Ўзбекистон 410 03.04.2019 11:40:30

ХМТ: Ўзбекистонда 2018 йилги пахта йиғим-теримида болаларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўйилмади

ХМТ: Ўзбекистонда 2018 йилги пахта йиғим-теримида болаларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўйилмади

Халқаро меҳнат ташкилотининг 2018 йил учун эълон қилинган ҳисоботида жорий йил пахта йиғим-теримида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга мунтазам ёки тизимли равишда йўл қўйилмаган. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилотининг Жаҳон банкига тақдим этган ҳисоботида маълум қилинган.  

Ушбу хулосага 11 минг нафар гувоҳнинг кўрсатмаси асосида келинган.

“Бу шуни кўрсатадики, мамлакат пахта далаларида меҳнат ҳуқуқлари бўйича кўзга кўринарли ислоҳотлар олиб борилмоқда”, дейилади маълумотда.

Мазкур ҳисобот Брюсселда ўтган халқаро конференцияда эълон қилинган. Ушбу анжуманда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, шу билан бирга, ХМТ, Еврокомиссия ҳамда Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.

“2018 йилги пахта йиғим-теримида иштирок этганларнинг 93 фоизидан кўпроғи мажбурий меҳнатга жалб этилмаган. Талабалар, ўқитувчилар, шифокор ва ҳамшираларни тизимли жалб этиш ҳам тўхтатилган”, дейилади ҳисоботда.

Аммо, кузатувчиларнинг фикрига кўра, давлат идоралари, муассасалар ва корхоналар ходимларини жалб қилиш ҳали ҳам маҳаллий даражада амалга оширилмоқда. Илгари катта муаммо бўлган болалар меҳнати умуман кузатилмаган.   

“2018 йилдаги пахта терими Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши муваффақиятли курашда муҳим босқич бўлди. Бироқ теримчиларнинг муайян қисми (7 фоизи), яъни 170 минг одам киши пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилинган”, – дейди ХМТ бош директори ёрдамчиси ва Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хайнц Коллер.


Халқаро меҳнат ташкилоти мажбурий меҳнат