Ўзбекистон 510 18.04.2019 21:39:00

Кўпчиликни чув туширган сохта ДХХ ходими қўлга олинди

Кўпчиликни чув туширган сохта ДХХ ходими қўлга олинди

Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан олиб борган тезкор тадбирлари натижасида яна бир жиноятнинг фош этилишига эришилди.

2019 йилнинг 5 март куни фуқаро Мисиров Дилшод Мамашарибович Олмалиқ шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб таниши Имаржонов Турсунжон Иминжоновичга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрайди.

Ариза мазмунига кўра, Турсунжон Имаржонов таниши Дилшод Мисировнинг вояга етмаган фарзанди 2004 йилда туғилган  Мамашарипов Самандар Дилшод ўғлига «Вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш паспорти»ни қисқа муддат ичида «Олмалиқ шаҳар ИИБда ишловчи таниши» орқали расмийлаштириб беришини ваъда қилади. Бунинг эвазига эса, Ички ишлардаги танишига 3.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора сифатида бериши кераклигини, акс холда бу ишни битириш учун йиллар кетишини айтиб уйдурма тўқийди. Шу тарийқа, алдов йўли билан Дилшод Мисировдан 1.500.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ўзининг шахсий эхтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ўтказилган тезкор тергов ҳаракатлари давомида айбланувчи Имаржонов Турсунжон Иминжоновичнинг содир этган жиноятлар серияси фош этилди.

Алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан кўплаб фуқароларнинг  мулкини қўлга киритган, фирибгарликни ўзига касб қилган  Имаржоновнинг жиноятлар боғлами тергов жараёнида маълум бўлади.

Унинг қуйидаги ишлари фош бўлади:

- Ўзини Давлат органи ходими сифатида таништириб, фуқарога нисбатан олиб борилаётган суриштирув ишини, қисқа муддат ичида ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2.000.000 сўм;

- Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқаргани учун жарима майдонига қўйилган автомашинани Ички ишлардаги таниши орқали олиб чиқиб бериши эвазига 300 АҚШ доллари;

- Давлат органи ходими номидан фуқарога тегишли уяли алоқа воситасини олиб қўйиб, моддий манфаатлари йўлида 400.000 сўм эвазига сотиб юбориш;

- Транспорт воситасига белгиланган миқдордан ошиқча йўловчи олган фуқарога тузилган маъмурий баённомани, Ички ишлардаги таниши орқали ҳеч қандай жарима тўламаган ҳолда ҳал қилиб бериши эвазига 200 АҚШ доллари; 

- ДХХ тезкор вакили лавозимида ишлашини айтиб, фуқарога нисбатан ИИБ томонидан олиб борилаётган суриштирув ишини қисқа муддат ичида ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 3.500.000 сўм миқдоридаги пулларни талаб қилганлиги ва бу пулларни кўп қисмини қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборганлиги фуқаролар тасдиғида ўз исботини топади.

Жиноятга жазо муқаррар...

Бироқ шуни таъкидлаш ўринлики, содир этилган битта жиноят ҳам кўп. Ҳар бир жиноятни содир этилмасдан аввал олдини олиш муҳим вазифадир. Бунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки фуқароларнинг ҳам доимий ҳушёрлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ҳурматли фуқаролар!.. Алданиб қолманг!.. Ўз ҳуқуқингизни яхши англанг!



Тошкент вилояти фирибгарлик жиноят

Мавзуга оид