Жаҳон 365 09.07.2019 19:07:58

Атамбаев нега дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилди?

Атамбаев нега дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилди?

Халқаро саҳнада юз бераётган воқеаларни ёритар эканмиз, биз учун энг муҳими, Ўзбекистонга қўшни Марказий Осиёдаги воқеалар ҳисобланади. Негаки, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг устувор йўналиш бу Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик ва алоқалар мумтаҳкамлигидир. Шу нуқтаи назардан ён қўшнимиз – жон қўшнимиз Қирғизистон республикасидаги ҳодисалар барча юртдошларимизни қизиқтиради, албатта. Кейинги пайтларда мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш, унга нисбатан жиноий иш очишга қаратилган уринишлар, мамлакатда корррупцияга қарши бошланган уруш республикадаги сиёсий вазиятни қизитиб борди. Агар суд Атамбаевни илгари сурилган айбловлар бўйича айбдор деб тан олса жиноий таъқиб ва умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Ўтган ҳафта эса парламент депутатлари собиқ президентни дахлсизлик мақомидан маҳрум этдилар. Атамбаевнинг ўзи ишни “сиёсий” ва абсурд деб атади. Қирғизистонда катта таъсир доирасига эга бўлган Россия собиқ президентдан далхсизлик мақоми олиб ташланишини мамлакатнинг ички иши деб атади ва вазиятга аралашиш ниятида эмас. Мазкур баёнот РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан эълон қилинди. Ўзбекистон ҳам ҳодисани Қирғизистоннинг ички иши деб баҳолаши аниқ. Зеро, мамлакаатимиз ташқи сиёсатининг асосий томойилларида ҳам Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслиги битиб қўйилган.

Жорий йилнинг 1 июлидан Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари ёзги таътилга кетди. Таътил олдидан сўнгги кунлар жуда кескин кечди. Депутатлар томонидан собиқ президент Алмазбек Атамбаевга олтита айблов, шу жумладан, коррупция, уюшган жиноиий гуруҳларни тузиш, лоббизм, шунингдек, унга қарши чиққан сиёсатчилар, жамоат вакиллари ва журналистларга қарши босим ва репрессиялар ташкил этиш айблари қўйилди. Республика Бош прокуратураси ўтган ҳафта “айбдор” тамғасини босгач, депутатлар кўачилик овоз билан Алмазбек Атамбаевни Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти имтиёзларидан маҳрум этди. Экспертлар бу қаоррни “ҳуқуқий чексизлик” деб атаган бўлса, собиқ президент ўзини айбсиз деб ҳисоблади ва ҳатто ҳар бир ҳаракатига жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Қирғизистон социал-демократик партияси сиёсий кенгаши аъзоси Адил Турдукуловнинг фикрича, парламент илгари сурган айбловлар сиёсий хусусият касб этади. Ҳеч қандай ҳуқуқий асослар йўқ. Ҳокимият воқеаларни алангалатмоқда, бу билан Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйи олдида тўпланган тарафдорларининг фаол ҳаракатларига йўл очиб бераяпти. Баҳс нима билан якун топиши ноаниқ, ахир мустақилликка эришганидан бери мамлакат камида иккита “рангли” инқилобни бошдан ўтказди. 30 йил ичида 29 та бош вазир алмашди. Бу қадар ҳукумат инқирозини дунёнинг ҳеч бир мамлакати бошдан ўтказмаган, десак янглишмаймиз.

