Жаҳон 152 09.06.2019 08:48:30

Жаҳоннинг илк цирки ҳайвонлар хизматидан воз кечди

Жаҳоннинг илк цирки ҳайвонлар хизматидан воз кечди

Узоқ асрлик тарихга эга цирк томошаларини одамлар от, фил, маймун, шернинг чиқишларисиз тасаввур қила олишмайди. Бироқ Германиянинг Ронкалли цирки босқичма-босқий бу анъанага чек қўймоқда. Бу ерда энди жонли ҳайвонларнинг нурли тасвирларини кўриш мумкин бўлади.

Технологияларга асосланган янгича шоуларда ҳам одамлар олов ҳалқадан сакраётган шер ёки доира бўйлаб ҳаракатланиб, машқларни бажараётган фил ва бошқа акробат ҳайвонларнинг чиқишлари мавжуд. Фақат энди улар ҳақиқий эмас. Айтиш жоизки, томошага ташриф буюрувчилар сони аввалгидан ҳам кўпроқ. 
D1522_6_016_0004_600.jpg

Ўз мухлисларини 1976 йилдан хурсанд қилиб келаётган Ронкалли цирки раҳбарияти мазкур қарорлари орқали цирк саноатида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинишига қарши эканликларини намойиш қилишмоқда. 

Ронкалли цирки ташаббуси билан махсус тасвирни 32 метрлик томоша майдончасига узатувчи 11 та лазерли проекторлар ҳамда томошаларнинг уч ўлчамли голографик тасвирлари ишлаб чиқилди. Бўйига 5 метр бўлган бу тасвирни майдон бўйлаб 360° даражада томоша қилиш мумкин. 
main_900.jpg

Сўнгги вақтларда жаҳон миқёсида ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш жиддий масала сифатида жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Ўтказилган намойишларда иштирокчилар циркларнинг ҳайвонларни қийнаши, оч қолдириши ва санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитда сақлашларига қарши чиқишган. 

Бир муддат аввал мазкур ҳаракат фаоллари Миср эҳромлари ҳудудида туя ва отда сайёҳларга транспорт воситаси сифатида хизмат кўрсатишни кескин танқид остига олишган. Уларнинг сўзларига кўра, бунинг ортидан ҳар йили кўплаб жониворлар нобуд бўлишмоқда. 
original_open-uri20190530-12249-lsl0mh.jpg

Айрим давлатлар цирк саноатида ҳайвонлардан фойдаланишни тўлиқ назоратга олган. Хусусан, Буюк Британияда 2020 йилдан томошаларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича қонун имзоланган. 

Сизнинг-ча, "Тошкент цирки"да аҳвол қандай? Сиз циркларда тутқунликдаги ҳайвонлар ўрнига нурли тасвирлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлайсизми? Фикрларингизни ижтимоий тармоқдаги саҳифамизда шарҳ сифатида қолдиринг. 


Мавзуга оид