Ўзбекистон 438 18.04.2019 14:48:42

Ўзбекистонда баъзи сайтларни блокланиши билан боғлиқ масала юзасидан расмий баёнот берилди

Ўзбекистонда баъзи сайтларни блокланиши билан боғлиқ масала юзасидан расмий баёнот берилди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини сайтларни блокламасликка ва ОАВ ҳақидаги қонунни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш масаласида ўз муносабатини билдирган эди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда ««Ozodlik», Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Uzmetronom», «Фергана.ру» ва бошқа онлайн-нашрлар ҳамон блокда.

Арлем Дезир, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматини блокланган сайтларга киришни қайта тиклаш ва мамлакатда ахборот олиш ҳамда фикр билдириш эркинлигига алоқадор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатларни ислоҳ қилишга чақирган эди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ўз расмий баёнотини эълон қилди.

“Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги жамиятни демократлаштириш, мамлакатда ОАВнинг ролини ошириш ва ошкораликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, журналистлар мавқеи ва давлат органлари очиқлик даражасини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили А. Дезирнинг баёнотини билан танишиб чиқди ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиқади.

Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили билан ҳар қандай масалада мулоқот қилишга ва ахборот соҳасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга доимо тайёр”, - дейилади баёнотда.


Комил Алламжонов ЕХҲТ