Кўпчиликнинг фикрича, Атамбаев бидъатчи одам, у охиригача курашиши мумкин. Шу маънода, Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйи ўтиб бўлмас қалъага айланган. Унинг участкасига кираверишдаги йўлларда “халқ штаби” тузилган, бетон плиталар ўрнатилиб, чодирлар тикилган. «Ўтов шаҳарча» мингга яқин кишини қабул қилиши мумкин. Ҳар ҳолда, биринчи навбатдаги озиқ-овқат ва зарурий эхтиёжлар Атамбаевнинг мингга яқин тарафдорлари ҳисобидан келтирилган. Агар ҳокимият Атамбаевни куч қўллаш йўли билан қўлга олиш йўлини танласа, унинг тарафдорлари қаршилик кўрсатиши аниқ. Уларнинг ихтиёрида қурол бор ёки йўқлиги номаълум, аммо Атамбаев уйи олдига бир неча юк машиналарида тош туширилган.
Атамбаевнинг ўзи ички ишлар тизимларидаги тарафдорлари тайёрланаётган ҳибсга олиш операциялари ҳақида хабар беришаётганини даъво қилмоқда. Унинг ўзи таслим бўлиш ниятида эмас, ҳатто “”совға қилинган пистолетидан ўз узишга тайёр. Дарвоқе, бугун Атамбаевнинг тарафдорлари сони у қадар катта эмас. Бунинг исботи ўлароқ 3 июль куни Бишкекдаги «Медиафорум» биноси ёнида Алмазбек Атамбаев тарафдорларининг митингида 500 дан 1,5 мингача одам иштирок этди, холос. Митингда Алмазбек Атамбаевнинг ўзи ҳам қатнашди ва нутқ сўзлади. Митинг иштирокчилари қонунга риоя қилмасликни тўхтатиш, Вазирлар Маҳкамасини истеъфога чиқариш ва «халқ ишончли ҳукумати»ни тузишни таклиф қилди. Улар Давлат хавфсизлиги хизмати ва Ички ишлар раҳбарияти алмаштирилиши ва ҳуқуқ тартибот органларида ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилди. Бундан ташқари, резолюцияда зудлик билан сиёсий мухолифатчилар озод қилиниши шартлиги баён этилган. Шунингдек, давлат аппарати учун харажатларни қисқартириш ва ҳукуматга янги етакчилар келишини таъминлаш талаблари ёзилган. Мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда, митинг ташкилотчилари бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялар уюштирилиши, президент истеъфога кетиши ва парламентни тарқатиб юбориш талаб қилиниши маълум қилинди.

6 миллион аҳолига эга Қирғизистон тушуниш қийин бўлган мамлакат. У Марказий Осиёнинг 30 йил ичида тўрт нафар президенти алмашган мамлакати (улар орасида аёл президент Роза Отумбаева ҳам бор). Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев мамлакатдан қочиб кетишга ва сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлишган. Уларнинг иккаласини ҳам дахлсизлик мақомидан махрум этишган. Шубҳасиз, собиқ президентнинг мамлакат сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатиш имконини берувчи мақомнинг сақлаб қолиниши, энг асосийси молиявий оқимларни назорат қилиш салоҳияти шарқда ҳар доим хуш қабул қилинавермайди. Шу сабабли собиқ президент Атамбаев ва Сўўронбай Жэнбеков ўртасидаги зиддият амалдаги давлат раҳбарининг президентликка номзод сифатида илгари сурилишидан бошлаб юзага келиши башорат қилинаётганди. Аввалги даврларда Қирғизистон сиёсий тизимида президентлик лавозими деганда коррупцион воситалар сифатида бойиб кетиш имконияти тушуниларди. Масалан, собиқ президент Қурманбек Бақиевни афғон наркотикларни Тожикистондан контрабанда қилиш, транзити билан шуғулланиш, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари маҳсулотларининг қайта экспорт қилишга бошчилик қилишда айблашган. Президент Бакиев ҳокимияти жамиятни янгилаш, мамлакатни демократлаштириш ўрнига кам сонли миллатлар ҳуқуқларини поймол қилиш, сўз эркинлигини бўғиш, амалларни ўз яқинларига бўлиб беришдан нарига ўтолмади. Ўша вақтларда ғарб жамоатчилиги Қирғизистонни Марказий Осиёдаги демократия ороли сифатида кўкларга кўтаргани ҳаммага маълум.. Бироқ ўшанда мамлакатда бир неча газеталарнинг ёпилиши, ўнлаб журналистларнинг тазйиқ остига олиниши ёки ўлдирилиши, хорижий давлатларнинг манфаатларига хизмат қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг кундан кунга «болалаётгани» демократия оролини қонунлар диктатурасидан ҳоли маконга айлантирди. Натижада айрим маълумотларга қараганда,яширин иқтисодиётнинг ҳажми расмийсидан кўра 1,5 баробар ошиб кетган, саноат корхоналари деярли тўхтаган. Ярим миллиардли хазинанинг даромад кисми хорижий ёрдам ва кредитлар ҳисобига қопланаётган бир вазиятда 500 минг нафардан зиёд меҳнатга лаёкатли ахоли хорижда меҳнат қилиб кун кечиришга мажбур бўлаяпти.

