Ўзбекистон 189 27.04.2019 08:02:10

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Сувсоз” ДУКни қаттиқ огоҳлантирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Сувсоз” ДУКни қаттиқ огоҳлантирди

Тошкентда 24 апрелдан совуқ сув тарифлари нархи оширилгани, аммо аҳоли бу ҳақида 25 апрель куни огоҳлантирилгани хабари эълон қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.  

 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда «Тошкентда 24 апрелдан совуқ сув нархи ошди. «Сувсоз» бу ҳақда 25 апрель куни хабар берди» мавзусида 2019 йил 26 апрелда тарқалган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қилади. 

Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори талабларида янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур Қонун талаби доимий равишда назорат қилиб борилади. 

“Сувсоз” ДУК томонидан махсус устама нархлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон берилмай, “Тошкент оқшоми” газетасининг 2019 йил 9 апрелдаги 57-сонида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 2 апрелдаги “Тошкент шаҳрида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида”ги 499-сонли қарори чоп этилганлиги корхона томонидан эълон берилган, деб ҳисобланилган. Бу билан корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси талабларига амал қилинмаган. 

Юқоридагиларга мувофиқ, “Сувсоз” ДУК томонидан Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизмати тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш бўйича www.suvsoz.uz веб-сайт орқали 2019 йилнинг 25 апрелида истеъмолчиларга эълон берилганлигини инобатга олиб, амалга киритиладиган янги нарх (тариф, махсус устама)ларни мазкур эълон берилган санадан ўн беш кундан кейин, яъни 2019 йининг 10 майидан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида Қўмита томондан “Сувсоз” ДУКга тегишли кўрсатма берилганлиги маълум қилинади. 

"Қўмита кўрсатмаси “Сувсоз” ДУК томонидан бажарилмаган тақдирида корхонага нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилиши билдирилади", - дейилади изоҳда.


Монополияга қарши курашиш қўмитаси Сувсоз ДУК