Ўзбекистон 144 25.04.2019 16:44:54

Бош прокуратура департаментнинг сохта ходимлари ушланганини маълум қилди

Бош прокуратура департаментнинг сохта ходимлари ушланганини маълум қилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва Юқоричирчиқ туман прокуратураси ходимлари томонидан ҳамкорликда “А.Б.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.М.нинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўтказилган тезкор тадбирда, аслида, “К.И.” МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи фуқаро Р.Н. “М” кафесига овқатланиш мақсадида кириб, таомларни сифатидан норозилиги ва кафега келган мижозларга НКМ чеки берилмаётганлигини важ қилган. Ўзини “Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходими Рустам” деб таништириб, ғазнада турган НКМ аппарати ва кафега тегишли бўлган тиббий дафтарчани олиб қўйган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан баённома расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик эвазига фирибгарлик йўли билан ўзининг жиноий шериги, ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаро А.Р. орқали 1 млн. сўм олган вақтида Департамент органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.Н. ва А.Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, агарда Сиз юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз ёки Сизга номаълум шахслар ўзини Департамент ходими дея таништириб, таъмагирлик қилаётган бўлса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қисқа рақамли 10-07 ёки Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингизни сўраймиз!”, - дейилади Бош прокуратура хабарида.


Бош прокуратура департамент фирибгарлик