Ўзбекистон 173 24.04.2019 16:54:03

Тошкент ва Самарқандда Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиаллари очилади

Тошкент ва Самарқандда Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиаллари очилади

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Радиология тиббий тадқиқот миллий маркази бош директори, П.А.Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти директори, академик Андрей Каприн бошчилигидаги онколог шифокорлардан иборат делегация Ўзбекистонда бўлишди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Улар Ўзбекистондаги Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти билан танишишди.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов билан бўлиб ўтган мулоқотда бугунги кунда дунёда онкологик касалликлари билан касалланиш тобора ўсиб бораётгани таъкидланди. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 15 миллион нафарга яқин киши ушбу касаллик билан рўйхатга олинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозига кўра, 2020 йилга бориб саратон касаллигига чалинган беморларнинг сони 16 миллионга етиши мумкин. Шунинг учун саратон касаллигига қарши кураш, бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш комплекс ёндашувни талаб қилади. Бунда илғор хорижий тажрибани кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

“Дўстона руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва россиялик ҳамкасблар ординатура, аспирантура ҳамда докторантура орқали етук онколог ва радиолог шифокорларни тайёрлаш, радиотерапия бўлимларида ишлаш учун тиббий физик мутахассисларни етиштириш, онкологларнинг Россия клиникаларида стажировкасини ташкил этиш орқали юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни муҳокама қилдилар. Энг асосийси, бу борада П.А. Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти ўзбек ҳамкасблари учун ўқишни бепул ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди”, - дейилади хабарда.

Мулоқот чоғида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида П.А. Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиалларини очишга келишиб олинди. Бундан ташқари, илм-фан, телемедицина бўйича ҳафталик анжуманларни ташкил этиш, етакчи онколог-жарроҳлар билан биргаликда маҳорат дарслар ўтказиш, шунингдек, қўшма конференция, конгрес ва симпозиумларни мунтазам ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.


саломатлик онкология