Гохида "лола", гохида "опиум" номи билан аталган инқилоблар оммавий талон-тарожлик, бошбошдоқсизлик, зўравонлик ва қароқчилик билан тугагани бугун ҳеч кимга сир эмас. Масъулиятсизликка асосланган ҳаракатлардан оддий одамлар азият чекди, холос. Афсуски мамлакат ўша масъулиятсиз сиёсат гирдобидан тўла қутула олгани йўқ.

Айни пайтларда эса Қирғизистонда сиёсий танглик юз бераяпти, дейишга асос йўқ. Чунки унинг юзага келиши учун на Атамбаев, на Сўўронбай Жээнбеков жамоатчиликнинг кучли қўлловига эга. Иқтисодий ўсиш Атамбаев даврида ҳам кузатилмаган, Жээнбеков ҳокмиятга келган бир ярим йилдан бери ҳам кузатилаётгани йўқ. Халқ қашшоқлашгандан қашшоқлашиб бораяпти.
Бошқа томондан, Атамбаев ва Жээнбеков ўртасидаги зиддиятни Қирғизистон шимоли ва жануби ўртасидаги сиёсий элита ва кланларнинг давлат бошқаруви ва бизнес соҳасидаги рақобати деб ҳам тушунса бўлади. Эътибор берсак, Жээнбеков жанубдан чиққан кадр, Атамбаев эса шимоллик. Бир вақтлар шимоллик Асқар Акаев жанублик Абсамат Масалиев ўрнини эгаллаган, 2005 йили Акаевнинг ағдарилиши Қурманбек Бақиев бошлиқ жанубий клан ҳокимияти ўрнатилишига олиб келди. Бу бир-бирини чалиб йиқитиш ўйини кимнингдир сиёсат майдонидан “қизил карточка” олиб чиқишига сабаб бўлаётган эсада, халқ фаровонлигига хизмат қилаётгани йўқ. Бемақсад ва бемаврид курашлар кимларнингдир чўнтагини қўппайтиришга хизмат қилаяпти холос.

Сўўронбай Жээнбеков ким аслида?
Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, Сўўронбай Жээнбеков катта сиёсат сари йўлини оддий ўқитувчиликдан бошлаган. 2007 йилда вазир даражасига кўтарилган, Қирғизистон Қишлоқ Хўжалик вазири этиб тайинланган. 2010 йилги инқилоб ортидан, 5 йил жанубий Ўш вилоятига ҳокимлик қилган. Бунинг ортидан, Алмазбек Атамбаев уни Бишкекка чақириб олган. Унга аввалига кадрлар масаласини ишониб топширган, кейин 2018 йил март ойида президент маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини этиб тайинлаган. Орадан бор-йўғи бир ой ўтиб, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Бош вазири даражасига кўтарилган. Президент сайловига ўз номзодини илгари суриш учун август ойида Бош вазирликдан истеъфо берган. Унинг бутун сиёсий карьераси Алмазбек Атамбаев номи билан чамбарчас боғлиқ экани айтилади. Хабарларга кўра, Ўшда Жээнбековлар клани катта қудратга эга, деб кўрилади. Маълум бўлишича, укаси Асилбек Жээнбеков 2011-2016 йиллар оралиғида Қирғизистон парламенти спикери бўлган. Акаси Жусупбек Шарипов Қирғизистоннинг Қувайтдаги элчиси бўлади.

