломий Покистон ўртасидаги “жаннатмакон ўлка” деб таърифланади. Аммо сўнгги 20 йил ичида бу маскан учун юзага келган низоларда ҳар икки томонни кўшиб ҳисоблаганда, 40 мингдан зиёд инсоннинг ёстиғи қуриди.

Ҳиндистон Исломободни айирмачи жангариларни қўллаб-қувватлашда айбласа, бу айбловларни рад этиб келаётган Покистон Ҳиндистон кучларини Кашмирдаги мусулмонларга босим ўтказиб, аҳоли норозилигига сабаб бўлишда айблайди.

2019 йилнинг 14 феврал куни “Жайши Муҳаммад” террорчи ташкилоти аъзоларининг Ҳиндистон ҳарбийлари автоколоннасига қилган ҳужуми натижасида 45 нафар ҳинд аскарининг ўлдирилиши муносабатларнинг таранглашишига олиб келди. Ҳатто Ҳиндистон ва Покистон бир-бирининг позициясига зарба бериш учун самолётларини ишга солди. Покистон Бош вазири Имрон Хон расмий мурожаат билан чиқди. У Исломобод Деҳли билан тинчлик музокаралари ўтказилиши тарафдори эканини, ҳарбий жавоб чоралари фақатгина агрессия ҳаракатлари бошланган тақдирда қўлланилишини маълум қилди. Хон, шунингдек ҳинд томонини Покистон ҳудудига зарба берилишига сабаб бўлган Кашмирдаги қўпорувчилик юзасидан ҳамкорликда текширув ўтказишга чақирди. Ҳатто расмий Исломбод Деҳли билан тинчлик музокараларини бошлашга даъват қилди. Бунинг учун Покистон бош вазири Имрон Хон Вашингтонга ташриф буюриб, АҚШ президенти Доналд Трампни икки давлат ўртасида воситачи бўлишга даъват этди. Бироқ расмий Деҳли музокаралардан олдин Исломободдан террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашни бас қилиш, қўпорувчиликларга барҳам беришни талаб қилди. Дунё жамоатчилиги Деҳли ва Исломободни музокаралар столига атрофида ўтиришга, юзага келган кескинликни мулоқотлар орқали юмшатишга чақирмоқда. Жумладан, Хитой, АҚШ, Россия, Канада, Туркия, БМТ бош котиби Антонио Гутерреш икки давлат ўртасида воситачилик қилишга тайёр эканини билдирди. Аммо Ҳиндистон Бош вазири Нарендро Моди Деҳли ва Исломободга учинчи тараф керак эмаслигини, ўзлари тил топишиб олиш учун каналлари мавжудлигини маълум қилди.

Ғарблик экспертлар томонлар ядро қуролларини ишга солишларига унчалик ишонмасаларда, шундай хавф юзага келишини ҳам инкор этмаяптилар. Уларнинг фикрича, Ҳиндистон-Покистон ўртасидаги кескинлик бир-бирларига авиазарбалар бериш, артиллерия отишмалари ҳамда махсус кучларнинг амалиётидан нарига ўтмайди. Энг асосийси, ядро аслаҳаларини ишга туширишга Покистоннинг ҳам, Ҳиндистон томонининг ҳам хоҳиши йўқ. Жаҳон жамоатчилигига таскин бераётган омил ҳам ана шунда.

