Жаҳон 1299 09.04.2019 08:10:36

ХВЖ: Коррупция кенг ёйилган мамлакатда солиқ кам тўпланади

ХВЖ: Коррупция кенг ёйилган мамлакатда солиқ кам тўпланади

Солиқ тўловчиларнинг маблағлари мулозимлар чўнтагини қаппайтириши керак эмас. Аксинча, улаарни мактаблар, йўллар ва шифохоналар қуриш учун ишлатиш лозим. Халқаро Валюта жамғармасининг коррупцияга доир навбатдаги ҳисоботида шу ҳақда сўз боради. Ташкилот экспертларига кўра, бугунги кунда дунёда коррупциядан батамом ҳоли бирорта мамлакат мавжуд эмас. Бироқ, унинг ҳажми давлатдан-давлатга фарқланади. 

«Биз 180дан ортиқ мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилиб чиқиб, коррупция даражаси юқори бўлган давлатларда солиқлар кам тўпланади, деган хулосага келдик. Чунки, одамлар солиқ тўламаслик учун пора беришади. Улар “хизмат ҳақи” эвазига қонунчиликда атайлаб қолдириб кетилган “тирқиш”лардан фойдаланишади. Бундан ташқари, солиқ тўловчиларнинг аксарияти давлат идоралари коррупциялашган, деган ўйда солиқ тўлашни исташмайди», - дейилади Халқаро Валюта жамғармаси ҳисоботида. 

Умуман, коррупция даражаси паст бўлган мамлакатлар коррупция юқори бўлган мамлакатларга қараганда ЯИМнинг 4 фоизи миқдорида кўпроқ солиқ йиғишади. Бунда гап иқтисодий бир хил тараққий этган мамлакатлар ҳақида гап бормоқда. 
 
Мисол учун, «Грузияда коррупция пасайгани ортидан солиқлар тушуми икки карра ошган». Руандада ҳам коррупцияга қарши чоралар ўз самараси бериб, солиқ тушумлари ЯИМнинг 6 фоизини ташкил этган. 

Жамғарма ҳисоботида, шунингдек, коррупция қандай давлатларда юқори эканига ҳам ойдинлик киритилган. Унга кўра, табиий захиралари кўп мамлакатларда коррупция кўпроқ урчиган. 

«Нефть ёки тоғ-кон ҳудудларини ўзлаштириш катта фойда келтириши сабабли коррупцияга туртки беради. Тадқиқотларимиз кўрсатишича, бундай мамлакатлар бирмунча заиф бошқарув институтларига эга бўлиб, уларда коррупция даражаси юқори бўлади», - дейишган халқаро экспертлар. 

Бироқ, бу хулоса Норвегияга тегишли эмас. У табиий захираларни бошқариш соҳасида улкан шаффофликка эриша олган. 
 
Мутахассисларга кўра, коррупция ривожланган давлатларда солиқ тўловчиларнинг пуллари “хизмат ҳақи”га ёки давлат харидларидаги фирибгарликларга сарфланади. 


ХВЖ солиқ коррупция

Мавзуга оид