Жаҳон 472 18.07.2019 15:49:49

Фаластин таклиф этилаётган “пора”га ғурурини алмаштирмайди

Фаластин таклиф этилаётган “пора”га ғурурини алмаштирмайди

Мана 70 йилдирки, Яқин Шарқдаги ҳодисалар ёки минтақа можароси халқаро ҳаётнинг энг муҳим мавзуси бўлиб қолаяпти. Энг йирик агентликлар ва ОАВ минтақанинг уч йўналишидаги зиддиятлар – Исроил-Фаластин, Исроил-Сурия, Исроил-Ливаннинг ечилмаган ҳудудий ва ҳарбий-сиёсий низосини ёзишдан чарчагани йўқ. Тилга олганларимиз ичида энг қадимийси Исроил-Фаластин можаросидир. Ўтган ўн йилликлар мобайнида дунёнинг қудратли давлатлари – АҚШ ва Совет Иттифоқи, кейинчалик, АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ орага тушишга уринди ҳамда турли тинчлик ташаббусларини илгари суриб келди. Аммо тинчлик режалари ҳар доим ё Исроил ёки Фаластин томонидан рад этиб келинди.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2016 йили ўзининг сайловолди дастурида Яқин Шарқ можаросига “малҳам” топиш ниятини эълон қилди. Аммо бу даво кўпроқ Исроилнинг манфаатларига хизмат қилди. Трамп 2017 йил декабрда Қуддусни Исроилнинг пойтахтида сифатида тан олиб, АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан муқаддас шаҳарга кўчиришни эълон қилган бўлса, 2019 йилда Сурияга қарашли, аммо Исроил босиб олган Жўлон тепаликларини Исроил юрисдикциясидаги ҳудуд деб эътироф этди. Бу билан арабларнинг ишончидан маҳрум бўлганига қарамай, 2019 йил июн йининг охирида Доналд Трамп маъмурияти “аср келишуви” деб ном олган шартнома лойиҳасининг иқтисодий қисмини эълон қилди. Бу баландпарвоз номланиш ортида Фаластин-Исроил муаммосини барқарорлаштиришга оид Американинг янги режаси яширинган. Оқ Уй раҳбарининг амбицияли лойиҳасининг тақдимоти учун халқаро майдон сифатида “Тинчликдан фаровонлик сари” номи остидаги конференция танланди. Бахрайн пойтахти Манамада 25-26 июн кунлари ўтказидган тадбирда бутун минтақанинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. “Аср битими”нинг амалга оширилишидаги биринчи босқич “иқтисодий тинчлик” бўлиши назарда тутилган ғояни нафақат Трамп, балки Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху ҳам илгари сурмоқда.

«Иқтисодий тинчлик» нинг моҳияти эса бинес ва сиёсий масалалар қарорини ажратишдан иборат. Режа муаллифлари амалий алоқалар ўзаро ишончни йўлга қўйишга ва вақти келиб сиёсий тинчликни ўрнатишга хизмат қилишидан умидворлар. Бошқача айтганда, фаластинликлар Исроил билан тинчликда яшаш фойдали эканлигига, кейин уларнинг ўзи ён бериб қолишларига инонишлари керак. Бундай ўй-ҳаёлга нафақат минтақа давлатлари, балки АҚШнинг ўзи ҳам ишонмаса керак. Зеро, кўпинча эксперт доираларда фаластинликларга фойдали келишув ўрнига таслим бўлиш таклифи билдирилаяпти, деган фикрларни эшитиш мумкин.

Тинчликка зид жараёнлар
“Аср битими” ва унинг истиқболларини муҳокама қилишдан аввал араб-исроил можароси замонавий тарихдаги энг узуни ҳисобланишини аниқлаштириб олиш мақсадга мувофиқ. Унинг расмий бошланиши 1947 йилга, аниқроғи БМТ Бош Ассамблеяси тарихий Фаластин ерларини икки давлатга – араб ва яҳудийлар давлатига ажратиш, Қуддусга халқаро бошқарувдаги мақом берилишини кўзда тутган қарор қабул қилган пайтга тўғри келади. Бироқ чинакам қарама-қаршилик 1930-йилларда бошланди.
   