Ёдингизда бўлса, пойтахтимиз Тошкент ҳам бир вақтлар Ҳиндистон ва Покистонни яраштириш майдонига айланди. 1966 йилнинг 11 январида Покистон президенти Муҳаммад  Айюб Хон ва Ҳиндистон бош вазири Лаьл Баҳодур  Шастри томонидан Тошкент декларацияси имзоланган ва икки мамлакат ўртасида давом этаётган қуролли низоларга барҳам берилган эди. Уларнинг ҳар иккиси кучли сиёсатчи эди. Ҳарбий бўлмиш Муҳаммад Айюб Хон ҳарбий тўнтариш орқали хокимиятга келган ва референдум орқали ўз хокимиятини мустаҳкамлаб олган эди. Шастри эса мустақил Ҳиндистоннинг Жаваҳарлаъл Нерудан кейинги иккинчи раҳбари эди. Музокоралар осон кечмади. Томонлар бир-бирларини айблар экан, қуролли мажоралар учун маъсулиятни ўз зиммаларига олишни исташмасди. Тошкентда кўрилган  дипломатик саъй-ҳаракатлар самарасиз бўлмади Ўшанда Тошкент декларацияси минтақа сиёсий ва дипломатия тарихида унутилмас ҳодиса сифатида тан олинган эди. Тинчлик шаҳрида деярли бир ҳафта (3 -10 январь кунлари) музокоралар жараёни бўлиб ўтди. Охир оқибат тинчлик битими имзоланганидан кейин, хурсандчиликдан Шастрининг юраги ёрилиб вафот этгани ҳам айни ҳақиқат. Шастрининг Ҳиндистон байроғи ёпилган тобутини Покистон президенти ҳам аэропортгача кузатиб қўйганини тарих унутганича йўқ. Унинг ўлими қўлга киритилган сиёсий муваффақиятларга озгина бўлса-да соя солгани йўқ. У тинчлик учун ва тинчлик йўлида ҳаётидан кўз юмди. Ҳиндистонинг машҳур сиёсатчиси шарафига Тошкентда бир эмас иккита ёдгорлик — бюст ва ҳайкал ўрнатилган.

Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар ўз қуролли кучларини аввалги ҳолатга қайтардилар, икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва савдо алоқалари қайта тикланди. Бунинг самараси ўлароқ сиёсий доираларда “Тошкент руҳи” деган ибора ишлатила бошланди. Тошкентнинг обрўси нафақат Осиё қитьасида, балки жаҳонда  анча юксакликка кўтарилди.

Тўғри, орадан олти йил ўтиб, яъни  1971 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида яна қуролли тўқнашув бўлиб ўтди. Бунинг оқибатида Покистон шарқий минтақасини бой берди ва минтақа ўрнида Бангладеш давлати пайдо бўлди. 1971 йилнинг  декабрида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида янги битим имзоланди. Аммо шунга қарамай икки мамлакат ўртасида мунтазам қуролли низолар чиқиб туради.

Тахминан 120 тадан ядровий жанговар каллакка эга икки давлат ўртасида 2002 йилда ҳам ядро уруши юз бериши хавфи вужудга келганди. Ўшанда бунга террорчилар томонидан Ҳиндистон парламентида содир этилган қўпорувчилик сабаб бўлган. Оқибатда икки давлат ўз чегараларига  500 минггача ҳарбийни жойлаштирган. Ўшанда ядро урушини Москва ва Вашингтон тўхтатиб қолган. Россия Ҳиндистон билан, АҚШ Покистон билан музокаралар олиб борганди. Бугунги кунда, афсуски, Россия ва АҚШнинг Ҳиндистон-Покистон можаросини тартибга солишда биргаликда ҳаракат қилишига умид қилмаса ҳам бўлади.  

Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, Кашмир муаммонинг ягона омили эмас. Ҳатто ўртасида сув туфайли можаро келиб чиқиш хавфи бор. Олимларнинг фикрича, сайёрамиздаги биринчи ядро уруши сув учун келиб чиқиши мумкин, у Россия ва АҚШ ўртасида эмас, балки Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бошланади. БМТнинг Гамильтондаги (Канада) сув захиралари, атроф-муҳит ва саломатлик институти ходимлари Ҳиндистон яриморолида ичимлик сувининг етишмаслиги ҳақиқатда жуда жиддий муаммо эканлигини айтмоқдалар. Уларнинг фикрича, Ҳинд дарёси ҳавзаси исталган вақтда портлаши мумкин бўлган сув "бомбаси" ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, охирги йилларда яриморолда сув захиралари учун низо авж олиб кетди. Яқинда Ҳиндистон Ҳинд дарёси бўйича икки томонлама комиссия ишининг якунланишини маълум қилди. Бу комиссия Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сув муносабатларини 1960 йилдан бошқариб келган. 1960 йилда бу давлатлар Ҳинд сувлари ҳақида келишувни имзолашганди.

