Жаҳон 427 12.07.2019 10:04:27

АҚШ Туркия иқтисодиётини вайрон этиб ташлай оладими?

АҚШ Туркия иқтисодиётини вайрон этиб ташлай оладими?

Яқин Шарқ халқаро воқеалар кун тартибидан тушмаётган минтақа бўлиб қолмоқда. Суриядаги курд отрядлари туфайли айниқса АҚШ-Туркия муносабатлари совуқлашишда давом этмоқда. Бир неча ой олдин Президент Доналд Трамп, агар Анқара Суриядаги курд гуруҳларига ҳужум қилгудек бўлса, АҚШ «Туркияни иқтисодий жиҳатдан яксон қилиб ташлаши»ни маълум қилди. Трамп курд қуролли гуруҳлари билан биргаликда Исломий Давлатга қарши кураш олиб борган АҚШ ҳарбийларининг Суриядан чиқарилишига ишора қила туриб, ушбу сўзларни айтганди.

Маълумки, Туркия курд қуролли гуруҳларини террористлар сифатида кўради. Уларни айирмачиликда ва мустақил Курдистон давлатини тузиш уринишларида айблайди. Бир вақтлар экспертлар дунёдаги йирик сиёсий марказлар Яқин Шарқда ўз “қўғирчоқ” давлатига эга бўлиш учун Туркия, Ироқ, Эрон ва Сурия ҳудудида яшайдиган курд жамоаларидан фойдаланади ва уларни бирлаштирган Курдистон давлати тузади, деган фикрларни билдирган эди. Бундан чўчиган расмий Анқара бир неча ўн йиллардан бери курдларга қарши, ҳатто Ироқ ҳудудида ҳам жанговор операциялар ўтказиб келган.

Хўш, агар АҚШ чиндан истаса, Туркия иқтисодиётини вайрон этиб ташлай оладими? Бу савол ҳақиқатда кўпчиликни қизиқтиради.

Вашингтон ва Анқаранинг муносабатлари, тарихан, ҳам сиёсий-иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан яқин бўлган. НАТО аъзоси бўлмиш Туркия АҚШ учун ўта муҳим иттифоқчи, аммо уларнинг ҳамкорлигида жиддий муаммолар мавжуд. Муносабатлардаги яширин дарзлар ўтган йилнинг августида - америкалик пастор Эндрю Брунсоннинг ҳибсда тутиб турилиши ортидан АҚШ Туркияга нисбатан санкциялар уруши бошлаганда бўй кўрсатган эди.

Оқибатда Вашингтон-Анқара муносабатлари ўзининг навбатдаги энг қуйи даражасига тушиб кетди, шундоқ ҳам мўрт бўлган Туркия иқтисодиёти эса фалажлана бошлади. АҚШ Туркия пўлати ва алюминийига тарифларни икки баробарга оширди. Бу эса турк лирасининг 2018 йил бошидан бери ўтган вақт давомида 50 фоизга қадрсизланиб кетишига олиб келди. Ўз навбатида Туркия ҳам АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф миқдорини кўтарди: машиналарга 120 фоиз, спиртли ичимликларга 140 фоиз ва тамаки баргига 60 фоиз. Аслида, Туркия экспортининг атиги 5 фоизигина АҚШга йўл олади ва импортнинг бундан бироз кўпроқ миқдори АҚШ ҳисобига тўғри келади, холос. Ташқи савдода Хитой, Россия ва Германия Туркиянинг энг муҳим ҳамкорларидир.

Бироқ АҚШ билан ўзаро савдо айланмаси ҳажми у қадар катта эмаслигига қарамай, у Туркия учун ҳаётий зарурият даражасида бўлган секторлар бўйича Анқаранинг асосий ҳамкоридир: ҳаво транспорти, темир ва пўлат, машинасозлик. АҚШ ўтган йилги санкцияларда айнан мана шу секторларни нишонга олган.

Шунингдек, Туркия бутун тарих давомида халқаро савдо айланмаси бўйича камомадни бошдан кечириб келган, яъни мамлакат экспортдан кўра анча кўп импорт қилади.Аммо савдодаги мазкур жарлик 2018 йилда сезиларли қисқарган. Шу билан бирга юқори даражадаги ташқи қарздорлик Туркия иқтисодиётидаги жиддий муаммодир.

2019 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, унинг ташқи қарзи йиллик ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 50 фоизидан ошиб кетган. Бу ҳол мамлакатни халқаро инвесторлар марҳаматига кўз тикиб ўтирадиган ҳолга солиб қўяди ва валюта курслари ҳаракатланишини хавфли ҳолатга айлантиради.

Туркиянинг ташқи қарзлари борасида сўз кетганда, унинг икки хусусиятини англаш муҳимдир.

