Ўзбекистон 184 20.04.2019 12:34:32

Пойтахтда Корейс маданияти ва санъати уйи очилди

Пойтахтда Корейс маданияти ва санъати уйи очилди

Тошкент шаҳрида 20 апрель куни Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.

кор3.jpg

- Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари ва анъанавий корейс маданияти уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиққанининг ёрқин тасдиғидир, - деди давлатимиз раҳбари.

- Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва биродарлашган давлатларимизни боғлаб туради, - деди Мун Чжэ Ин.

Саҳнада корейсларнинг юртимизга кўчириб келиниши, халқимиз билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилди. 

кор4.jpg

Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 180 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшайди. Уларнинг уч юзга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда. 

Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан ҳам танишди. 

Корейс маданият ва санъат уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган.

кор5.jpg

Маълумотларга кўра, бугун куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан танишишади.


Ўзбекистон-Жанубий Корея