Муаммони ечишга уринилмади, дейиш нотўғри бўлади, албатта. Ўтган ўн йилликлар мобайнида музокараларнинг барча эҳтимолий шакллари синаб кўрилди, энг экзотик ташаббуслар илгари сурилди, бироқ тинчлик шартномаси имзоланмади. 1990- йилларда барқарорлаштириш принциплари келишиб олинди: «икки халқ учун икки давлат» ва «тинчлик эвазига ерлар», қолаверса, ўзини ўзи бошқариш Фаластин органларини тузиш. Сўнгра Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида яҳудийлар учун манзилгоҳларни қуришга киришиб кетгани туфайли тинчлик жараёни жойида депсиниб қолди, 2010 йилдан музокаралар деярли тўхтади. Фаластинликлар босиб олинган ҳудудларда яҳудийлар манзилгоҳлари қурилиши бас қилинишини талаб қилган бўлса, Исроил дастлабки шартларсиз музокаралар бошлашни таклиф этди. Вазият боши берк кўчага кириб қолди.

Фаластин-Исроил можаросини барқарорлаштиришнинг мураккаблиги унинг қўп қиррали эканлигида. Бу шунчаки ҳудудий баҳс эмас. «Якуний мақом тўғрисида»ги келишув бешта муҳим масалани қамраб олиши шарт. Булар – чегаралар, Қуддус мақоми, Исроил хавфсизлигини таъминлаш, қочоқларнинг қайтиши, минтақа учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган сув ресурсларини тақсимлаш муаммоларидир. Бу жиҳатларнинг барчаси ўткир ва ҳар икки томон учун оғриқли мавзу. Ушбу пунктлардан бирортаси бўйича тушунмовчилик тинчлик қарор топишини имконсиз қилиб қўяди.
   
Барқарорлаштиришнинг бизнес режаси
Трампнинг 2016 йилдаги сайловолди ваъдаси сайланганганидан кейин “аср битими” номи билан аталган ташаббусга айланди, бу Оқ Уй хўжайинининг бизнес кайфиятига мос тарзда номланди. 1993 йилдан бери Америка президентларининг бирортаси араб-Исроил зиддиятларининг фаластин йўналишида жиддий силжишга эриша олмагани учун бундай номланиш ўзини оқлайди. Трамп ёндашувидаги янгилик масала ечими билан шуғулланишни Давлат Департаментига эмас, балки президент куёви – яҳудий миллатига мансуб, дипломатик иш тажрибасига эга бўлмаган, бироқ Оқ Уй раҳбарининг чекланмаган ишончига сазовор инсон Жаред Кушнерга топширилишида бўлди. Музокаралар бевосита Америка лидерининг яқин доирасидаги Яқин Шарқ реалликларини илғай оладиган бошқа бир киши – адвокат Жейсон Гринблаттга ишониб топширилди. Исроилпарастлиги билан танилган АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман ҳам муттасил иш олиб борди. Шунинг ўзиёқ кузатувчиларни ҳушёр торттирди. Бироқ чинакам ҳиссиётлар келишувнинг айрим икир чикирлари ОАВда босқичма-босқич пайдо бўла бошлаганидан кейин қайнай бошлади. Эътиборлиси шундаки, у ёки бу ғояга жамоатчиликнинг реакциясини текшириш учун ёки исталмаган музокараларни саботаж қилиш учун бундай ахборот сизиб чиқарилади.

Эски муаммоли янги Фаластин
Ниҳоят, жорий йилнинг май ойи бошида ташаббус тасвирлари батамом ойдинлашди. Исроил журналистларининг аниқлашича, Трамп режаси Исроил, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини назорат қиладиган Фаластин миллий маъмурияти ва Ғазо секторини идора қилаётган Хамас иштирокида тинчлик шартномасига эришишни кўзда тутади. Натижада “Янги Фаластин” давлати дунёга келиши керак.

Бундай шартнома шартларига кўра, Исроилга яҳудий манзилгоҳлари жойлашган Ғарбий соҳилдаги ерлар тегишли бўлади. Дарвоқе, нафақат йирик блоклар билан балки энг олисдаги манзилгоҳлар билан алоқа кафолатланиши лозим. Қуддус бирданига икки давлатнинг пойтахтига айланади, бироқ шаҳар устидан, энг асосийси, муқаддас қадамжолар устидан назорат исроилликлар қўлида қолади. Бундай шарт Шарқий Қуддусни, айниқса, муқаддас масжидул Ақсо жойлашган шаҳар қисмини ўзининг пойтахти сифатида орзу қиладиган Фаластин халқини қаноатлантирмаслиги аниқ.