Марҳум акаси Канторо Шариповнинг Жалол-Обод шаҳридаги Молия институти ректори бўлгани айтилади. Сўўронбай Жээнбеков бир қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлади, рафиқаси ҳеч ерда ишламайди, уй бекаси.

Атамбаев қандай ҳаракатларда айбланмоқда?
Бош прокурор Жамшитовнинг сўзларига кўра, Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга беш эпизод бўйича айблов қўйилиши мумкин. У гап Қўй-Таш қишлоғида ер участкаларини ноқонуний эгалланиши, жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Бишкек Иссиқлик Электр Станцияси модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилиши ҳамда тадбиркор Субихи Пархати иштирокидаги коррупция факти ҳақида бораётганини таъкидлади.

Қизиғи шундаки, президентлик сайловларида Алмазбек Атамбаев номзод Сўўронбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаган, “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ўз қарорини “инсон хатога йўл қўйиб туриши” билан изоҳлади. «Пайғамбаримиз мен ҳам инсонман ва мен ҳам хато қиламан, деб айтган. Мен пайғамбар эмасман. Атрофимдаги дўстларимга қаранг... Энг яқин дўстим Сўўронбай Жээнбеков эди, иккинчиси – Исо Омуркулов.Бироқ мен одамларнинг ҳаракатларини олдиндан кўра билмадим», - деди у.

Мозийга назар
Бирмунча муддат сиёсий мухолифатда бўлган Атамбаев биринчи сайланган президент, 2005 ва 2010 йилларда инқилобни бошдан кечирган мамлакатдаги ҳокимиятни тинч йўллар билан топширган давлат раҳбари. Баъзилар уни мамлакатни барқарорликка етаклаган давлат раҳбари сифатида эътироф этишади, айримлар фикрича эса у мамлакат ривожига халар берган ва коррупциянинг кучайишига имкон берган “сиёсий ғўрлик” рамзи. Шу сабабли коррупцияга алоқадорликда айблов бўйича Атамбаевнинг бир неча яқин сафдошлари қамоққа олинди. Масалан, июнь ойи бошида президент аппарати ҳузуридаги суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлимининг собиқ раҳбари Манасбек Арабаев ҳисбга олинган. Сапар Искаков ва Жантўра Сатибалдиевга коррупция айбловлари қўйилди. Уларнинг иккалови ҳам Атамбаев даврида бош вазир курсисида ўтиришган. Ўтган йили божхона хизматининг собиқ раҳбари Адамкул Жунусов ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Икромжон Ильяминов қамоққа олинган.

Апрел ойида Қирғизистон парламенти мамлакатнинг собиқ президентларини жавобгарликка тортишга изн берувчи қонун лойиҳаларини маъқуллади. 16 май куни уни президент Жээнбеков имзолади. Шу қонун асосида Атамбаев собиқ президент мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Янги қонунга кўра, собиқ президент энди мутлоқ дахлсизликга эга бўлолмайди. Ҳар қандай собиқни жиноий жавобгарликка тортиш учун парламент унга нисбатан ўта оғир жиноят содир этиш айбловини илгари суриши, уни ўз навбатида Бош прокуратура тасдиқлаши лозим. Бундан ташққари, қабул қилинган қонунга биноан, собиқ президент сиёсий, давлат ҳокимият органларида махсус давлат лавозимини эгалламаслиги, сиёсий партиянинг раҳбар органларида раҳбар лавозимларида турмаслиги ёки бошқа йўллар билан сиёсий партия фаолиятида иштироок этмаслиги лозим. Қабул қилинган қонуннинг моҳияти ҳам ҳокимиятдан тинч йўл билан кетган ягона президентнинг сиёсий майдонга қайтишига йўл бермаслик эканини яққол кўрсатиб турибди.

Абдували Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи
Human.uz колумнисти



Мавзуга оид