Биринчидан, қарзларнинг катта қисми қисқа муддатга олинган, яъни мамлакат яқин келажак ичида уларни тўлаши лозим. Бу ҳол Туркиянинг ташқи молиявий манбаларга қарамлигини жиддий равишда орттиради. Иккинчидан, қарзларнинг асосий қисми АҚШ доллари ва евро каби хорижий валюталарда олинган.

Демак, турк лираси хорижий валюталарга, масалан АҚШ долларига, нисбатан ўз қадрини йўқотган сари қарзлар қиймати янада ошиб бораверади. Лиранинг қадри ўтган йили 2001 йилдан буён биринчи марта кескин тушиб кетди ва бу ҳол анча вақт давом этди. Лиранинг қадрсизланиши ташқи қарзлар қийматини оширишдан ташқари Туркиянинг тарихий муаммоси бўлмиш инфляция даражасини ҳам юқорига сакратиб юборади. Ўтган йили Туркияда энг юқори инфляция кўрсаткичи бир муддат 25 фоизни ташкил қилди.

2001 йилдан бери ўтган вақт оралиғида Туркия иқтисодиёти мунтазам ўсиб, анча мустаҳкамланганини қайд этиб ўтиш лозим. Бироқ Туркия иқтисодиётига бўлган ишончга ўтган йили путур етди. Иқтисодиёт улкан миқдорда сарфлаш ва қарз олиш ҳисобига шишириб юборилган экан, деган хавотирлар пайдо бўлди. Яна қўшимча қилиш мумкинки, Туркия ҳукумати марказий банкнинг муҳим ваколатларини тортиб олди ва бу инвесторларнинг фискал сиёсат йўналишидан жиддий ташвишланишига сабаб бўлди.

Бу омиллардан хулоса қилинса, АҚШ билан зиддиятнинг ҳар қандай даражада чуқурлашуви Туркия иқтисодиётининг барқарорлигига, шубҳасиз, раҳна солади. Бундай ҳолатда капитал оқими кескин чекланади ва Туркия валютасининг қадрига жиддий зарар етади.

Бироқ Сурия, Ироқ ва Эрон каби давлатларга чегарадош бўлмиш Туркия билан сиёсий ва стратегик ҳамкорликнинг ўта муҳим эканидан келиб чиқиб, АҚШ амалда унга зиён келтиришни истамаслиги эҳтимоли юқори эканини англаш мумкин. Туркия АҚШ мудофаа анжом-аслаҳаларини қабул қилиб олишда Исроил ва БААдан кейинги ўринда турувчи йирик иттифоқчидир. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг катта қисми ҳам айнан АҚШ томонидан таъминланади. Шунингдек, АҚШ ва НАТО кучлари Туркия жанубидаги Инжирлик ҳаво базасидан фойдаланади.

Шундай экан, Туркиянинг иқтисодиёти заиф нуқталарга бой бўлиши мумкин, лекин у стратегик жиҳатдан муҳим иттифоқчи сифатида қолаверади. Туркия, шубҳасиз, Ғарб учун муҳим мамлакат, аммо Вашингтон ва бошқа қатор Европа давлатларида унинг аҳамияти не қадар эканлиги борасида саволлар ўртага ташланмоқда. Ҳатто баъзи амеикалик сиёсатчилар Туркиянинг Вашингтонни иттифоқчи сифатида кўришига ҳам шубҳа билдирган.

Лекин Туркия НАТОнинг муҳим аъзосилигича қолмоқда. Америка ҳаво кучлари эса Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларни олиб бориш учун унинг базаларидан фойдаланишда давом этмоқда. Туркия ҳудуди НАТО шарқий минтақасининг катта қисмини ташкил қилади ва Россиянинг сўнгги йиллардаги ташқи сиёсати ҳисобга олинса, Қора Денгиз борган сари стратегик жиҳатдан янада муҳим ҳудудга айланиб бормоқда.

Бироқ президент Ражаб Тайип Эрдўғоннинг авторитар бошқаруви расмий Анқаранинг келажакдаги аҳамияти борасида Европа Иттифоқи ва АҚШни чуқур ўйлаб кўришга мажбур қилмоқда.

Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни айнан шу каби иккиланишлар туфайли тўхтаб қолган эди. Сўнгги вақтдаги турк ҳукуматининг АҚШ билан турли муросасизликларга бориши ортидан кучайган сиёсий ва иқтисодий инқироз эса икки томонлама муносабатлар яқин келажакда тикланадими ёки йўқ, деган саволларни кун тартибига чиқармоқда. Томонлар ўртасидаги яқинда бошланган можаро расмий Анқара 2016 йилдаги ҳарбий тўнтаришга алоқадорлик ва жосусликда айблаётган америкалик руҳоний Эндрю Брансон иши юзасидан келиб чиққан эди. Анқара Брансонни озод этиш талабига рад жавобини бергандан сўнг АҚШ Туркияга қарши санкциялар жорий қилди ва мамлакат иқтисодий жиҳатдан чуқур тушкунликка тушиб қолди.