Ғазо сектори учун ҳам алоҳида қарор таклиф этилмоқда. Фаластинликлар аэропорт жойлаштириш, саноат корхоналари қуриш ва қишлоқ экинлари етиштириш учун Мисрдан Синай ярим оролининг туташ ҳудудларини ижарага олишлари мумкин, бироқ у ерда яшашга рухсат берилмайди. Айни пайтда Ғазо ва Иордан дарёси ғарбий соҳилини шоссе бирлаштириб турмоғи керак.
Янги Фаластин ўз армиясига эга бўлолмайди, фақат оғир қуролсиз полиция кучлари фаолият юрита олади, уни ташқи агрессиядан Исроил ҳимоя қила олади. Шундай қилиб, яҳудийлар давлати бутун тарихий Фаластин чегаралари ва ҳаво бўшлиғи устидан назоратни сақлаб қолади. Охирги йилларда Исроил билан мунтазам қарама-қаршиликка борган ХАМАС ҳаракатининг тўлиқ қуролсизланиши шарти қўйилади. Бу битимнинг сиёсий қисми. Аммо АҚШ маъмурияти унинг тафсилотларини АҚШдаги президентлик сайлови арафасида расман эълон қилишини маълум қилди.

“Аср битими”нинг асал жойи пул масаласи ҳисобланади. Тинчлик жараёнини молиялаштиришни қисман АҚШ ва Европа Иттифоқи ўз бўйнига олади, бироқ инфратузилмаларни ривожлантириш, ер ижараси тўлови ва бошқа ҳаражатларнинг 70 фоизини Форс кўрфазининг нефт султонлари қоплашлари зарур. Кушнер ҳикоя қилган чоралар Фаластин ва қўшни давлатларда 50 миллиард доллар ҳамжмидаги давлат ҳамда хусусий инвестицияларни жойлаштиришни кўзда тутади. Бу фаластинликлар учун камида 1 миллион иш ўрни яратишга, шунингдек, Фаластин миллий администрацияси (ФМА)нинг ялпи ички маҳсулотини 10 йил мобайнида икки баробарга оширишга имкон беради. Бу сумманинг 28 миллиарди ФМА ва Ғазо сектори иқтисодиёитини ривожлантиришга сарфланса, 7,5 миллиарди Иордания, 9 миллиарди Миср ва 6 миллиарди Ливан ҳудудидаги фаластинликларга сарфланади. Оқ Уйнинг ташаббуси Фаластиндаги инфратузилмавий, саноат, тиббиёт, сайёҳлик ва таълим соҳаларидаги 100 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади. Умуман олганда, бундай режа фаластин халқининг тарихида янги саҳифани, яъни эркинлик ва ғуруридан маҳрум этадиган саҳифани очади холос.

Замини пуч ғоя
«Аср битими»ни борича узоқ ва ҳар томонлама танқид қилса бўлади. Фаластинликларнинг Ғарбий соҳилнинг ярим ҳудудини шунчаки бериб томошабин бўлиб ўтиришини, йиртиқ-ямоқ кўрпага ўхшаган ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган давлатда яшашга розилик беришини тасаввур қилиш қийин. Ўз пойтахтини Шарқий Қуддусда жойлаштириш ғоясидан воз кечиши ҳам шубҳали. Ҳозирча уларга атиги Абу-Дис масканини бериш таклиф этилмоқда. Қайнота-куёв Трамп–Кушнер режасида Яқин Шарққа сочиб юборилган бир неча миллион фаластинлик қочоқларнинг қайтарилиши ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмаган. ХАМАСни қуролсизлантириш фантастик ҳикояга ўхшаб кетади. Бу каби тинчлик шартномасини имзолаган Фаластиннинг ҳар қандай раҳбари ўзига ўлим ҳукмини имзолаган бўлади, унинг ижроси ватанига қайтиши амалга оширилиши муқаррар. Ҳатто харизматик сиёсатчи Ёсир Арофат ҳам бунданда юмшоқроқ шартларда тинчлик келишувини имзолашга жазм қилолмааган бўларди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, иш бундай сценарий асосида ривожланмайди. «Аср битими» муваффақиятига АҚШнинг ўзи ҳам ишонмайди. Эътиборлиси шундаки, Давлат котиби Майкл Помпео келишув фақат Исроилга ёқишини ошкора тан олди. Муаммо шундаки, америкаликларни “виждонли брокер” сифатида тан олишмаяпти, бунга таҳлилчилар фикрича, элчихонани Қуддусга кўчиришга шошилган, шунингдек, фаластинлик қочоқларга гуманитар ёрдам кўрсатишни бекор қилиб, уларни очарчилик ёқасига келтириб қўйган Трамп айбдор. Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг фикрича, аввалдан ёлғон устига қурилгани учун аср битимининг келажаги йўқ. ФАТҲ Оқ уйнинг “аср битими” деб аталаётган ушбу режасини “фаластин халқига таклиф қилинаётган ва араб пулларига асосланган пора” деб атади. Ташкилот АҚШнинг такли

