Ўзбекистон 764 06.05.2019 14:24:27

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурига ажратилган маблағлар ноқонуний сарфлангани фош бўлди

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурига ажратилган маблағлар ноқонуний сарфлангани фош бўлди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Китоб туман бўлими ходимлари томонидан “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури бўйича фуқароларга “Иссиқхона” қуриш учун ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан мониторинг ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Текширувлардан шу нарса маълум бўлганки, туманда тузилган ишчи гуруҳ ва банк ходимлари томонидан кредит олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг эҳтиёжмандлиги жойига чиқиб ўрганилмасдан ва кредит ажратилишига оид ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги текширилмасдан кредитлар ажратилган.

Оқибатда “Иссиқхона” қуриш учун AT “Халқ банки” Китоб филиалидан 11 нафар фуқарога 147 млн. сўм кредит маблағлари ноқонуний ажратилиб, кредитларнинг мақсадсиз сарфланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан AT “Халқ банки” Китоб филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 2 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда тижорат банклари орқали барча ҳудудларга 6 триллион 200 миллиард сўм ёки 700 миллион доллардан зиёд ресурслар ажратилган. Йиғилишда ушбу маблағларни ўзлаштириш қониқарсиз ташкил этилгани ёки ўз ҳолига ташлаб қўйилгани таъкидланган эди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун Республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилган эди.

Маълумот ўрнида: 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури қабул қилинган, барча ташкилий, молиявий чоралар белгилаб берилган эди. Жорий йил 7 мартда бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат – давлат раҳбарининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


Бош прокуратура Халқ банки