Ўзбекистон 115 25.04.2019 07:47:23

2018 йилда Ўзбекистон бюджетига 54 млрд. сўмдан зиёд солиқ тушумлари жалб қилинди

2018 йилда Ўзбекистон бюджетига 54 млрд. сўмдан зиёд солиқ тушумлари жалб қилинди

2019 йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар ўз конституциявий ваколатлари доирасида Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини кўриб чиқишди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О. Рустамов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Таъкидлаш жоиз, ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилди. Фракцияларда ўтказилган муҳокамаларда депутатлар парламент назоратини амалга ошириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини фаол жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқишди.

Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар, кўрилган чоралар ҳамда амалий ёрдам натижасида давлат бюджетига қўшимча 4 721,9 млрд. сўмлик даромад манбалари аниқланиб, ўтган йилда бюджетга режалаштирилган 9,1 трлн. сўм қўшимча манба ҳудудлар бўйича 9,8 трлн. сўмга таъминланди. Шунингдек, Давлат бюджети даромадларига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш ҳамда қўшимча захираларни сафарбар этиш бўйича тизимли назорат ўрнатилиб, республика бўйича 2018 йилда бюджетга 54 194 млрд. сўм солиқ тушумлари жалб қилинди (ЎР МБ курси 24.04.2019 да, 1 доллар = 8441.36 сўм).

Натижада маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарган қисми ҳисобидан 2017 йил ва ундан олдинги даврларда ҳудудий ҳокимликлар ихтиёрида 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳам қолмагани алоҳида таъкидланиб, 2018 йилда маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қарийб 5,6 трлн. сўм маблағлар қолдирилгани депутатлар томонидан эътироф этилди.

Шу билан бирга, парламент вакиллари йўл қўйилаётган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд дастакларни ишга солиш ўрнига давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилинишига йўл қўйилаётгани, мутасаддиларнинг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.


Олий Мажлис Ҳисоб палатаси