Ўзбекистон 115 07.05.2019 08:53:30

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ушбу Қонуннинг мақсади ваколатли органларнинг аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларини тартибга солишдан, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашдан иборат.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади. Ҳужжат мақсадлари учун 18 ёшга тўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар ҳам аёл деб эътироф этилади.

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишари қуйидагилардан иборат:

аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги қонунийликни, шунингдек иш жойлари ва таълим муассасаларидаги муносабатларни мустаҳкамлаш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш учун самарали қонунчилик механизмларини яратиш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахсларнинг, шунингдек аёлларга тазйиқ ўтказадиган ва зўравонлик содир этадиган шахсларнинг хулқ-атворини тузатиш юзасидан тадбирлар амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам кўрсатиш, реабилитация қилиш учун асослар яратиш ҳамда аёллар тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига айланиш хавфини камайтириш;

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида турли институтлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ички ишлар органлари, Меҳнат органлари, Таълим органлари, Соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари тасдқиланди.


хотин-қизлар қонун

Мавзуга оид