Ўзбекистон 2314 02.04.2019 15:49:30

Гулнора Каримова қайси қамоқхонада экани маълум бўлди

Гулнора Каримова қайси қамоқхонада экани маълум бўлди

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич фарзанди Гулнора Каримова қайси қамоқхонада экани маълум бўлди. У Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги аёллар колониясига келтирилган. 

Каримованинг адвокати Grégoire Mangeat ўзининг Twitter саҳифасида ёзишича, унинг мижози 2019 йил 1 апрель куни айни қамоқхонага келтирилган. 

Grégoire Mangeat “Каримова Зангиотадаги 21-сонли аёллар қамоқхонасида. 2-кун”, - дея твит қолдирган.
draka52650.jpg
Халқаро адвокат, 1 апрель куни “Каримова ҳозиргина Зангиотадаги 21-сонли аёллар қамоқхонасига келтирилди. Бизнинг мижозимиз билан учрашиш учун қулай фурсатга ҳаракат қиляпман”, - деган қайдларни қолдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

Кейинроқ, Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Ўзбекистоннинг янги ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Гулнора Каримовага имкон берди ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Кейинги вақтларда Гулнора Каримова ўз қизи Имон билан бир уйда яшаб келди, Имон ҳам ижтимоий тармоқдаги чиқишларида онаси муддатидан олдин шартли равишда озод қилинганидан кейин, 2018 йил июни охиридан буён Тошкент шаҳри ҳудудидаги хонадонда яшаётганини тасдиқлаганди.

Бироқ Гулнора Каримова қонунларни бузишда давом этди ва ўзига берилган имконни йўқотди. У ўтган даврда бўлгани каби қонунларни менсимасликни оддий ҳолатдек билиб, чекловларни бузди. 

Натижада, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузган Гулнора Каримова энди унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини - 4 йилдан ортиқроқ муддатни умумий тартибли колонияда ўтайди.

Гулнора Каримова триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланган.

Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.


Гулнора Каримова Зангиота

Мавзуга оид