Жаҳон 1288 09.04.2019 12:39:30

БМТ: Мьянмадан Рокҳайн аҳолиси ўққа тутилаётганига доир ташвишли хабарлар келмоқда

БМТ: Мьянмадан Рокҳайн аҳолиси ўққа тутилаётганига доир ташвишли хабарлар келмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мьянманинг Рокҳайн штатида зўравонликларнинг янги оқими вужудга келаётганидан чуқур ташвишда эканини билдирди. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги томонларни тинч аҳоли яшаш ҳудудларини ўққа тутиш амалиётига зудлик билан барҳам бериш, уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган фуқаролар муҳофазасини таъминлашга чақирди.

Мьянманинг «Татмадау» армияси ҳарбийлари ва «Аракан роҳинжаларини қутқариш армияси» аъзолари ўртасидаги тўқнашувлар тинч аҳолини ўлдириш, уйларга ўт қўйиш, ҳибсга олишлар, одамларни ўғирлаш, аҳоли пунктларини ўққа тутиш каби жиноятларга сабаб бўлмоқда. Жанговар ҳаракатлар оқибатида Рокҳайн ва Чин штатларидаги турли этник гуруҳлар вакиллари жабрланмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Бошқармаси ихтиёридаги маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Бутидаунг, Ратедаунг, Киауктау, Мрау-У ва Ситуэ туманларида жанговар ҳаракатлар авж олгани 20 мингдан ортиқ инсон кўчишига олиб келган. Ҳукуматнинг январь ойида мамлакат шимолига гуманитар ёрдам етказишни чеклагани эса, уларнинг аҳволини янада ёмонлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил давомида Мьянмада диний негиздаги жиддий инқироз ҳукм сурмоқда. Роҳинжа халқи исёнчи гуруҳларининг полиция постларига ҳужумидан сўнг авж олган зиддият 2017 йил 25 августида бошланган эди. Мамлакат ҳукумати у ерда оммавий қатлиом, зўравонликлар ва жинсий тажовузлар билан давом этган махсус амалиёт ўтказди.

Ҳарбийлар роҳинжалар яшаб келган бутун бошли қишлоқларни йўқ қилиб юборгани ҳақида хабар қилинди. Натижада юз минглаб мусулмонлар Бангладешга қочишга мажбур бўлди. Қолганлари Мьянманинг ўзида ташкил этилган қочқинлар лагерларида бошпана топди.


БМТ Мьянма роҳинжа