Ўзбекистон 143 25.04.2019 08:00:10

Давлат бюджети сарфланиши юзасидан тўртта ҳудуд қаттиқ танқид остига олинди

Давлат бюджети сарфланиши юзасидан тўртта ҳудуд қаттиқ танқид остига олинди

2019 йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар ўз конституциявий ваколатлари доирасида Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини кўриб чиқишди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О. Рустамов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Давлат бюджетининг маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрида қолдирилган қўшимча даромадлар ҳисобидан маблағларнинг сарфланиши юзасидан 4 та ҳудудда (Фарғона, Қашқадарё вилоятлари, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Сергели туманлари) ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, 49 млрд. сўмлик самарасиз сарфланган харажатлар, харид қилинган товар-моддий бойликлар камомади, қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшиб ёзишлар ва бошқа камчиликлар кузатилган.

Қўшимча манбаларнинг камида 40 фоизи, биринчи навбатда, аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига ажратилиши юзасидан ҳукумат топшириғи мавжуд бўлишига қарамасдан, ўрганилган ҳудудларнинг биронтасида ҳам ушбу йўналишга маблағ сарфланмагани ҳам халқ вакилларининг эътирозига сабаб бўлди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.


Олий Мажлис Ҳисоб палатаси