Ўзбекистон 119 18.04.2019 14:29:32

Устаси фаранг тадбиркорлар

Устаси фаранг тадбиркорлар

Ногиронлар имтиёзларидан фойдаланаётганлар фош бўлди
Бухоролик эр-хотин Маҳмуд ҳамда Мунаввар Қаландаровалар жорий йилда тадбиркорликни кичик сомсахона очишдан бошлади. Давлат солиқ қўмитаси профилактика текширувларини бошлангунга қадар барчаси тўкис, бир текис кечаётган эди.
Солиқ хизмати ходимлари аниқланишича, ишини эндигина бошлаган тадбиркорлар ногиронлар ишончига кириб, уларнинг бизнесга оид имтиёзларидан усталик билан фойдаланаётган экан. Улар тадбиркорлик фаолиятини I гуруҳ ногирони Ихтиёр Авазов номига расмийлаштириб, ҳар ой тўланиши керак бўлган 750 минг сўм ўрнига 100 минг сўм атрофида солиқ тўлаётган экан, дейилади Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Солиқ қўмитаси вакиллари мазкур ишга оид яна қатор янгиликларни тақдим этди: маълум бўлишича, фуқаро Авазовнинг ота-онаси оғир хасталикка чалинган, аёли эса ногирон. Шунингдек, унинг қарамоғида 2 нафар фарзандлар бор. Танг аҳволига қарамай Авазов эр-хотин тадбиркордан ҳеч қандай фойда улушини олмаган.
Айни пайтда Бухоро вилоятида 1 300 дан ортиқ I ва II гуруҳ ногирон тадбиркорликка оид имтиёз ва преференциялардан фойдаланяпти. Бироқ афсуски, юқоридаги каби ҳолатлар ҳам талайгина эканлиги ачинарлидир.
Жумладан. Бухоро шаҳридаги “Карвон” бозори тадбиркорлари фаолиятини ўрганиш натижасида бир қанча шу каби қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, Лилия Ҳамроева ҳам ўзи савдо қилаётган дўконини I гуруҳ ногирони Фания Мавлонова номига расмийлаштирган. Ўзи эса ёлланма ишчи сифатида рўйхатдан ўтган. Текширувлар давомида Ҳамроева қилган қонунбузарлигини тан олди ҳамда дўконни ўз номига расмийлаштирди.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 375 моддасида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланиши белгиланган.
Мазкур имтиёзлардан ҳам ўз мақсадида фойдаланаётганлар топиляпти.
Мисол учун, 2017 йилда “Марказий” деҳқон бозорида ўз дўконини касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зиёда Нарзиева номига расмийлаштирган фуқаро Файзия Раҳимова ҳам 6 ой давомида солиқ тўламай келган. Солиқ қўмитаси вакиллари билан ўтказилган суҳбатдан сўнг, тадбиркор аёл фаолиятини қонунийлаштирди.
Худди шундай ҳолат Жондор тумани Пўлоти қишлоғилик Ҳусан Шамшиев билан ҳам содир бўлди. Ҳамқишлоғи Раъно Баҳриев Ҳусан Шамшиевга берилган имтиёздан фойдаланиб, унинг номига “Марказий” деҳқон бозорида дўкон очди. Олиб борилган тушунтирув-текширув тадбирлари натижасида Раъно Баҳриева савдо объектини ўз номига расмийлаштирди.
(хабарда келтирилган исм-шарифлар шартли равишда ўзгартирилган)


Устаси фаранг тадбиркорлар