Ўзбекистон 85 25.04.2019 08:02:12

Кореяда ўзбекистонлик расмий меҳнат муҳожирлари сонининг ошиши кутилмоқда

Кореяда ўзбекистонлик расмий меҳнат муҳожирлари сонининг ошиши кутилмоқда

Жанубий Кореядаги хорижликларнинг миқдорига кўра  ўзбекистонликлар бешинчи ўринда туради. Жанубий Корея Адлия вазирлигининг расмий маълумотларига таянилса, бу борада Ўзбекистон ҳамда Филиппин давлатлари ягона поғонадан ўрин эгаллашган. Уларнинг ҳар биридан Жанубий Кореяга ўртача ҳисобда 55 минг нафар фуқаро ташриф буюрган. Eurasianet.org ресурси маълумотларига қараганда, бу рақам мамлакатдаги жами хорижликларнинг 3 фоизини ташкил қилади.
Корея Республикасидаги ваколатли давлат органларининг маълум қилишларича, мамлакатдаги Ўзбекистон фуқаролари сони амалда 55 мингтадан анча юқоридир. Сабаби, сўнгги йилларда Кореяга Марказий Осиё давлатларидан турли йўллар билан кириб келаётган ва расмий статистикага киритилмаган ноқонуний меҳнат муҳожирлари сони кескин ортиб бормоқда.

Экспертларнинг фикрига кўра, тез орада Кореядаги ўзбекистонликлар сони янада ошиши кутилмоқда. Сабаби, расмий Сеул айни пайтда Тошкент билан Корея Республикасида қонуний меҳнат қилишни хоҳлайдиган ўзбекистонликлар сонини ошириш юзасидан янги шартномаларни имзолаган. Хусусан, Корея президенти Мун Чжэ Иннинг шу йилнинг 18-21 апрель кунлари Ўзбекистонга  амалга оширган давлат ташрифи мобайнида меҳнат ва бандлик соҳасида ҳам янги битимлар имзолангани айтилмоқда. Умуман, бу борада Корея томони доимо Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаган.
Сўнгги йилларда Жанубий Корея хорижлик меҳнат муҳожирларини ўзига кўпроқ жалб қилмоқда. Адлия вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатдаги хорижликлар сони ярим миллион нафарга кўпаймоқда. Мисол учун, 2005 йилда бу ерда 910 минг нафар чет эллик яшаган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 2.5 миллион нафарга яқинлашган.

1995-2017 йилда 46806 нафар ўзбекистонлик муҳожирлар Жанубий Кореяда расман меҳнат қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Айни пайтда уларнинг сони 21 минг нафарга яқин. Ҳар йили 3 минг нафарга яқин ўзбекистонлик Кореяда меҳнат қилиш учун шартнома имзолайди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига кўра, йилига 90 минг нафарга яқин ўзбекистонлик Жанубий Кореяда меҳнат қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказиладиган имтиҳонда рўйхатдан ўтади.
Сонига кўра, Корея Республикасида Хитой фуқаролари энг йирик хорижий жамоа ҳисобланишади. Жанубий Корея давлатидаги ажнабийларнинг 50 фоизи, яъни бир миллион нафари Хитой фуқароларидир. Хорижликлар ўртасида сони бўйича кейинги ўринни Вьетнам ташкил қилади. 150 минг нафар вьетнамликлар жами хорижлик аҳолининг 7.3 фоизини ташкил қилган. Ундан сўнгги ўринда 140 минг нафар аъзодан иборат америкаликлар жамияти турибди. Таиландликлар сони эса деярли юз минг нафарга етади.


Корея муҳожирлар

Мавзуга оид