Ўзбекистон 174 07.05.2019 09:52:49

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига Президент совғалари топширилмоқда

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига Президент совғалари топширилмоқда

Айни кунларда фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 74 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган вилоятида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ва байрам совғаларини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ўз навбатида, фахрийлар тинч ва бахтли турмушимизга шукрона айтмоқда.

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров Поп, Чуст, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Тўрақўрғон туманларида бўлиб, уруш қатнашчилари ва ногиронларига Президентимизнинг 7,5 миллион сўм миқдорида пул мукофотларини тантанали топширди, байрам табрикномаларини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, кир ювиш машинаси ва бошқа совғалар ҳам тақдим этилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Тўрақўрғон тумани “Куймозор” МФЙ, Мустақиллик кўчаси, 5-уйда истиқомат қилаётган 94 ёшли 1-гуруҳ уруш ногирони Сайфиддин ота Нуриддинов 8 йил деганда урушдан қайтди ва 58 йил ўқитувчилик қилди. Шу касбнинг орқасидан рўзғори тўкис бўлди, 8 фарзандни вояга етказди. Бугун ўз яқинлари, элимиз ардоғида, давлатимиз ғамхўрлигида эъзозу эҳтиромда умргузаронлик қилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтга отланган минглаб наманганликлар жанггоҳларда ҳалок бўлди, бедарак йўқолди. Оиласи бағрига омон қайтган ёши улуғ дуогўйларимиз сони бугунги кунда 48 нафарни ташкил этади. Уларнинг 20 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 24 нафари Иккинчи жаҳон уруши ногирони, 2 нафари Ленинград қамали ва яна 2 нафари концлагерларда тутқунликда бўлган шахслардир.

Уруш фахрийларига Президент табрикномаси ва пул мукофотларини етказишга бағишланган тадбирлар давом этмоқда


Иккинчи жаҳон уруши Наманган

Мавзуга оид