фи ҳақиқатда мустақил давлатни орзу қилаётган фаластинликлар умидларига чек қўяди, деб ҳисобламоқда. ФМА форумни бойкот қилгани сабабли айрим араб давлатлари, жумладан, Ироқ ва Ливан ҳам Манама анжуманида қатнашишдан бош тортди.

Бир сўз билан айтганда, “аср битими” Исроил давлати ҳеч қачон Фаластинга том маънодаги мустақилликни туҳфа этишни хохламаслигини намойиш этди. Шундай бўлиши турган гап. Чунки Фаластин Осиё, Африка ва Европа чоррраҳаси туташган нуқтада жойлашгани билан қулай жўғрофий, стратегик аҳамиятга эга.

Минтақавий ўйинчиларнинг сароб ҳаёллари
“Аср битими”нинг фойдасига ягона жиддий илинж бу Форс кўрфази давлатларининг позициясидир. Уларнинг аксарияти Эронга қарши курашда муҳим иттифқоқчи сифатида кўриладиган Исроил билан муносабатларнинг тезроқ барқарорлашувидан манфаатдор. Бу келишувдан Фаластин масаласини тугатиш, яҳудийлар давлатини эса, «сунний давлатлар» доираси дея номланган регионал коалицияларга қўшиш кўзланган. Бу иш – Американинг минтақани қайта шакллантириш режаси бўйича, «Эрон хавфи»га қарши кураш ниқоби остида амалга оширилмоқда!

Томонлар ўртасида норасмий алоқалар, оғиз-бурун ўпичлар анчадан бери мавжуд, бироқ тўлақонли ҳамкорлик учун тинчлик зарур. Айниқса, бу борада Саудия Арабистони ҳаммадан илгарилаб кетган. Уларда аргумент бор. 2002 йилдаги Араб тинчлик ташаббуси Исроилга Фаластин масаласининг адолатли ечими учун тинчликни ваъда қилади. Вазиятни Вашингтонда яхши тушунишади, нефт корчалонларининг саҳийлигини ҳам. Гап фақат фаластинликларни қарорнинг “адолатли” эканлигига ишонтиришда қолган. Афсуски, муаммо ҳам шунда. Улар Саудия Арабистони ёки Бирлашган Араб Амирликларининг иқтисодий ёрдами ва сармоялари эвазига бўлсин, ҳуқуқи ва ерлари чекланган давлатга рози эмаслар. Хўп, Трамп Фаластин раҳбарияти бошини айлантириб олди ҳам дейлик, турли радикал гуруҳларни келишувга риоя этишга қандай мажбур этади, улар ўзининг қатъиятини намойиш этиш имкониятини қўлдан бой бермайди, Фаластин миллий маъмуриятини миллий манфаатларни сотишда айблаб, ўз тарафдорлари қаторини тўлдиради, бу янги “интифада” – қўзғолон хатари дегани. Шу маънода “Аср битими”ни “сиёсий ҳаёлпараст”нинг фантастик лойиҳаси сифатида тарих қаърида қолиб кетадиган ғоя деб аташ мумкин, холос. Боз устига кузга бориб АҚШда навбатдаги президентлик сайловига тайёргарлик бошланади, Трампда Яқин Шарқ билан шуғуллланишга вақт ҳам бўлмайди.

Абдували Сайбназаров,
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид