Ўзбекистон 403 18.04.2019 10:23:03

Газ идораси ходимлари томонидан ортиқча ҳисобланган 1 832 705 сўм истеъмолчига қайтарилди

Газ идораси ходимлари томонидан ортиқча ҳисобланган 1 832 705 сўм истеъмолчига қайтарилди

Қарши шаҳри, “Маҳаллот” МФЙ, А.Яссавий кўчаси, 14-уйда яшовчи Абдураҳим Каримовнинг хонадонига 2015 йилнинг сентябр ойида газ идораси ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, катта миқдорда жарима белгилаб берилди.
Ҳисобланган жарима ва қарздорликни хонадон эгасининг нафақасидан ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқарилиб, 2017 йилнинг 31 май кунига қадар 2 998 628 сўм мажбурий тартибда ушлаб қолинди. Қизиғи бундан А.Каримовнинг мутлақо хабари бўлмаган. Нафақасидан газ учун тўловлар кетма-кет ушлаб қолингандан кейингина унинг сабабини суриштиришни бошлаган.
Мазкур масала бўйича йўлланган мурожаат Қарши шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижаларида ушбу фуқаро хонадони 2016 йил апрель ойидан буён газ тармоғидан узиб қўйилганлиги, газ назоратчилари томонидан унинг хонадонига бормасдан далолатнома расмийлаштирилганлиги аниқланди. Янада ажабланарлиси, ушбу далолатномани газ идораси мутасаддилари топиб беришолмаган, дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабарида.
Хуллас, ўрганишлар жараёнида А.Каримовнинг нафақасидан 1 832 705 сўм газ тўлови учун ортиқча ушлаб қолинганлиги аниқланди ва ортиқча тўловни истеъмолчи фойдасига ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан даъво қаноатлантирилиб, ортиқча ундирилган тўловни истеъмолчи фойдасига ундириш тўғрисида қарор чиқарилди.


Истеъмолчи ундириб берилди

Мавзуга оид