Кузатувчилар фикрича, «Брансон иши» Ражаб Эрдўғон ва Доналд Трампнинг шахсий феъл-атвори туфайли юзага келган. Туркиядан НАТО аъзоси мақомини олиб қўйишнинг имкони йўқ - алянс тартиб-қоидаларида бундай амалиёт кўзда тутилмаган. Иттифоқдан чиқиш қарорини фақат Туркиянинг ўзигина олиши мумкин.

Туркия бир неча бор ўзининг тарихий рақиби бўлмиш Греция билан юзага келган дипломатик жанжалларини НАТО даражасига олиб чиққан. Оқибатда иттифоқ кучлар мувозанатини сақлаб туриш қонунияти доирасида иш кўришга мажбур бўлган. Бироқ НАТО доим ҳам Туркияга алоҳида эътибор кўрсатмаган ва натижада Анқара ўзини иттифоқдаги энг аҳамияти паст аъзо сифатида ҳис қилади. Масалан, ҳарбий иттифоқчилар 1990-1991 йилларда Саддам Ҳусайн режимига қарши ўтказилган Саҳродаги Бўрон амалиёти давомида турк ҳукуматининг хавфсизликни таъминлаш юзасидан киритган сўровига ўз вақтида жавоб қайтармаган эди.

Шундай бўлса-да, Сурияда фуқаролар уруши бошланиши билан НАТО иттифоқдошининг чегаралари Башар Ассад қўшини томонидан ўққа тутилишидан хавфсираб, Туркияга ракетага қарши мудофаа мажмуаларини юборган эди. Таҳлилчиларга кўра, Ироқ ва Сурия мисолидаги фарқли муносабатлар Туркиянинг ҳар икки инқироздаги аҳамиятига боғлиқ эмас. Сурия масаласига келганда, Туркия Ассад режимига нисбатан қатъий муносабатда бўлди ва ғарблик иттифоқчилари билан биргаликда мухолифат кучларини қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг Анқара бир вақтнинг ўзида икки ўриндиқда ўтиришга ҳаракат қила бошлади. Президент Ассад ҳукуматига қарши чиқиб билан бир пайтда айни шу ҳукуматни қўллайдиган Москва билан алоқаларни кучайтиришга зўр берди. Америкаликлар билан тузилган шартномага мувофиқ юзта F-35 қирувчи самолётни кутаётган Анқара Россиядан С-400 ҳаво мудофааси тизимларини сотиб олишга қарор қилди. Ҳар икки томон узоқ вақтдан бери виза режимини енгиллаштириш, ҳаттоки, бекор қилиш, «доллар таъсиридан халос бўлиш учун» икки томонлама савдо алоқаларини миллий валюталарда олиб бориш масаласини муҳокама қилмоқда.

Бироқ Вашингтон ва НАТОдан юз ўгириб, Россия билан дўстлашиш Туркияга халқаро обрў, хавфсизлик кафолати ва технология соҳасида тараққий этиш имкониятини қўш қўллаб топшириб қўймайди. Аммо Туркиянинг «бегоналашиб бораётганлиги масаласи»га Европада муносабат ўзгача.

Бир томондан Европа Иттифоқи Эрдўғон режимини аёвсиз танқид қилади ва турк ҳукуматини инсон ҳуқуқларини поймол қилишда айблайди. Бошқа томондан эса Европанинг Туркиядаги иқтисодий манфаатлари жуда ҳам катта. Европа банклари Туркияда яхши ўрнашиб олган ва улар лиранинг қулашини жим томоша қилиб туришни ўзига эп билмайди.

Эрдўғон ҳам европаликлар билан алоқалар бузилишини истамайди. Яқинда у икки юнонистонлик ҳарбий асир ва Amnesty International ташкилотининг маҳаллий бўлими раҳбарини европаликлар талабига биноан ҳибсдан озод қилган эди. Туркия қочқин муҳожирлар оқимини назорат этиш учун Европага жуда керак. Шу сабабдан ҳам европаликлар президент Эрдўғон ўз мамлакатини Европадан янада узоқлаштириб бораётганлигини жим кузатиб турмоқдалар. Ушбу омилларни ҳисобга олиб, хулоса қилинса, президент Трамп раҳбарлигидаги АҚШ қанчалик зўр бермасин, Туркия ва Европа Иттифоқининг ўзаро муносабатлари яқин вақт ичида барқарорлигича қолаверади.

Бироқ ҳам АҚШ, ҳам НАТО билан турлича муносабатларни йўлга қўйишнинг деярли имкони йўқ. Шу сабабдан ҳам Эрдўғон Вашингтонга нисбатан қандай муомала қилишга қарор қилса, Туркиянинг НАТО билан муносабатлари ҳам шундай йўсинда кеча бошлайди.

Абдували Сайбназаров,
Human.uz колумнисти



Мавзуга оид