Ўзбекистон 158 25.04.2019 18:22:36

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғуртани 2021 йилдан жорий этиш бошланади

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғуртани 2021 йилдан жорий этиш бошланади

Жорий йилнинг 25 апрель куни Тошкентда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилиш мавзусида олий даражадаги сиёсий мулоқотлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Унга молиявий ислоҳотлар ва мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун масъул бўлган вазирлик ва идора вакиллари, шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания, Латвия, Корея Республикаси каби етакчи мамлакатлар мутахассис ва экспертлари, халқаро молия тузилма вакиллари таклиф этилди.

Мулоқот давомида соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилишнинг асосий кўринишларидан бири давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича «ҳар бир даволанган ҳолат» учун тўлаш тизими ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш ишлари бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, республикада мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш мақсадида жорий йилдан тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ушбу жараённи 2021 йилдан жорий этиш бошланади ва биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Мулоқотда ушбу жараёнда, аввало, мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Соғлиқни сақлаш хизматлари учун барча ресурслар (даромад манбаларидан қатъий назар)ни тақсимлашда тенглик ва самарадорлик максимал даражада ҳисобга олинади.

“Бўлиб ўтган мулоқотларда соҳани молиялаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, мажбурий тиббий суғурта ҳамда электрон соғлиқни сақлашни жорий этиш каби масалалар яна бир бор атрофлича муҳокама этилди. Ўтган давр мобайнида жаҳон тажрибаси ва халқаро экспертлар таклифлари асосида ишлаб чиқилган соғлиқни сақлашни молиялаштириш ҳамда мажбурий тиббий суғуртани жорий этишга қаратилган стратегияга юқори баҳо берилди”, - дейилади хабарда.

Қизғин кечган мулоқотда Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов, ЖССТнинг иқтисодий масалалар бўйича етакчи эксперти М. Якаб, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Л.Куппенс, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов иштирок этди.


мажбурий тиббий суғурта саломатлик