Ўзбекистон 217 03.04.2019 17:36:57

Ёшлар ва хотин-қизлар манфаатлари бешта ташаббус бўйича қамраб олинади

Ёшлар ва хотин-қизлар манфаатлари бешта ташаббус бўйича қамраб олинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш бўйича ҳудудий “йўл харита”ларини тасдиқлаш кўзда тутилган. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланган. Янгидан қуриладиган, реконструкция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказлари манзилли рўйхати ҳам шакллантирилган.

Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида яқин 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш белгиланган. 

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилмоқда.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.

Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёлларни банд этиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда ушбу корхоналарни пухта ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, уларда ишлаб чиқариладиган товарлар бозорини, яъни аниқ харидорини топиш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилиб, дастурлар лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.


Шавкат Мирзиёев дастур

Мавзуга оид