Келишув доирасида Ҳиндистон Ҳинднинг учта шарқий ирмоғидан, Покистон эса иккита ғарбий ирмоғи ва Ҳинднинг ўзидан фойдаланиш ҳуқуқини олганди. Бу келишув Покистоннинг Ҳиндистон билан уруш бўлиши ҳолатида дарё ирмоқларининг Ҳиндистон  ҳудудидан ўтувчи қисми қўшниси томондан тўсиб қўйилиши хавотири сабабли юзага келганди. Олимларнинг фикрича, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бу масала бўйича ҳамфикрликнинг йўқлиги яқин келажакда улар орасида урушга олиб келиши мумкин.

Ҳиндистон билан Покистоннинг бир-бирига ўзаро ядро зарбасини амалга ошириши, ҳар икки томондан 50 тадан ракета отилса, портлаш ва оқибатда юзага келган ёнғинлар ва радиация туфайли  урушнинг биринчи ҳафтасидаёқ камида 20 миллион киши қурбон бўлади. Бу албатта даҳшат. Биринчи жаҳон урушида бундан оз одам ҳалок бўлганди. Лекин атом бомбаларнинг вайронкорлик ҳаракати шу билан тугамайди: ёнғинлар, ядро портлаши оқибатида келиб чиққан олов тутун аралаш  қўзиқориндек шакл ясаб осмонга кўтарилади; радиоактив зарралар стратосферага тушади. Ҳисоб-китобларга кўра, Ҳиндистон-Покистон ўртасидаги ядровий можаро атмосферанинг юқори қатламига  6,5 тонна радиактив материал ни чиқаради; қурим  ва қоракуя қуёш нурини тўсиб қўяди ва Ер юзасидаги ўртача  йиллик ҳароратни  сезиларли даражада пасайтириб юборади. Ҳавонинг совуб кетиши ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин. Дунёдаги ҳозирда мавжуд бўлган дон захираси, дунё бўйича умумий эҳтиёжни узоғи билан 100 кунгина қондира олади. Захира томом бўлгач, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ядро уруши оқибатида юзага келган ядровий қиш сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бирини очарчиликка маҳкум этади. Бу, икки миллиард киши, деганидир.

Баъзилар бугун ядровий тўқнашувлар ҳақида хотиржамлик билан гапирмоқда. Ваҳоланки, иккинчи жаҳон урушидан сўнг инсоният тарихида яна шундай урушга йўл қўйиш мумкинлиги ҳақида одамлар ҳатто ўйлашга ҳам қўрқар эди. Бу даҳшатли урушда ҳаммаси бўлиб 50 миллион, собиқ Иттифоқ ҳудудидан 27 миллион киши қурбон бўлди. Тасаввур қиляпсизми, 50 миллион киши! Илгари бундай урушнинг қайтарилиши ҳақида ҳеч ким ўйламас, гапирмас эди. Бугун эса кўпгина сиёсатчилар, юқори лавозимда ўтирган раҳбарлар ва журналистлар ядровий уруш бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида бемалол гапирмоқда. Учинчи жаҳон уруши бўладими, деган саволни бамайлихотир муҳокама қилмоқда.

Бир фараз қилинг, бундай урушдан сўнг Ер юзида нима қолади? Нима учун бу аччиқ ҳақиқатни унутиб қўймоқдамиз ва уруш ҳақида хотиржам гапирмоқдамиз? Нима учун уруш бошланиши керак, қандай кучлар уни қўзғамоқда? Наҳотки инсоният хотираси шу қадар заифлашиб, тарих сабоқларини унутиб қўйган бўлса?...

                                                                   

  Абдували Сайбназаров,

                                                                           human.uz колумнисти

 


Мавзуга оид