Ўзбекистон 296 02.05.2019 18:17:39

Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-мажлисида қатнашиш доирасида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Томонларнинг сиёсий иродаси ва олий даражадаги фаол мулоқот ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда савдо, инвестиция, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳалар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа йўналишларда қўшма дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро алоқалар салоҳияти рўёбга чиқмоқда.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Сергей Лавров Россия Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда барқарорлаштиришга кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериши ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув якунида мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишлари алоҳида таъкидланди.


Ўзбекистон-Россия ташқи ишлар вазири

Мавзуга оид