Жаҳон 168 12.06.2019 12:47:00

ЮНИСЕФ: Болалар далада меҳнат қилиш ўрнига фақат орзу қилиши керак

ЮНИСЕФ: Болалар далада меҳнат қилиш ўрнига фақат орзу қилиши керак

Бугун 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни. Болалар меҳнатидан фойдаланиш инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг оғир кўринишларидан бири сифатида эътироф этилади. Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг 32-моддасида қайд этилишича, боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниши шарт. Шунингдек, модданинг қуйи бандларига мувофиқ ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш ёки энг кичик ёшларни белгиланиши, кундалик вақтдаги ишнинг муддати ва меҳнат шароитига доир зарур талабларни аниқ кўрсатилиши керак.

Афсуски, дунёда болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш, меҳнатига яраша пул тўламаслик, уларни жисмоний оғир ишларга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти 2002 йилдан буён 12 июнь санасини «Халқаро болалар меҳнатига қарши кураш куни» сифатида ўтказади. Бундан кўзланган асосий мақсад — бу муммога жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратган ҳолда уни бартараф этиш чораларини кўришдан иборат.

Ҳар йили 12 июнь куни фуқаролик жамияти вакиллари, иш берувчи ва ишчилар уюшмалари ҳамда миллионлаб инсонлар болалар меҳнатига қарши курашиш учун бирлашадилар.

2015 йилда 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган ва бу мақсадларнинг 8 таси 2030 йилга келиб болалар меҳнатидан фойдаланишга буткул чек қўйишга йўналтирилган. ЮНИСЕФ ушбу режани амалга ошириш учун барча мамлакат ва ташкилотларни бирдамликка чақиради.

БМТнинг болалар ташкилоти 2019 йил 12 июнь мавзусини «Болалар далада ишлаши эмас фақат орзу қилиши керак» деб атади.

ЮНИСЕФ тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда 218 миллион 5-17 ёш орлиғидаги бола ишлашга мажбур бўлмоқда. Шундан 152 миллион нафари (88 миллион нафари ўғил, 64 миллион қиз болалар) замонавий қуллик қурбонига айлантирилмоқда. 73 миллион нафари эса хавфли бўлган меҳнат билан шуғулланади. Болалар меҳнатини иқтисодиётнинг барча секторларида учратиш мумкин. Бироқ ҳар 10 нафар меҳнат қилувчи боладан 7 таси қишлоқ хўжалигида ишлайди.


Мавзуга оид