Ўзбекистон 544 30.04.2019 18:43:35

Президентнинг Сурхондарё сафари қисқа сатрларда

Президентнинг Сурхондарё сафари қисқа сатрларда

Олдин хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича аввал берилган топшириқлар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 30 апрель куни Сурхондарё вилояти келди.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи давомида Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясини бориб кўрди. Президент топшириғига мувофиқ, аввалига Тўпаланг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бири қарийб 38 мегаватт бўлган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этиляпти. Шу тариқа энергия олиш қуввати жами 250 мегаваттга етказилади.

Президент сув омборлари тўғонларини мустаҳкамлаш ва доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, илмий ишланмалар асосида улардан фойдаланиш коэффицентини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди.

Шарғун кўмири коннинг асосий захираси томон туннел қазиб борилмоқда. Ҳозиргача 2 километрдан зиёд шундай йўл қурилди. Яна 1,5 километрдан сўнг, 33 миллион тонналик асосий кўмир захирасига етиб борилади.

Давлатимиз раҳбарига Сурхондарё вилоятида тошкўмир қазиб чиқаришни ривожлатиришнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Шарғун шаҳарчасини янгидан қуриш, тадбиркорлик ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Шавкат Мирзиёев Бойсун туманида янги ташкил этилаётган газ-кимё лойиҳаси билан танишди. Умумий қиймати 5,27 миллиард АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Президентга лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусида эришиладиган натижалар ҳақидаги тақдимот намойиш этилди.

Шу ерда Сурхондарё вилоятида 900 мегаватли иссиқлик электр станцияси қуриш, вилоятда саноат соҳасини ривожлантириш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш, 2019-2020 йилларда Бойсун туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, Сариосиё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Бойсун туманига ташрифи чоғида кекса авлод вакиллари, туман фахрийлари билан ҳам учрашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Музработ туманидаги «Янгиобод инвест сервис» хусусий корхонаси фаолияти билан танишди. Давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини кенгайтириш, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам шундай мажмуалар ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Сурхондарё вилоятида эртапишар маҳсулотлар етиштириш ва экспортга чиқариш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигига оид бошқа лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Президентимиз томорқачилик бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.


Президент Сурхондарё ташриф

Мавзуга оид